Ўзбекистон | 10:12 / 03.08.2023
29352
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада такси ҳайдовчиси ва машинасига ҳужум қилган барзанги ушланди

Фарғонада такси ҳайдовчиси машинасига ғишт отган эркак ушланди. Ушбу воқеага гувоҳ бўлиб, бирор қатъий чора кўрмаган ИИБ ходимларига эса хизмат текшируви тайинланди.

Фарғона шаҳрида телефонига жавоб бермагани учун Yandex ҳайдовчисининг машинаси ойналарини тош билан синдирган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати маълум қилишича, гумонланувчи ушланган.

Фото: Видеодан скриншот

«Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган икки нафар шахснинг ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 1 август куни Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.С. Yandex  фирмасига такси буюртма қилган ҳамда буюртмани мазкур фирма ҳайдовчиси, Фарғона шаҳрида яшовчи 2002 йилда туғилган И.Р. қабул қилиб, бироздан сўнг ўз бошқарувидаги Cobalt русмли автомашинасида С.Ш. турган С.Темур кўчасига етиб келган.

Бироқ, фуқаро Ш.С. ҳайдовчи И.Р.нинг телефон аппарати ўчиб қолганидан ва унинг қўнғироғига жавоб бермаганидан жаҳли чиқиб, у билан ўзаро жанжаллашиб, И.Р.нинг автомашинаси ойналарини тош билан уриб синдириб юборган.

Ҳолатнинг барча иштирокчилари шахсига ойдинлик киритилиб, Ш.С қўлга олинган. Ҳозирда Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Қўлга олинган шахс жамоат жойида тартиб бузгани учун барчадан узр сўраган.

«Узр, кечирасизлар, жуда қизишиб кетдим. Бир-биримизни тушунмадик. Жамоат жойида тартибсизлик қилиб, қонунни бузганимиз учун мана, жазосини олиб, жавоб бериб ўтирибмиз. Пушаймонман, фуқаролардан, ҳаммадан узр сўрайман, бошқа қайтарилмайди», дейди у.

Мулкка етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича тегишли тартибда экспертиза тайинланган.

Видеохабардаги ИИО ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди. Якунига кўра қонуний қарор қабул қилинади.

Мавзуга оид