Ўзбекистон | 14:37 / 21.03.2026
5861
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШда ўтказилган мусобақада рекорд натижа қайд этишди

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Илҳом Саломов ҳамда Турдимурод Авлаев АҚШда ўтказилган “Энг илғор жангчи–2026” мусобақасида қатнашди. Улар жамоавий ва якка баҳсларда юқори натижа қайд этиб, мусобақа рекордини янгилаган. Хусусан, улар 20 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш шартини 1 соат 48 дақиқа ичида бажарган.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари АҚШда ўтказилган мусобақада юқори натижани қўлга киритишди. Бу ҳақда Kun.uz’га вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Ҳарбий хизматчилар Илҳом Саломов ва Турдимурод Авлаев 16–18-март кунлари Миссисипи штатидаги “Camp Shelby” ҳарбий-ўқув базасида ўтказилган “Энг илғор жангчи–2026” мусобақасида иштирок этган. Улар мусобақада АҚШ Миллий гвардиясининг махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашган.

Мусобақа давомида ҳарбий хизматчилар жисмоний ва руҳий зўриқишларни ечишга қаратилган мажмуавий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, тунда 15 км масофага ориентирлаш, 20 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш, артиллерия оловини бошқариш, НАТО намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш каби 13 та шартни муваффақиятли бажарган.

Ҳарбий хизматчилар жамоавий баҳс –20 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш шартини 1 соат 48 дақиқада уддалаган. Шуниндек, якка тартибдаги баҳсларда Турдимурод Авлаев жисмоний ва руҳий зўриқишларни ўзида жамлаган мажмуавий тўсиқлар йўлагини 10 дақиқа 34 сонияда босиб ўтган. Илҳом Саломов эса тунда 15 км масофага ориентирлаш шартини 59 дақиқада бажаришга муяссар бўлган. Улар мазкур шартларнинг барчасида мусобақа рекордини янгилаган.

Якунда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланган. Қайд этилишича, мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилдан бери муваффақиятли қатнашиб, ғолибликни қўлга киритиб келади.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари Покистонда ўтказилган халқаро мусобақада ҳам рекорд натижа қайд этганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид