Ўзбекистон | 13:16 / 02.03.2021
36488
2 дақиқада ўқилади

Фото: Бухоро вилояти ҳокими яшаб, ишлайдиган «контейнер»

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов томонидан бошланган ташаббус бошқа ҳудудлар раҳбарлари томонидан ҳам такрорланмоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг штаби жойлаштирилган ғилдираклар устидаги вагон суратини эълон қилди.

«Айни пайтда мазкур вагон-штаб Олот тумани «Давлатбой» маҳалласига жойлаштирилган. Ботир Зарипов шу ерда яшаб, олотликларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Уларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда», дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Ботир Зарипов 2 март кунини шу контейнерда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан бошлаганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Бухоро вилоятида 4-сектор раҳбари - солиқ бошқармаси бошлиғи ҳам Когон туманидаги кўчма штабга кўчиб ўтгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойи охирида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов шаҳарнинг «Бунёдкор» маҳалласига контейнер ўрнатиб, вақтинчалик ўша ерда яшашини маълум қилганди. Кейинроқ йирик контейнер атрофи бетон панжаралар билан ўралгани, ҳовлига фуқароларни қабул қилиш учун шийпон ўрнатилгани акс этган суратлар тарқалди.

26 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев барча вилоят ҳокимлари ва прокурорларига маҳаллаларда ҳеч бўлмаса бир ой яшаб, муаммоларни «пастдан» ўрганишни таклиф қилганди.

Мавзуга оид