Жаҳон | 22:20 / 08.10.2025
6205
5 дақиқада ўқилади

Хитой ҳукумати ижтимоий тармоқларда янги цензура кампаниясини бошлади

Энди Хитойдаги тармоқларда «тиришқоқлик билан меҳнат қилиш бефойда», «фарзанд кўриш эса иқтисодий жиҳатдан фойдасиз», деб ёзиб бўлмайди.

Фото: The New York Times

Сентябр ойи охирида Хитой кибермакон бошқармаси ижтимоий тармоқларни «салбий ва пессимистик кайфиятларни ҳаддан ташқари бўрттирадиган» ва «тушкунлик»ни илгари сурувчи, масалан, «астойдил ишлаш бефойда» каби контентдан тозалаш бўйича икки ойлик кампанияни эълон қилди. Кампания ҳақида The New York Times хабар берди.

Оқибатда бир нечта таниқли блогерларнинг аккаунтлари блокланди. Улар орасида минималист ҳаёт тарзини ва мартаба амбицияларидан воз кечишни тарғиб қилган икки блогер ҳам бор. Яна бири иқтисодий жиҳатдан оқилона танлов - уйланмаслик ва фарзанд кўрмаслик, деб таъкидлагани учун жабр кўрди. Шунингдек, Ғарбдаги ҳаёт сифати Хитойга қараганда юқори эканидан шикоят қилган шарҳловчи ҳам блокланди. Блокланган блогерларнинг баъзилари ўн миллионлаб аудиторияга эга эди.

Хитойнинг турли шаҳарларида маҳаллий ҳокимиятнинг буйруғи билан ижтимоий тармоқлардаги шаҳар муҳити сифати ва уй-жой нархидан шикоят қилувчи аккаунтлар блокланмоқда. Weibo ижтимоий тармоғида 1200 дан ортиқ аккаунт мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаси ҳолати ҳақида «миш-мишлар тарқатгани» учун блокланди.

Шунингдек, актёр Ю Мэнлун ўлимини муҳокама қилиш ҳам чекланди. Расмийларга кўра, у тасодифан деразадан тушиб кетган, бироқ интернетда бу ўз жонига қасд қилиш бўлгани ҳақидаги версия машҳур: гўёки актёр Хитой шоу-бизнесидаги ўта кескинлик, адолатсизлик ва коррупцияга дош бера олмаган. Weibo ижтимоий тармоғида бундай версияни тарқатган бир ярим мингдан ортиқ аккаунт блокланган ёки ўчириб ташланган.

Бир нечта платформаларда Ху Чэнфэннинг Хитой жамиятидаги қашшоқлик ва тенгсизлик ҳақида гапирган видеолари блокланди. Ушбу блогер Android сўзини сифатга айлантиргани билан машҳур. Дастлаб бу «Apple одамлари» ва «Android одамлари», яъни бойлар ва камбағалларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш эди. Энди хитойлик ёшлар уй-жойни «андроид» деб атамоқда.

Хитойда камбағал оилалардан чиққанларнинг ижтимоий ҳаракатчанлик имкониятлари пастлиги ҳақида гапирадиган ва ёзадиганлар ҳам цензурага учради: танишлари бўлмаса, улар IT ёки молия каби нуфузли соҳаларда мартаба қила олмайди.

Ниҳоят, улар Хитойда умидсизлик ва эҳтимол психиатрик ёрдамнинг етишмаслиги туфайли содир этилган зўравонлик жиноятлари ҳақидаги янгиликларни муҳокама қилишни ҳам чеклади. Гап, масалан, 2024 йилда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган бир қатор ҳужумлар ҳақида кетмоқда. Ҳужум қилганлар бир-бирига ҳеч қандай боғлиқ бўлмаган ва турли усуллардан (пичоқ билан ҳужум қилиш, машинада оломонни уриб юбориш) фойдаланган - аммо бу жиноятларда умумий мотив бор эди: ҳаёт истиқболлари йўқлиги учун «жамиятдан ўч олиш» истаги.

Шу билан бирга, давлат оммавий ахборот воситалари (масалан, расмий «Жэнмин жибао» газетаси ва Хитой марказий телевидениеси) «тушунтириш ишлари» олиб бормоқда. Тарғиботга кўра, давлат «энг тушкун воқеаларни» айтиб берадиган «ҳиссий йиртқичлар» билан курашмоқда.

Хитой раҳбарияти «меланхолия тарқалиши» ва анъанавий мақсадлардан (кўп ишлаш, оила қуриш, юқорига интилиш) воз кечишни жиддий сиёсий муаммо деб ҳисоблайди, деб ёзди The New York Times. 2025 йилда Хитой меҳнат бозорига рекорд даражадаги 12,2 миллион битирувчи кириб келади. Шу билан бирга, Хитойнинг иқтисодий ўсиши секинлашмоқда ва бўш иш ўринлари ҳаммага етмаслиги аниқ. Ишга жойлашмаган ёшлар тобора кўпайиб бормоқда ва бу муҳитда умидсизлик ва пассивлик тобора ортяпти.

Регуляторлар ва партия матбуоти интернет платформаларидан «тушкунликни тарқатишни» тўхтатишни талаб қилмоқда. Бироқ, The New York Times таъкидлашича, бундай сиёсатнинг ҳақиқий оқибати, катта эҳтимол билан, Хитойдаги охирги норозилик каналининг ёпилиши ва тизимли муаммоларнинг янада чуқурлашишига олиб келади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид