10:00 / 21.11.2020
34645

«Тошкент сити» ўрнида бўлган ресторан учун ҳамон компенсация тўланмаяпти. Бино бузилганига 3 йил бўлди

2017 йилда «Тошкент сити» қурилиши муносабати билан бузилган ресторан учун шаҳар ҳокимлиги 14,8 млрд сўм компенсацияни тўлаб бермаяпти. Суд қарори ва ижро варақаси эса МИБда «осилиб» ётибди. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 917 та кўчмас мулкига, транспорт воситаларига банд солиб қўйилган. Аммо...

2017 йили пойтахт марказида «Тошкент сити» қурилиши муносабати билан ҳудуддаги кўплаб бино-иншоотлар бузиб ташланган эди.

Kun.uz'га мурожаат қилган «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ масъулларининг айтишича, уларга тегишли бўлган «Мармарис» ресторани ҳам «сити» қурилиши муносабати билан бузилган.

Корхона юристи Санжар Муҳаммаджоновнинг айтишича, ресторан 2017 йилда, Тошкентнинг ўша вақтдаги ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг шахсан ўзи ва прокуратура ходимлари келганидан сўнг, ҳокимият вакиллари томонидан ҳеч қандай тўлов берилмасдан бузиб ташланган. Фирма эса ресторан ичидаги мебеллар ва идиш-товоқларни олиб чиқишга улгурган, холос.

Фурқат кўчаси 2-уй манзилида жойлашган ресторан «Veritas» МЧЖ баҳоловчи ташкилоти томонидан 14 млрд 856 млн сўмга, етказилган зарар миқдори эса 2 млрд 377 млн сўмга баҳоланади.

Ресторан мулкдори етказилган зарарни қоплаб беришни сўраб, «Тошкент сити» дирекцияси, Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва унинг ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш марказига мурожаатнома ва талабномалар беради.

Барча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилгач, «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритади. 2020 йил 8 июл куни суд жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳисобидан «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ фойдасига 14 млрд 856 млн сўм компенсация тўлови ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

Эътиборли жиҳати шу кунга қадар шаҳар ҳокимлиги на қарордан норози бўлиб юқори инстанцияга шикоят киритган, на тадбиркорнинг пулини тўлаб берган.

«Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ юристи Санжар Муҳаммаджоновнинг айтишича, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида» қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, ижро ҳужжатининг талаблари ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат [15 кун] тугагандан эътиборан кўпи билан 2 ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.

Лекин иш борасида 2020 йил 13 август куни суднинг ҳал қилув қарорини қабул қилиб олиб, ўша куни ижро ишини қўзғатиш бўйича қарор қабул қилган Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бўлими эса орадан 3 ой ўтган бўлса-да ундирувни таъминлаб бера олмаяпти.

«Бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига, Молия вазирлигига, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатасига, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатга ҳам мурожаат қилдим. Лекин ҳеч ким амалий ёрдам беролмаяпти», – дейди Санжар Муҳаммаджонов.

Kun.uz сўровига биноан МИБнинг Чилонзор туман бўлими давлат ижрочилари Одил Садатов ва Ахролхон Рустамхўжаевлар масала юзасидан изоҳ берди.

Уларнинг айтишича, ижро иши 13 август куни МИБнинг Чилонзор туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ўша куниёқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига нисбатан ижро иши қўзғатилиб, электрон тизим орқали ҳокимликка юборилган. Ҳокимиятга қарздорликни ихтиёрий қоплаш учун 15 кун муддат берилган.

«Айни вақтда Тошкент шаҳар ҳокимлигига нисбатан 150 дан ортиқ мулкий тусдаги ижро ишлари мавжуд. Шунга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 917 та кўчмас мулкига тегишли тартибда банд солиб қўйилган. Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига юборган сўровимиз асосида ҳокимликнинг автотранспорт воситаларига ҳам банд солинган.

Айнан «Меҳнат Агрофирмаси»га келадиган бўлсак, Муниципал активларни бошқариш маркази ушбу фирма бино-иншоотларни олмаслиги, компенсацияни пул кўринишида олмоқчи экани ҳақида жамғарма ҳудудий кузатув кенгаши раиси Хотамбек Шакиров номига хат жўнатган.

Масалан, ўзим ҳам «Меҳнат Агрофирмаси» юристи билан боғланиб, Муниципал марказга боришни таклиф қилган эдим. Марказ сизнинг 15 миллиард сўмлик қарзингизга тенг қийматлик бино-иншоотларни таклиф қилади, деганман. Шундан кейин юрист ўйлаб кўрай деди; бир қанча вақтдан сўнг менга алоқага чиқиб бино-иншоот олмаслигини, уларга пул маблағлари кераклигини айтди.

