Иқтисодиёт | 18:24 / 04.11.2023
22238
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россиядан нефт импортини 3 баробарга оширади

2024 йилда Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга нефт хомашёси етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу – 3 ноябр куни Москвада имзоланган уч томонлама ҳужжатда қайд этилган.

Фото: Энергетика вазирлиги

Ҳужжатни РФ энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Павел Сорокин, Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев ва Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Ерлан Аккенженов имзолади.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ҳужжатда келишувни амалга оширишда “Омск – Павлодар – Чимкент – Шагир” нефт қувури орқали юк ташишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Шартномада томонларнинг узоқ муддатли асосда 2024 йилда ва кейинги йилларда нефт хомашёси етказиб беришни 1 миллион тоннага етказиш бўйича тижорат шартномаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши белгиланган. Жумладан, нефт хомашёсининг ўзаро мақбул нархини келишиш ҳамда унинг ҳажмини оширишни ҳисобга олган ҳолда, томонларнинг мамлакатлари ҳудуди бўйлаб нефт хомашёсини тўлиқ ҳажмда тўсқинликсиз ташиш таъминланиши айтилмоқда

Бу шартнома бензин ишлаб чиқаришнинг кўпайишига, Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ҳам кенгайтиришга имкон бериши кутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2023 йил учун Россия ва Қозоғистондан 300 минг тоннадан нефт харид қилиш бўйича келишувлар тузганди.

Сентябр ойида Россия бензин экспортига тақиқ киритиши ортидан, октябр ўрталарига келиб Ўзбекистонда бензин нархлари ошиши кузатилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Россиядан илк марта табиий газ импортини йўлга қўймоқда. Икки йиллик дастлабки шартномага асосан, Россия Қозоғистон орқали Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард куб метр газ етказиб беради.

Мавзуга оид