Ўзбекистон | 18:50 / 24.03.2022
31399
23 дақиқада ўқилади

“Ёпиқлик томон ташланган қадам” — ИИВ киритмоқчи бўлаётган тақиқ танқидга учради

Қатор фаолларнинг фикрича, ЙПХ ходимининг видеосини интернетга берухсат қўйишни тақиқлаш – нафақат очиқлик сиёсатига, балки қонунларга ҳам зид.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ИИБнинг хизмат машинаси туман марказидаги асосий кўчага чиқувчи маҳалла йўлини сабабсиз тўсиб тўхтаган, йўлга чиқа олмай қолган ҳайдовчи сигнал бергач, ЙҲХБ бошлиғи келиб унинг машинасини жарима майдонига қўйганди. Янги тартиб кучга кирса, бу каби ҳолатларда видеони тарқатишдан олдин ЙҲХ ходимидан рухсат сўраш керак бўлади.

Ўзбекистонда хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб, уларнинг рухсатисиз интернетда тарқатиш тақиқланиши мумкин. Шу мазмундаги ҳукумат қарори лойиҳаси интернет фойдаланувчиларининг танқидига учради.

Kun.uz мавзу юзасидан ижтимоий тармоқ фаоллари билдирган фикрлар ва уларга ички ишлар вазирининг матбуот котиби берган жавобни ҳавола этади. Аввалига эса бу мавзунинг икки муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим:

  • Бу лойиҳага асос бўлган, президентнинг “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 8 февралдаги ПҚ–118-сон қарори очиқ манбаларда йўқ.
  • Ички ишлар вазирлиги ЙПХ ходимларининг тасвирини уларнинг розилигисиз интернетга чиқаришни тақиқлашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида ўз сайтида ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам эълон қилгани йўқ.

“Касални яширган билан иситмаси ошкор қилади”

Сарвар Қурбонов, Energomenejer Telegram-канали муаллифи:

— Агар давлат хизматчиси ўз вазифасини ҳалол ва виждонан бажараётган бўлса, фуқаролар унинг фаолиятини ёки у билан мулоқот жараёнини видеога олса, бу фақат ва фақат ходимнинг фойдасига хизмат қилади. Қачонки, у қонун доирасида ҳаракат қилаётган, қонундан ташқарига чиқмаётган бўлса. Ходим ўзини муносиб тутган бўлса, видео тарқалган тақдирда ҳам унга ҳеч қандай “минус” бўлмайди.

Фуқаро қайсидир давлат хизматчисини видеога олиб тарқатяптими, демак, у нимадандир қониқмаган ёки унга нисбатан адолатсизлик қилган бўлиши мумкин. Ҳукумат қарори билан давлат хизматчисининг хизмат фаолияти видеога олиниши ва ушбу тасвирларнинг интернетда тарқатилишини тақиқлашга ҳаракат қилинаётгани қандайдир сирлар очилиб кетишининг олдини олиш, деб тушуниш мумкин.

Ички ишлар вазирлиги бундай ташаббус билан чиқишига сабаб соҳа қонун-қоидаларини яхши билмайдиган, ўз ишининг мутахассиси бўлмаган, коррупцияга мойил ЙПХ ходимлари ҳам борлигидир. Фуқаролар томонидан тарқатилаётган видеолар орқали уларнинг малакасизлиги ва қонунга зид ҳаракатлари фош бўлиб қолмоқда. Айрим пайтда унвони ва лавозими юқори ЙПХ ходимлари ҳам ҳайдовчилар билан муносабатда хатога йўл қўйиб, бунинг ортидан изза бўлиб қолаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Қолаверса, ходимлар хизмат ваколатларидан четга чиқиб, фуқароларга куч ва тазйиқ ўтказаётган ҳолатлар акс этган видеолар ҳам чиқиб кетмоқда. Шу сабабли ИИВ ЙПХ ходимларини видеога олишни тақиқлаш орқали тизим обрўсини сақлашга уринмоқда, назаримда.

