Ўзбекистон | 17:50 / 11.09.2025
11145
3 дақиқада ўқилади

«433 млн сўмлик мукофот пули». Стандартлар институти раҳбариятига катта миқдорда устама ҳақи ёзиб келинган

2024 йил ноябрдан 2025 йил мартгача бўлган 5 ой давомида Стандартлар институти собиқ директори Д. Қодиров 468,6 млн сўм даромад олган. Шундан 433,8 млн сўм мукофот пули. Шунингдек, директор ўринбосари А. Самижоновга 482,9 млн сўм, А.Давировга 412,8 млн сўм миқдорида устама ҳақи тўланган. 

Фото: Ўзбекистон стандартлар институт

Стандартлар институти раҳбарияти ва айрим ходимларига 2024–2025 йилларда бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан катта миқдорда қўшимча устама ҳақлар тўланган. Бу ҳақда Ishonch.uz ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Ҳисоб-китобларга кўра, институт директори вазифасини бажариб келган (собиқ) Д. Қодиров 2024 йил ноябрдан 2025 йил мартгача бўлган 5 ой давомида жами 468,6 млн сўм даромад олган. Шундан 433,8 млн сўм бюджетдан ташқари маблағлардан мукофот сифатида тўлаб берилган.

Институтнинг бошқа ходимларига ҳам йирик миқдорда устама ҳақлар берилган:

  • Г.Газиев (собиқ директор) – 142,6 млн сўм;
  • А. Самижонов (директор ўринбосари)– 482,9 млн сўм;
  • А.Давиров (директор ўринбосари) – 412,8 млн сўм;
  • Ж.Умурзоқулов (бўлим бошлиғи)– 293,3 млн сўм;
  • Ф.Ашуров (бўлим бошлиғи)– 412,8 млн сўм;
  • Ж.Ахматов (бўлим бошлиғи) – 471,1 млн сўм;
  • М.Мирзоидов (бўлим бошлиғи) – 477,2 млн сўм;
  • Н.Худайходжаева (бухгалтер) – 227,8 млн сўм;
  • Н.Хусанбаев (директор ёрдамчиси) – 199,2 млн сўм.

Умумий ҳисобда, институт ходимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан жами 3,7 млрд сўмдан ортиқ қўшимча устама ҳақлар тўлангани қайд этилган.

Бундан ташқари, 10 нафар ходимга жами 3,1 млрд сўм миқдоридаги маблағлар рағбатлантириш учун сарфланган.

Стандартлар институти ахборот хизмати ушбу маълумотларни тасдиқлади.

«Юқоридаги ҳолатлар "Ўзбекистон стандартлар институти" давлат муассасасида содир этилган бўлиб, агентлик томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади расмий изоҳда.

Маълумот учун, 2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 5 млн 982 минг сўмни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (10 млн 138 минг), Навоий (7 млн 486 минг) ва Тошкент вилоятида (5 млн 674 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (4 млн 148 минг), Сурхондарё (4 млн 256 минг) ва Наманган (4 млн 350 минг) вилоятларида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (UzTest) давлат муассасаси бош директори Жамшид Ғаниевнинг ҳам 2022 йил март ойидан 2023 йил мартига қадар 12 ой давомида жами 551 млн 660 минг сўм маош олгани фош бўлганди

Мавзуга оид