Ўзбекистон | 16:39 / 27.11.2024
725
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи веб-сайтларни блоклади

Таъкидланишича, букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 30 га яқин сайт белгиланган тартибда блокланган.

Букмекерлик хизматларига оид рекламани тарғиб қилувчи веб-сайтларга киришни чеклаш (блоклаш) чоралари кўрилмоқда, деб хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қайд қилинишича, рекламага оид қонунбузилишларга нисбатан тезкор чоралар кўриш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Хусусан, амалга оширилган ишлар натижасида букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 42 та веб-сайтни блоклаш бўйича таклиф АОКАга киритилган бўлиб, шундан 30 га яқин сайт белгиланган тартибда блокланган.

Хабарда блокланган сайтларнинг рўйхати келтирилмаган. Шу билан бирга баъзи сайтлар нега блокланмасдан қолгани ҳам маълум қилинмаган.

Таъкидланишича, қўмита томонидан бу йўналишдаги мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Мавзуга оид