Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Стандартлар институтидаги ностандарт устамалар. Ташкилот ходимларига 483 млн сўмгача қўшимча пул берилган
2024 йил ноябридан 2025 йил мартигача бўлган даврда Стандартлар институти раҳбариятига катта миқдорда устама пули ёзиб келинган. Хусусан, ташкилот собиқ директори Д. Қодиров 5 ой ичида 468 миллион сўм пул олган. Шундан 433 миллиони – мукофот. Унинг ўринбосарлари Самижоновга 483 млн сўм, Давировга 413 млн сўм устама ҳақи берилган. Оддий ўқитувчи ёки шифокор бунча пулни йиғиш учун қарийб 10 йил ишлаши керак.
Ўзбекистон бой мамлакат эмас. Шу жиҳатдан ҳам расмий, ҳам норасмий секторда фаолият олиб бораётган аксарият ходимлар катта даромад топмайди. Тўғри, охирги йилларда ойликлар сезиларли даражада ошди, аммо маошлар ҳали ҳам дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан бир неча каррага кам. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 5 млн 982 минг сўмни ташкил этган. Бунда ўқитувчи ва шифокорларнинг даромадлари мос равишда 4,1 млн сўм ва 3,7 млн сўм.
Аммо Ўзбекистон стандартлар институтида бундай «ўртача» маош тушунчаси мавжуд бўлмаганга ўхшайди. У ердаги устамалар нафақат халқникидан фарқ қилади, балки оддий ўқитувчи ва шифокор йиллаб топа олмайдиган даражада юқори бўлган.
Ижтимоий тармоқлар орқали сизиб чиққан маълумотларга кўра, институт раҳбарияти ва айрим ходимларига 2024 йилнинг ноябридан 2025 йилнинг мартигача бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан шундай миқдорда устама ҳақлар берилганки, оддий ишчилар уни ҳатто тушида ҳам кўрмаса керак. Мисол учун, собиқ директор вазифасини бажариб келган Д. Қодиров 5 ой ичида 468 миллион сўм пул олган. Шундан 433 миллиони – мукофот. Яъни амалда ойлиги атиги 4 миллион бўлган оддий ўқитувчи ёки шифокор бу пулни йиғиш учун қарийб 10 йил ишлаши керак. Д. Қодиров эса атиги 150 кунда шу натижага эришган. Бундай маблағ унга қайси «меҳнат унумдорлиги» учун берилгани номаълум.
Қодиров кўп пул топадиганлар рўйхатида ёлғиз эмас. Унинг ўринбосарлари Самижоновга 483 млн сўм, Давировга 413 млн сўм устама ҳақи берилган. Шунингдек, ташкилотда бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Мирзоидов 477 млн сўм, Ахматов 471 млн сўм, Ашуров 413 млн сўм, Умурзақулов 293 млн сўм қўшимча даромадга муносиб топилади. Ҳатто директор ёрдамчиси ҳам 200 миллионга яқин мукофот олган.
Умумий ҳисобда, институт ходимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан жами 3,7 млрд сўмдан ортиқ қўшимча устама ҳақлар тўлангани қайд этилган. Бундан ташқари, 10 нафар ходимга жами 3,1 млрд сўм миқдоридаги маблағ рағбатлантириш учун ажратилган.
Ўз-ўзидан савол туғилади: бу қандай «рағбат» ўзи? Нима каромат кўрсатгани учун юқорида номлари тилга олинган амалдорларга жуда катта миқдорда пул берилган? Ёки бу ҳам институтнинг ўзига хос «стандартлаштириш» ишларининг бир қисмими?
Стандартлар институти ахборот хизмати юқоридаги маълумотларни тасдиқлаган ҳолда агентлик томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилганини маълум қилди. Ҳолат тўлиқ текширилиб, вазиятга аниқлик киритилиши лозим.
Мавзуга оид
14:07 / 12.11.2025
Энди ЧҚБТ раҳбарларига ҳам ойига 20 фоизгача устама тўланади
09:17 / 05.11.2025
Тўққиз давлат фирибгарларга қарши кенг кўламли амалиёт ўтказди
09:24 / 28.10.2025
Мактаб директорлари ва ўринбосарларига KPI асосида ҳар ойлик устама жорий этилди
09:36 / 10.10.2025