Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (UzTest) давлат муассасаси бош директори Жамшид Ғаниевнинг ойлик даромадлари бўйича маълумот тарқалди.

Унга кўра, Ғаниев UzTest'даги фаолияти учун 2022 йил март ойидан 2023 йил мартига қадар 12 ой давомида жами 551 млн 660 минг сўм маош олган. Биргина жорий йилнинг январ ойидаги маоши 50 976 280 сўм, феврал ойидаги маоши эса 84 908 480 сўм чиққан.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази" давлат муассасаси директори Ж. И. Ғаниевнинг жорий йил январь ва февраль ойларидаги даромадлари тўғрисидаги турли маълумотлар бўйича Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Айни пайтда мазкур ишчи гуруҳ Марказ ходимларининг доимий ойлик маошлари бўйича тўлиқ ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Расмий саҳифаларимиз орқали ўрганишлар якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади”,дея маълум қилинди UzTest'нинг Telegram-каналида.

Аввалроқ, UzTest бош бухгалтери ўзига январь ойида 157,6 млн сўм, февраль ойида 310,8 млн сўм миқдорида ойлик ёзгани ҳақида хабар берилганди.

Kun.uz қўшимча маълумот олиш мақсадида UzTest ахборот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, ҳали ишчи гуруҳ томонидан ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим қилинмаган.

“Ҳар бир деталь текшириляпти”

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Рауфжон Расуловнинг маълум қилишича, 2-3 кун ичида ишчи гуруҳнинг ўрганишлари юзасидан батафсил маълумот берилади.

“Ушбу масалани ўрганиш мақсадида ўтган ҳафта Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти томонидан ишчи гуруҳ тузилди. Ҳозирда тўланган ойликлар қаердан келди, нима учун шунча миқдордан ёзилди, мана шу ва бошқа жиҳатлар ўрганиляпти. Ҳали иш охирига етмади. Қонуний жиҳатдан ҳар бир деталь текшириляпти. Масалан, сертификатлаш жараёнида бухгалтер иштирок этмаслиги керак. Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи белгиланган, шундан келиб чиқиб давлат ташкилотларида ишловчи ходимларга ҳам маош тўланади. Бу ерда жуда катта иш бор. Икки-уч кун ичида ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини тугатади”,