Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўл ўртасидаги жанжал воқеаси: ота ва ўғилга ҳукм ўқилди
Тошкент шаҳрида йўл ўтказгич устида BYD машинасидан тушиб келган ҳолда Gentra ойнасини синдириб, ҳайдовчига ҳужум қилган ота-ўғил безорилик жинояти бўйича жазога тортилди. Жабрланувчининг турмуш ўртоғи жанжал сабаб ҳомиласини йўқотгани тасдиқланмади, шу сабабли судланувчилар қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятида айбсиз деб топилди. 21 сентябрдан қамоқда сақланаётган ота ва ўғил суд залидан қамоқдан озод этилди.
Тошкентда йўл ўртасида безорилик қилган ота ва ўғилнинг озодлиги чекланди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, 55 ёшли ота Б.У. ва унинг 24 ёшли ўғли И.Ю. 2025 йил 16 сентябр куни пойтахтнинг Яккасарой тумани ҳудудида BYD машинасида кетаётиб, йўлда безорилик содир қилишган: улар йўл ўтказгич устида Gentra йўлини тўсиб, унинг ҳайдовчиси Д.С. билан жанжаллашган.
Йўлнинг қатнов қисмидаги жанжал вақтида ота-ўғил бошқа машиналарнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган ҳолда Gentra ойнасини тепиб синдиришган. Сўнгра танасининг турли қисмларига зарба берган ҳолда Д.С.га тан жароҳати етказишган. Бу вақтда Gentra’да ҳайдовчининг турмуш ўртоғи ҳам бўлган. У жанжалдан сўнг ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳомиласини йўқотганини айтган.
Ота ва ўғил судда айбига қисман иқрор бўлиб, Gentra ҳайдовчиси қасддан 5-6 марта тормоз бериб, авариявий ҳолатни юзага келтирганини, жанжал шу сабабли келиб чиққанини билдирган. Шунингдек, улар ёлғон кўрсатма бергани учун эр-хотинга нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқишни сўрашган.
Жабрланувчи Д.С. эса жанжал вақтида аёлининг ҳомиласи тушиб қолганини айтиб, судланувчиларга оғир жазо тайинлашни сўраган.
“BYD машинасида тинимсиз сигнал бериб, мени сиқиб тўхтатишди. Сўнг И.Ю. ҳамда уни отаси Б.У. тушиб, мени ҳақоратлаб, жисмоний зўравонлик ишлатди, машинанинг олд ойнасини синдиришди. Мен турмуш ўртоғим ҳомиладор эканини айтганимга қарамасдан, улар бош ва қорин соҳамга уришди. Мен машинадан тушмадим.
Уларнинг йўлини тўсмаганман ва ҳақорат қилмаганман. Улар мени урган пайтда турмуш ўртоғим урмасликларини айтиб, бўйнимдан ушлаб олди. Ўша жараёнда судланувчиларнинг қўллари турмуш ўртоғимга ҳам тегди. Оқибатда у ҳам тан жароҳати олди. Ҳодисадан сўнг турмуш ўртоғимнинг аҳволи ёмонлашиб, шифохонага мурожаат қилганида ҳомиласи тушгани маълум бўлди”, деган Gentra ҳайдовчиси судда.
Шунингдек, Д.С.нинг турмуш ўртоғи ҳомиладор бўлганини тест қилиб билганини, ўша куни ҳақиқатан ҳомиласини йўқотганини маълум қилган. Аммо дастлабки тергов ва суд давомида унинг ҳомиладор бўлгани ҳамда воқеа таъсири оқибатида ҳомиланинг тушиб қолганини тасдиқловчи далиллар аниқланмаган. Шу сабабли, суд ота ва ўғилни Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е,к” бандлари бўйича айбсиз деб топиб, жиноят ишининг шу қисмини тугатган.
ЖИБ Яккасарой туман суди ҳукми билан ота ва ўғил Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Тайинланган жазодан қамоқда сақланган 5 ой 6 кун муддат чегирилиб, ўташ учун 1 йил 6 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган.
Ота ва ўғил суд залидан қамоқдан озод этилган.
Ҳайдовчилар ўртасида жанжал акс этган видео 2025 йил сентябр ойи охирида ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Шундан сўнг ота ва болага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар ушланган ҳамда жабрланувчининг ҳомиласи тушиши сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган эди.
Мавзуга оид
19:33 / 24.02.2026
Қаловини топса, қор ҳам ёнади-2: Сурхондарёда судялар қотилни “безори”га айлантиришди
19:53 / 23.02.2026
Жиззах вилоятида иккита Cobalt Hyundai’ни тўхтатди. Ҳайдовчи ва йўловчилар калтакланган
22:21 / 30.01.2026
Тошкентда одамларни қўрқитиб, пул талаб қилган ўсмирлар гуруҳи қўлга олинди
18:07 / 25.01.2026