23 октябрда Муниципал марказ пул кўринишида қарзини олмоқчи бўлган ундирувчиларнинг барчаси қатори «Меҳнат Агрофирмаси»га ҳам пул ажратиш бўйича кузатув кенгашига хат берган. Энди жамғармага маблағ ажратилганидан кейин буларга ҳам пул ажратиб берилади», – дейди Одил Садатов.

У «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасида ижро этиш муддати 2 ой қилиб белгилангани ҳақида тўхталди.

«Бу икки ойлик муддат дегани шу муддатда ундириб бериши шарт дегани эмас. Ушбу қонунда муддатларнинг узилиши деган тушунча ҳам бор. Масалан, ҳокимликнинг 917 та кўчмас мулки рўйхати шакллантирилган, уларга ижро ҳаракатларини қаратиш учун бизда [МИБда] ишчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳ 917 та объектни кўздан кечириб чиқиши керак, бу эса вақтни олади.

Ишчи гуруҳга Кадастр агентлигидан ва Муниципал марказдан тегишли мутахассис жалб қилиш бўйича қарор чиқарганмиз. Буларни жалб қилиш ва келишиш муддатлари ундириш муддати бўлган 2 ойга кирмайди.

Ишчи гуруҳ ҳозирда фойдаланилмаётган ва бўш турган объектларни ажратиб олиб, уларни аукционга қўйиш орқали қарздорликни қоплашни режалаштирган. Ишчи гуруҳ фаолиятини бошлаган, мен ўзим ҳар куни улар билан боғланиб, иш қандай кетаётганини сўраб тураман. Ҳозир ундирувчиларга фаол тарзда қарзларни тўлаш бошланган, ушбу фирмага ҳам яқин 1-2 ойларда пул тўлаб берилади», – деди МИБ ходими.

Одил Садатов қарздорнинг банд солинган мулклари ижрога қаратилмасдан иш ёпилгунига қадар туриши мумкинлигини маълум қилди.

«Банд солинган автомобил ёки кўчмас мулкка нисбатан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш мумкин эмас. МИБ портал дастури бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарздорми, демак, қарздорлик ишларининг барчаси ёпилмагунга қадар, ҳокимлик мулкларига нисбатан нотариал ҳаракатларни амалга ошира олмайди. Чунки дастурда тақиқлар қўйилган», – дейди давлат ижрочиси.

Садатовнинг айтишича, ҳокимликнинг ҳисоб рақамига ҳозирча инкасса қўйилмаган.

«Бу борада Бюджет кодексига мувофиқ бир қанча аниқлик киритиш керак бўлган ҳолатлар бор, буни кўриб чиқишимиз керак. Ҳокимлик ҳузурида бюджетдан молиялаштирадиган бир қанча ташкилотлар ва лойиҳалар масаласи ҳам бор...

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарздорлигига доир ишларимизнинг кўплиги ижро муддати чўзилишига сабаб бўляпти», – қўшимча қилди Одил Садатов.

Айни пайтда, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўлими мутахассиси Саидмурод Бобохоновнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат баҳсли бўлиб, «Мармарис» ресторани давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилмаган, балки унинг ҳудуди бошқа тадбиркорга берилган. Шу сабабли унинг компенсацияси ўша тадбиркордан ундириб олингандан сўнг тўланиши керак.

Биз ҳокимлик вакилига суднинг ҳал қилув қарори чиқиб бўлгани, судда Тошкент шаҳар ҳокимлиги компенсация миқдорига эътироз билдирмаганини эслатдик. Бунга жавобан, Бобохонов ҳокимлик суднинг ҳал қилув қарори устидан юқори турувчи инстанцияга ҳам мурожаат қилиши мумкинлигини айтди.

«Ёки МИБ айтган вариант бўйича, банд солинган иншоотлар сотилгач, жамғармадан тўлаб берилиши ҳам мумкин», – дея сўзларини якунлади Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Саидмурод Бобохонов.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябр куни президент қарори билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига янги директор тайинланди.

Шу куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида суд ҳужжатлари ижроси мавзусида мажлис бўлиб ўтди. Унда МИБга 4 миллионга яқин ижро ҳужжатлари келиб тушгани, шундан 1,2 миллионтаси бажарилмагани танқид қилинди.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top