Кейинги йиллардаги очиқлик ва жамоатчилик назорати таъсирида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати анча тартибга тушган, ходимлар ҳам ҳайдовчилар билан ўзларини босиб муомала қилишга мажбур бўлишаётганди. Агар ЙПХ ходимларини видеога олиш тақиқланадиган бўлса, уларни қонунга зид ҳаракатлардан тийиб турган жамоатчилик назорати механизми йўққа чиқади, бу эса яна бошбошдоқликка йўл очиши мумкин. Бунинг оқибатлари оғир бўлиши шубҳасиз.

ЙПХ ходимлари бошқа давлат хизматчилари сингари халққа хизмат қилиши керак аслида. Уларнинг вазифаси ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинишини назорат қилишдангина иборат. ИИВ ходимларини видеога олишни тақиқлаш ташаббуси билан чиқиш ўрнига уларнинг малакасини ошириш, соҳага оид қонун-қоидаларни пухта ўзлаштиришларига кўмаклашиш ҳақида бош қотиришлари яхшироқ, деб ўйлайман. Чунки касални яширган билан унинг иситмаси бир кунмас бир кун ошкор қилади.

“Интернетда тарқалаётган видеоларда халқ ҳайдовчиларнинг ўзини маломат қилаётган ҳолатлар кузатилаётганди”

Хуршидбек Марозиқов, тадбиркор, Fikrbank Telegram-канали муаллифи:

— Интернетда кейинги пайтда тарқалаётган, ЙПХ ходими ва ҳайдовчининг мулоқоти акс этган видеоларда ички ишлар ходимлари ҳақидаги тасаввурим яхши томонга ўзгарган. Тан олиш керак: сўнгги вақтда интернетда тарқалаётган, ЙПХ ходимлари қора қилиб кўрсатилган ҳамма видеоларда уларни тарқатган фуқароларни ҳақ деб бўлмайди. Хусусан, ўзим кўрган видеоларда, қўпол қилиб айтганда, тирноқ тагидан кир қидириш, атайлаб “ГАИ” ходимининг асабига тегиш ёки шантаж қилиш ҳолатлари кузатилаётганди.

Балки менга фақат шунақа видеолар кўрингандир. Бошқача вазиятни кўрсатадиган видеолар ҳам бордир, аммо мен кўрган ҳолатларда кўпроқ фуқаролар жанжал кўтариб, ички ишлар ходимини мувозанатдан чиқаришга уринганини ёхуд шантаж орқали жавобгарликдан қутулиб қолишга ҳаракат қилганини кўрдим. Бу эса менга маъқул бўлгани йўқ, очиғи. Фикримча, бу орқали жамоатчилик ҳам ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги ҳақида хулоса чиқараётганди.

Агар ИИВ мана шундай ҳолатлардан хавотирланиб, бунинг олдини олиш учун ЙПХ ходимларини видеога олишни таклиф қилиб чиққан бўлса, бу вазирликнинг зарарига ишлайди. Аксинча, интернетда тарқалаётган видеоларда халқ кўпроқ ички ишлар ходимларига хайрихоҳ бўлаётган, ҳайдовчиларнинг ўзини маломат қилаётган ҳолатлар кузатилаётганди. Буни видеоларга билдирилган изоҳлардан ҳам билиш мумкин.

Ходимларнинг фаолиятини видеога олишни тақиқлаш ўрнига очиқликни кучайтириб, тизимга доғ тушмаслиги учун эскича фикрлайдиган ходимларнинг дунёқарашини ўзгартириш керак, деб ҳисоблайман. Бу ҳаракат ИИВни халққа яқинлаштиради.

