Ўзбекистон | 00:14 / 02.02.2020
29222
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инфляция даражаси пасая бошлади

Январь ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этди, деб маълум қилди Молия вазири Жамшид Қўчқоров.

Таққослаш учун, 2019 йил худди шу даврда инфляция 1,5 фоиз, 2018 йил январида 2,7 фоиз, 2017 йил илк ойида эса 1,5% бўлган.

«Инфляцияни жиловладик дейишга ҳали эрта. Биз фақатгина инфляция билан курашиш мумкинлигини кўряпмиз холос.

Инфляцияга таъсир этувчи бир нечта номонетар омиллар ҳали ҳам нейтрализация қилинмаган. Ишлашимиз керак, асосийси - инфляцияни ўтган йилгига нисбатан пасайтириш эҳтимоли анчагина юқори», – деб ёзди Қўчқоров Twitter саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдан Марказий банк инфляцион таргетлаш режимида ишламоқда. Бу режимда МБнинг барча саъй-ҳаракатлари ва макроиқтисодий сиёсатни амалга оширишдаги барча қадамлар инфляцияни пасайтиришга қаратилади.

Жорий йил учун таргет 12 фоизгача этиб белгиланган. Шу билан бирга, регулятор инфляциянинг базавий прогнозини 12-13,5 фоиз даражасида белгилаган.

Мамлакатда инфляция даражаси 2021 йилда бир хонали сонга тушиши, 2023 йилга бориб эса 5 фоизлик таргетга эришилиши кутилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид