Талаба бўлиш орзуси саробга айланди. Номаълум таълим дастури жабрланувчиларига ким ёрдам беради?
Англиянинг етакчи университетларида ва Ўзбекистонда жойлашган халқаро университетларда ўқиш орзусида бўлган 41 нафар ёшлар қарийб 7000 минг АҚШ долларидан тўлаб, «Foundation year» деган янги дастур асосида 6 ой ўқиганидан сўнг ўзлари кутган натижага эриша олмаган. Оқибатда тўлаган пулларига куйиб қолмоқда.
Бир неча кун олдин таҳририятга бир гуруҳ ёшлар мурожаат билан келишди. Уларнинг айтишича, 2019 йилда «NCUK foundation» (NCUK – Британиянинг шимолий университетлари консорциуми) дастури бўйича таълим берадиган «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим муассасасига 7 минг АҚШ доллари тўлаб, 6 ойлик дастур бўйича ўқишни бошлашган.
Ўзига хос катта тантана билан ташкил этилган очилиш маросимида Буюк Британиянинг ўша пайтдаги элчиси Кристофер Аллан, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гулчеҳра Рихсиева, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмухамедов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашев, Ёшлар иттифоқи раисининг амалдаги раиси (у вақтда биринчи ўринбосар) Алишер Саъдуллаев ҳамда Халқ таълими вазирлиги вакилларининг иштирок этгани, бу тадбирлар эса маҳаллий телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани ёшларнинг ушбу лойиҳага қизиқиши янада ортишига сабаб бўлган.
Маълумот учун, «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» ўз фаолиятини 2019 йил январь ойидан бошлаган. Фуқаро Феруза Омонова ушбу нодавлат таълим муассасасининг директори лавозимида ишлаган ва муассасанинг ташкил бўлишида бевосита бош-қош бўлган. Азиз Ҳамидов эса ўзини регионал директор деб атаган.
Таълим муассасаси томонидан ўқувчиларга бу дастур – университет олди тайёргарлик дастури экани, бу таълим муассасанини битириб, имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчилар Буюк Британия, АҚШ, Австралия ва Ирландия давлатларидаги университетлардан ташқари, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Халқаро Вестминстер университетига иккинчи курсдан, ҳеч қандай имтиҳонларсиз қабул қилиниши ҳақида маълумотлар берилган.
Таҳририятга шикоят билан келган абитуриентлар таълим муассасасига қабул жараёнида мутассаддилар томонидан алдов ишлатилгани, дарслар жуда тез ўтилгани сабабли кўп мавзуларга тушуна олишмагани, якуний имтиҳон вақтида ўтилмаган мавзулардан ҳам саволлар тушгани, имтиҳондан эса деярли барча ўқувчилар йиқилгани, қолаверса имтиҳон варақаларини кўришга рухсат бўлмагани ва апелляция топшириш имкони ҳам берилмаганини маълум қилишди. Ўқувчиларнинг дардини тинглагач, таълим муассасасида бўлиб, Азиз Ҳамидовнинг ўзидан изоҳ олдик.
Унинг айтишича, таълим муассасаси олган лицензия фақатгина мактабдан ташқари таълим бериш ҳуқуқини берар экан.
«Ўзбекистон учун «Foundation» янги дастур. Биз бу дастурни ўқитадиган Ўзбекистондаги биринчи марказмиз. Бу ўрта таълим ҳам, олий таълим ҳам эмас - бу алоҳида дастур. Бу ерда, Ўзбекистон дунё таълим тизимини энди ўзлаштираётганини ҳам инобатга олиш керак, «Foundation» дастурини ўқиб, имтиҳонлардан қониқарли баҳо олган ўқувчилар NCUK университетларида имтиҳонларсиз, иккинчи курсдан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
«Foundation» дастури Англияда олий таълимнинг бир қисми ҳисобланмайди. Англияда мактабда 12 йил, бакалавр даражасига эришиш учун эса 3 йил ўқилади», - дейди у.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, марказда йўл қўйилган аксарият хато ва камчиликларга, қолаверса ҳақиқатга тўғри келмайдиган ваъдалар берилишига, муассасанинг собиқ директори Феруза Омонова томонидан йўл қўйилган.
А.Ҳамидовга кўра, «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим муассасаси вакиллари Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасалари билан музокаралар олиб борган. Бироқ, музокараларда ушбу университетлар томонидан талабалар умумий асосларга кўра қабул қилиниши, «NCUK foundation» дастурини тамомлаганлар учун алоҳида имтиёз ёки устунлик ҳуқуқи берилмаслиги маълум қилинган.
Лекин, таҳририятга мурожаат қилган марказ ўқувчилари тақдим этган видеолавҳаларда Азиз Ҳамидов абитуриентларга ушбу таълим даргоҳини битириб, Тошкентдаги Вестминстер ва Турин политехника университетлари ҳамда Сингапур менежментни ривожлантириш институтларига имтиҳонларсиз, тўғридан-тўғри иккинчи курсдан ўқишга қабул қилинишларига ишонтирган.
Бундан ташқари, бу каби маълумотлар «Севимли» ва «Менинг юртим (MY5)» телеканаллари орқали ҳам эфирга узатилган.
Бу ҳолатга янада аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер ва Турин политехника университетлари ҳамда Сингапур менежментни ривожлантириш институти билан боғландик. Мазкур олий таълим муассасалари деярли бир хил: «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» билан ҳеч қандай шартнома, келишув ёки меморандум бўлмагани, «NCUK foundation» сертификатларига эга ўқувчиларнинг номзодлари эса индивидуал тарзда кўриб чиқилиб, инглиз тили даражасини тасдиқловчи тегишли сертификатлари бўлган тақдирдагина, ушбу таълим даргоҳларининг айнан биринчи босқичи (курси)да ўқиш учун ҳужжат топшириши мумкинлигини маълум қилишди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг маркетинг бўйича катта менежери қуйидагиларни маълум қилди: «Бу нодавлат таълим муассасаси Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти билан ҳеч қандай шартнома ёки меморандум йўқлигига қарамай, ўз тарғибот ишларида бизнинг институт номини бемалол ишлатиши жуда ҳайратланарли ҳол. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим қонунчилигига кўра, 11-синфни битирган ўқувчилар олий таълим муассасасининг иккинчи босқичига ўқишга қабул қилинмайди».
Дарҳақиқат, «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим муассасасида коллеж ва лицей битирувчиларидан ташқари, 11-синф мактаб ўқувчилари ҳам таҳсил олишган.
Ҳайратланарлиси, Азиз Ҳамидовнинг сўзларига кўра, собиқ директор Феруза Омонова бошчилигидаги аввалги раҳбариятнинг қилган энг катта хатоси: мактабда ўқиётган болаларни параллел тарзда ўқишга қабул қилгани экан. Ваҳоланки, айнан ушбу маълумот Азиз Ҳамидовнинг шахсан ўзи томонидан 2019 йил январь ойида «NCUK foundation Tashkent» телеграм-гуруҳига ташланган видеода айтиб ўтилган эди.
Тарафларнинг қарама-қарши фикрларига ойдинлик киритиш мақсадида Феруза Омонова билан ҳам учрашиб, суҳбатлашдик. Омонова гарчи таҳририятга ташриф буюрган бўлсада видеоинтервью беришни истамади. Унинг хоҳишига кўра, суҳбат аудио шаклида ёзиб олинди.
Айтиш мумкинки, суҳбат чоғида Омонова Азиз Ҳамидов у кишини нимада жавобгар деб ҳисоблаётган бўлса, худди ўша масалаларни Ҳамидовнинг ўзига юклади. Феруза Омонова билан бўлган суҳбатдан қуйидаги иқтибосларни келтиришимиз мумкин:
- «Мен директор бўлишимга қарамай, Азиз Ҳамидов мени ҳеч қандай ишга аралаштирмас эди»;
- «Таълим сифатига Жениффер Крисп деган академик директор жавобгар бўлган»;
- «Менинг фикримча, Азиз Ҳамидов болаларни Англияга жўнатмаслик ва ўзи Тошкент шаҳрида очишни режалаштираётган университетига ўқишга олиш мақсадида, имтиҳон баҳоларини атайин пасайтирган бўлиши мумкин»;
- «Азиз Ҳамидов ўқувчиларнинг орқасидан, уларни ҳақорат қилар эди»;
- «Азиз Ҳамидов битта ўқувчини қасддан, ноқонуний тарзда марказдан ҳайдаб юборган, уни ўқишдан ҳайдаш тўғрисидаги буйруқ ноқонуний бўлгани учун мен уни имзоламаганман»;
- «Азиз Ҳамидов ўқувчиларга нисбатан адолатсизлик қилди. Болалар имтиҳондан йиқилганларидан кейин, уларга апелляция топшириш имконини бермади».
Бироқ, Феруза Омонова Азиз Ҳамидов манзилига айтилган юқоридаги гапларини тасдиқловчи бирор-бир ҳужжат тақдим этмади.
«Ўқувчилар билан бўлган ҳолат қонуний, лекин адолатсиз бўлди», - деб ҳисоблайди муассасанинг айни кундаги собиқ директори.
Мутассадилар ўртасида юзага келган бу низода, таълим муассасасида 7000 АҚШ доллари эвазига ўқиган ёш авлод ва уларнинг ота-оналарида нима айб бор, деган савол туғилиши табиий. Лекин танганинг иккинчи томони бўлганидек, бу таълим муассасасида ўқиганлар ва уларнинг ота-оналари ўз вақтлари ва нақдларига эътиборсиз бўлгани турган гап. Чунки, бу марказга ўқишга кириш шартномасида муассаса вакиллари томонидан ваъда қилинган айрим кафолатлар акс эттирилмаган.
Мисол учун, шартноманинг 6-бандида ёзилишича, «Марказда дастурни ўзлаштириб, имтиҳонлардан ўтиш баллини олган ўқувчиларга NCUK университетларига кириш кафолатланган. Ўқувчининг қайси университетга кириши эса олган балларига боғлиқ», деб ёзилган, яъни Тошкент шаҳрида жойлашган халқаро университетларда ўқишни давом эттириш шартномада кўзда тутилмаган. Бу фақат оғзаки равишда ваъда қилинган.
Бироз аввал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълимни назорат қилиш давлат инспекцияси «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим муассасаси лицензиясига оид қуйидаги хабарни эълон қилган эди:
Дарвоқе, журналистик суриштирувлар давомида шуни аниқладикки, айни кунда Феруза Омонова таъсисчилар билан юз бераётган келишмовчиликлар сабаб ўқув марказидаги эгаллаб келган лавозимидан бўшатилган. Омонова ўзининг ишдан бўшатилишини ғайриқонуний деб ҳисоблаб, судга даъво ариза киритган. «Омонова ҳам фаришта эмас» деб ҳисоблаётган Азиз Хамидов эса унга қарши жиноят иши қўзғатишни сўраб прокуратура органларига шикоят қилган.
Ушбу суриштирувда айтилган гаплар қанчалик рост ёки йўқлиги, ким ҳақ ва ким ноҳақлиги, ким кимнинг олдида жавобгарлигини ваколатли органлар ҳал қилади. Биз эса фақатгина очиқ қолган саволларни айтиб ўтишни лозим топдик, холос.
Хўш:
Марказ олган лицензия Ўзбекистонда бу турдаги таълимни бериш учун етарли асос бўла оладими?
Марказ мутассаддилари томонидан берилган ваъдаларнинг ёлғон бўлиб чиққани ва бунинг орқасидан инсонлар бир неча ўн миллион миқдордаги пулларига куйиб қолгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқиладими?
Ушбу марказдаги таълим тури ва унинг сифати ким томонидан назорат қилиниши лозим эди ва нима учун ўз вақтида назорат қилинмаган?
Ушбу таълим муассасасида ўқиб, бугунги кунда ҳеч қаерга ўтмаётган сертификатларга эга бўлган ўқувчилар қисмати нима бўлади?
Kun.uz таҳририяти ўнлаб фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётган мазкур низога ваколатли давлат идоралари эътибор қаратишига умид билдириб қолади.
Жамшидхон Зиёхонов
Дилшод Абдукадиров
Мавзуга оид
22:14 / 25.07.2023
Фарғонада хусусий университетлардан бири лицензияси бекор қилинди
22:00 / 26.01.2021
Вазир: «Нодавлат умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони ортиши давлат бюджетига тушадиган юкни камайтиради»
14:18 / 04.01.2021
Тўлов-контракт миқдорлари ошмайди – вазирлик
10:14 / 03.01.2021