Шахсан ўзим билан содир бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб, ЙПХ ходимлари билан чиройли муомала қилинса, ҳеч қандай муаммо юз бермаслигига аминман. Сўнгги 4-5 йил ичида ЙПХ ходими билан қандайдир низоли ҳолатга борганимни эслай олмайман. Яъни яхши муомала қиладиган бўлсангиз, улар ҳам сизга чиройли муомала қилишади.

Танганинг ҳамиша икки тарафи бўлади. Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими муносабатида ҳамиша ҳайдовчи ҳақ бўлавермайди. Лекин мана шунинг учунгина фуқароларнинг хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимини видеога олишини тақиқлашни ҳам оқлаб бўлмайди.

“Бир қадам олдинга, икки қадам орқага”

Хушнуд Худойбердиев, ҳуқуқшунос, Xushnudbek.uz Telegram-канали муаллифи:

— Ички ишлар тизимини очиқ ва шаффоф, халққа яқин тизимга айлантириш бўйича кўп гапирилади. Тан олиш керак, анча ишлар қилинди ҳам. Буни айтмаслик инсофдан эмас, албатта. Аммо ўша эски даврни қўмсаб, яна ёпиқликни хоҳлаб қолганлар томонидан барча қилинаётган ислоҳотларни орқага қайтарадиган бир қарор лойиҳаси ишлаб чиқилибди.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида фуқароларга ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик мажбурияти юкланмоқда.

Муҳокама 29 мартгача давом этади.

Давлат бюджетидан, яъни халқнинг солиқларидан ойлик оладиган давлат хизматчилари ўз вазифасини бажараётган пайтда солиқ тўловчиларга видео ва фотога олишни ёки уни тарқатишни тақиқлаш Конституцияга ҳам зид. 29-моддага кўра, ҳар ким ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Конституциявий тузумга қарши қаратилган, давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина бу ҳуқуқ қонун билан чекланиши мумкин.

Бу ерда чеклов фақат қонун билан бўлиши керак, Вазирлар Маҳкамасининг бунга ваколати ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ. Наҳотки лойиҳа муаллифларининг шунга ақли етмаган?

ЙПХ инспекторининг ва ўзи умуман бошқа исталган давлат хизматчисининг ишдан ташқаридаги шахсий ҳаёти қонун билан ҳимоя қилинади, бунда албатта розилик шарт. Аммо ўз вазифасини бажараётганда чеклашга уриниш – бу орқага қайтиш дегани.

Бу худди болалигимиздаги бир воқеани эслатади. Мабодо коптокнинг эгаси футболда ютқазиб қўяверса, алами келганидан коптогини уйга олиб кетиб қоларди. Ундан кўра, яхшироқ ўйнашни ўрган, шунда ютқазмайсан, дейиш бефойда эди. Ички ишлар вазирлиги ҳам ўзича видеолардан аразлаб, қарор йўли билан буни тақиқлашга уринмоқда.

Бунақаси илгари ҳам бўлган. Ҳайдовчиларга орқа ён ойнага парда тақишни ноқонуний тақиқлаган вазирлик ҳамда ўша пайтдаги ЙҲХББ судларда кетма-кет ютқазгандан сўнг, ноҳақлигини тан олиш ўрнига, секингина ими-жимида ўзларининг фойдаси учун қонунга ўзгартириш киритиб олмоқчи бўлишганди. Бу ҳақда аввалроқ ёзганман. Лекин хайрият ўшанда уларнинг бу номардларча “юриши” ўхшамай қолганди.

Етар энди. Қачондир тугаши керак-ку, бунақа ишлар. Ҳадеб орқага қайтаверамизми?

Наҳотки ички ишлар тизимини халқнинг ҳақиқий мададкори ва дўстига айлантиришнинг бошқа бирорта йўли йўқ бўлса?

“Аксар видеолар ҳайдовчиларнинг саводхонлиги ошишига сабаб бўлмоқда”

Темур Аъзам, блогер:

— Хизмат вазифасини бажариш жараёнидаги ходимларни видеотасвирга олгандан сўнг унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларда тарқатганлар маъмурий жавобгарликка тортилишини нотўғри деб ҳисоблайман. Бундай таклиф нимадан келиб чиққанини кўпчилик яхши билади – видеолар чиқиши ортидан айрим ЙПХ ходимларининг хизмат вазифасига нолойиқ экани, соҳага оид ҳужжатлар билан танишмагани, бўлаётган ўзгаришлардан бехабарлиги тобора кўриниб қолди.

Шахсан ўзим билан ҳам бир неча марта шунақа ҳолат содир бўлди: йўл ҳаракати қоидаларида кўрсатилмаган айбловларни қўйиш, тегишли ҳужжатлар билан етарли даражада танишмаган ходимларга дуч келдим.

Масалан, блогер ходимни ҳақоратласа, камситса, турли монтажлар билан туҳмат қилса, жавобгарликка тортилиши керак. Аммо мавжуд ҳолатни ўзгаришсиз олиб чиқадиган бўлса, нега жавобгарликка тортилади?

Вазирлик блогерлар чиқараётган видеоларни диққат билан кузатиб, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириши, улар йўл қўяётган камчиликларни бартараф этиши тўғрироқ бўларди. Аммо улар энг осон – оғизни ёпиш усулини танлашди.

Ўзбекистонда цензурага йўл қўйилмаслиги Конституцияда белгиланган. Шунга кўра, қонунан тақиқланмаган нарсани ҳукумат қарори билан тақиқланиши тамоман нотўғри қарор. ИИВнинг бундай ташаббус билан чиқишига келтирилган асосий важ ходимларнинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсир қилаётгани экан. Аммо ишчанлигига таъсир қилмасин деб айрим ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларига нега кўз юмиб кетишимиз керак?

Очиқлик сиёсати кетаётган бир пайтда баъзи ташкилот раҳбарлари норасмий равишда бунга қаршилик қилганига гувоҳ бўлгандик. Бугунга келиб ИИВ очиқчасига цензурани ҳужжат билан тасдиқламоқчи бўляпти.

Юқорида айтилганидек, улар чиқаётган видеолардан мониторинг мақсадида фойдаланишлари, хизмат вазифасига лаёқатсиз ходимларни қайта ўқитиш бўйича ишни ташкил қилишлари тўғрироқ бўларди.

Шахсан ўзим бир қатор блогерларнинг видеоларини кўриб йўл ҳаракати қоидаларининг нозик жиҳатларини ўргандим, баъзи ходимлар усталик билан қўядиган “қопқон”ларни четлаб ўта бошладим.

Аксар видеолар ҳайдовчиларнинг саводхонлиги ошишига сабаб бўлди, тизимда бироз бўлса-да шаффофлик таъминланишига олиб келди.

Видеолар чиқиши тақиқланса, саводхонлик даражаси юқори бўлмаган ходимлар ўзи истагандек ишлашда давом этаверади. Ҳайдовчилар билими ошишига сабаб бўлаётган материаллардан бебаҳра қолади. Ва энг муҳими, очиқлик сиёсати бўйича орқага жуда катта қадам ташлаган бўламиз. Президент бир пайтлар айтган, орқага қайтилмаслиги ҳақидаги гапга тамоман зид иш бўлади...

“Ундан кўра ЙПХ ўз сафини профессионал, ҳалол кадрлар билан тўлдирсин”

Davletovuz Telegram-канали:

— Бу ёпиқликка, орқага ташланган қадам. ЙПХ ходими бюджетдан маош олиб, халққа хизмат кўрсатади. Уни уйида, ишдан бўш вақтида кимдир расмга олса ноқонуний, лекин хизмат вақтида, айниқса, қонунни бузаётган пайти тасвирга олиш ва уни тарқатиш жамоатчилик назоратига, шаффофликка қарши қадам.

Ундан кўра, ЙПХ ўз сафини профессионал, ҳалол кадрлар билан тўлдирсин, токи уларга ҳеч қанақа камера хавф бўлмайди, очиқликдан қўрқмайди. Бу ҳолат эса жамоатчилик кўзидан қочишга уринишдан бошқа нарса эмас.

“ЙПХ ходимларини тасвирга олиш – жамоатчилик назорати инструменти”

Шаҳноза Соатова, адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер:

— ЙПХ ходимларини фото-видеосуратга олиб, унинг розилигисиз тармоққа жойлаш ва тарқатиш тақиқланмоқчи. Бирор ойлар аввал ИИВ вазир ўринбосари ички ишлар ходимларини видеога олиб тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини айтганди. Бунга асос қилиб 118-сон Президент қарорини келтирди. Ўшанда ҳам жамоатчиликнинг норозилиги бўлган, ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазиятни юмшатиб, гап “таклиф киритиш” ҳақида кетаётганини айтганди, “ушбу таклиф ишлаб чиқилгач, лойиҳа шаклида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади... Шунда ҳам тўлиқ тақиқ бўлмайди, лекин қандайдир чегаралар қўйилади” деганди.

Ўшал кун келди. Тўлиқ тақиқ қўйишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Энди савол: Президент ва ҳукумат қарорлари қонундан устун бўла оладими?

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси:

  • “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”. (29-модда)

Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун:

  • Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга. (4-модда)
  • Очиқлик ва ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва ҳаққонийлик – ахборот эркинлигининг асосий принципларидир. (5-модда)
  • Ахборот очиқ ва ошкора бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно. (9-моддада махфий ахборот турлари саналади, ЙПХ ходимлари фаолияти бу рўйхатда йўқ)
  • Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди. (8-модда)

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра ички ишлар органлари “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартибда ўз фаолиятини олиб бориши керак.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принципларидан бири.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга кўра, жамоатчилик назоратининг асосий принципларидан бири жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги ҳисобланади.

ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатларини суратга олиш ва жамоатчилик муҳокамасига қўйиш жамоатчилик назорати инструменти аслида.

Қонунларда шунча рухсат бериб, очиқлик кафолатланиб турган шароитда қонуности ҳужжатлари билан очиқлик ва шаффофликка тақиқ қўйишга уринишни нима деб баҳолаш мумкин?

Албатта, ИИВ бу ишни амалга оширмоқчи бўлса, қонун билангина тақиқлаши мумкин, лекин амалда Парламент бунақа нормани ўтказмаслик эҳтимоли юқори.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эса жамоатчилик муҳокамасига қўйилган экан, унга жамоатчилик жиддий қараши керак.

Умуман, ушбу чекловларни белгилаш ЙПХ ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни исботлаш имконини чеклайди, илгари мавжуд бўлган назоратсизлик, “лимит”ни бажариш учун ёппасига рейдлар орқали жарималарга тортилишлар, протоколлар сонининг ошишига хизмат қилади, деб қўрқаман.

“ЙПХга ишонч пасаяди, бу тизимдаги виждонли ходимларга нисбатан адолатдан эмас”

Бахтиёр Шералиев, биолог, Hujayra.uz лойиҳаси муаллифи:

— Фикримча, ЙПХ ёки умуман ИИБ ходимларини хизмат вақтида видеотасвирга олишни чеклаш – тизимдаги ноқобил ёки вазифасига ноўрин келиб қолган, нопрофессионал кадрларнинг тизимга доғ туширувчи ҳаракатлари оммага ёйилишининг олдини олиш мақсадида қилинмоқда. Лекин кўриб турибмизки, касални яширган сари унинг иситмаси барибир касалликни ошкор қилмоқда. Тизимдаги ходимлар профессионал бўлса, нега видеога олишларидан қўрқишмоқда? Балки касалликни яшириш ўрнига уни даволаш вақти келгандир?

Одамлар нега видеотасвирга олмоқда, чунки айрим ходимларнинг нопрофессионаллиги, баъзи ҳолатларда мавжуд қонунларга мутлақо амал қилмаслиги ҳайдовчиларга маълум. Юқорида айтганимдек, ҳукумат оддий аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш йўлларини излаш ўрнига, тизимдаги кадрларнинг профессионаллиги устида кўпроқ бош қотирса фойдадан холи бўлмас эди. ЙПХ ҳам, ИИБ ҳам халққа хизмат қилади, халқ уларга эмас.

Бу каби ҳаракатлар Ўзбекистондаги энди-энди ниш ураётган сўз эркинлигини чеклаш, шу билан бирга жамиятдаги жамоатчилик назорати каби қиёси йўқ институтнинг фундаментал асосларига болта уришдан бошқа нарса эмас. Одамлар ИИБ ходимлари сўроқ қилгани олиб кириб кетган фуқароларнинг ўлик ҳолда қайтарилгани каби воқеаларни ҳали унутгани йўқ. Ҳукумат бундай қарор билан оддий одамлар орасида ЙПХ ва ИИБга нисбатан ишончни кескин тушириб юборади. Бундай қарорнинг қабул қилиниши оддий халққа, шу билан бирга ўша соҳада фаолият юритаётган виждонли ходимларга нисбатан адолатли эмас.

“ЙПХ ходимларининг шохи бормидики, уларни видеога олиб тарқатиш мумкин бўлмасин?!”

Умид Гафуров, Trolluz лойиҳаси муаллифи:

— Ҳар қандай давлат хизматчиси халққа хизмат қилувчи шахс ҳисобланади. Хизмат фаолиятига халал қилмасдан уни видеога олиш нормал ҳолат деб ҳисоблайман, чунки ҳар бир давлат органи ва унинг ҳар бир ходими жамоатчилик олдида ҳисобдор бўлиши шарт. Шу жумладан ЙПХ ходимлари ҳам.

Агар видеога олаётган шахс ЙПХ ходимларининг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилса ёки видео орқали уларга туҳмат қилса, бунинг учун шундоғам қонунларда жавобгарлик кўзда тутилган. Воқеликни бузиб кўрсатган ёхуд ходимларни обрўсизлантиришга уринган шахсларни ана шу қонун меъёрлари асосида ҳозир ҳам бемалол жавобгарликка тортиш мумкин.

Кўпинча интернетда тарқаладиган ЙПХ ходимлари билан боғлиқ видеоларда ходимларнинг ўзи қоидаларни билмаслиги акс этади. Шунингдек, видеога олувчилар ЙПХ ходимлари нотўғри ўрнатилган йўл белгилари асосида унинг жавобгарликка тортишга урингани, ушбу белгилар қаерда жойлашгани ҳақида бошқаларни огоҳлантиришни исташади. Бу орқали ҳақ-ҳуқуқларини ўрганаётганлар ҳам бор.

Ўзига тўғри бўлган ходимлар камерадан қўрқмайди ва ҳаётда буни кўриб турибмиз. Қолаверса, ЙПХ ходимларнинг шохи бормидики, уларни видеога олиб тарқатиш мумкин бўлмасин?! Шундай экан, бу жараённи тақиқлашга уриниш абсурддан бошқа нарса эмас.

Вазирлик нима дейди?

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов танқидларга қуйидагича жавоб қайтарди.

— [...] Масалага ойдинлик киритсак.

1. Ҳозирги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритишга “ихтисослашиб олган” ижтимоий тармоқ фаолларининг деярли барчасини ҳаракатлари амалдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга зид. Яъни ҳар қандай маълумот, фақат текширилиб, холислигига ишонч ҳосил қилинганидан сўнг, ахборот сифатида тарқатилиши шарт.

Бу қоидага риоя этиляптими? Аксарият ҳолда, йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг фаолияти тасвирланган видеолавҳалар, айнан зиддиятли, шов-шувли ёки ходимни обрўсизлантирувчи шарҳлар билан, иккинчи томоннинг муносабатисиз ижтимоий тармоқларда тарқатилиши давом этмоқда.

Ҳа, сиз тўғри тушундингиз. Киритилаётган янги нормасиз ҳам нохолис ахборот тарқатиш ноқонуний. Қани айтинг-чи, барча ижтимоий тармоқ фаоллари холисликка риоя қиляптими? Тўғри, ахборотга аниқлик киритиб, уни холис тарқатиш, ушбу контентга омманинг қизиқишини кескин пасайтириб юборади, бу эса томошалар сони қисқаришига, пировардида даромадни камайишига олиб келади. Лекин, ким айтди, давлат органи ходимини обрўсизлантириш орқали даромад топиш, бу очиқлик, деб?

2. Орқага қайтиш, жамоатчилик назоратини бўғиш бўлаётганлигини иддао қилаётган ижтимоий тармоқ фаолларига савол, сизга ким жамоатчилик назоратини олиб боришингизга тўсқинлик қилмоқда? Ходимнинг фаолиятига халақит бермаган ҳолда тасвирга олинг, ноқонуний ҳаракат бўлди десангиз, муносабат сўранг, шикоят қилинг, холис ахборотни қўлга киритганингиздан сўнг, тарқатиш масаласини кўтаринг. Ким сизга халақит беради? Тўғри озгина кўпроқ ишлаш керак, изланиш керак, суриштириш керак. Лекин, ким айтди, ахборот тарқатиш фаолияти, осон даромад манбаи, деб?

3. Кўчада атайлаб зиддиятли вазиятларни уюштириш, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик, ҳаттоки буни тарғиб қилиш, қоидани бузиб аламзада бўлаётган ҳайдовчиларнинг жазавалари, салбий ёки ноқонунийликка урғу берилган ёзувлар ёҳуд контекстдан юлиб олинган шарҳлар ва ҳоказо салбий контент, очиқликми? Ёки айнан шу мазмундаги видеолавҳаларга “заказ” бериб, уларни сотиб олиш ва тарқатиш, очиқликми? Ким бу саволларга жавоб беради?

Фикр қилишингиз учун, мана бу рақамларга аҳамият беринг, 2021 йилда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 707 та салбий ахборот тарқатилган бўлса, уларни текшириш натижасига кўра, бор-йўғи 55 таси ўз тасдиғини топган. Айтишингиз мумкин, ҳа, буям бир ишда, тасдиқланмаган бўлса, кафтдек муносабат бериб қўйинг, шуни ўзи бўлади-да, деб.

Лекин бу қонунсизликнинг оқибати-чи? Ҳеч бир фуқаро ҳақиқатни билмасдан туриб ёзган салбий комментариясини ўчирмайди, ижтимоий тармоқ фаоли ўша ходимни обрўсизлантиришга олиб келган контентини олиб ташламайди, ходимнинг яқинлари ёки фарзандларидан бориб, мен нотўғри қилибман, деб, узр сўрамайди.

Қани бу ерда очиқликнинг бўғилиши? Қонунга риоя қилишни талаб қилиш, очиқлик таъминланишини тартибга солиш бўйича норма ишлаб чиқиш, орқага йўлми?

Янги норма, юқорида баён этилган ноқонуний ахборот тарқатиш фаолиятга барҳам бериб, ҳақиқий шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги айни ҳақиқат. Буни инкор этишга ҳаракат қилманг. Очиқлик бу қонунсизлик эмас. Қонунни талаб қилишдан олдин, қонунга риоя қилишни ўрганиш керак.

Бу масала юзасидан қўшимча саволлар бўлса, марҳамат, мен билан боғланинг.

ЙПХ ходимларининг фото ва видеосини интернетда тарқатишни тақиқлашга оид таклиф муҳокамаси 29 мартга қадар давом этади.

Мавзуга оид