Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Худди муаммо йўқдек: Миграция агентлиги БААдаги муҳожирлар лагери масаласига муносабат билдирди
Kun.uz Миграция агентлиги томонидан Шаржага юборилган ватандошлар қай ҳолатда яшаётгани ҳақида репортаж эълон қилганди. Агентлик бу абгор ётоқхонада «бошланғич зарурий шароитлар» борлигини ва бу шароитларни «янада яхшилаш» чоралари кўрилаётганини билдирди.
Лагер ошхонаси / Фото: Kun.uz
Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилган Kun.uz мухбирлари Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ушбу мамлакатга ишлашга юборилган ватандошлар лагеридан репортаж тайёрлаган, унда ватандошларнинг яшаш шароити ҳавас қилгудек эмаслиги, берилган ваъдалар эса қоғозда қолгани ҳақида сўз борганди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан маълум қилишларича, мақола эълон қилинган куннинг эртасига, 11 февраль куни Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов бошчилигидаги элчихона ходимлари ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари яшаш жойига бориб, вазиятни ўрганган.
Баёнотда Ўзбекистон фуқаролари учун бошланғич зарурий шароитлар яратилгани, алоҳида 2 та хона бириктирилгани, кондиционер ва интернет (WiFi) борлиги, умумий ювиниш хонаси ва ошхона кунига 2 мартадан тозаланиши, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари келишилганидек ойига 425 доллар миқдоридаги маош ва тиббий суғурта билан таъминлангани айтилади.


«Чет эллик ишчилар учун мўлжалланган ётоқхонада Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Африка давлатларидан келган жами 3000 нафар меҳнат мигрантлари истиқомат қилади. Ётоқхона маъмуриятининг маълум қилишича, шу кунга қадар бошқа миллат ишчилари томонидан яшаш шароити ёмонлиги тўғрисида эътирозлар келиб тушмаган, 9 нафар ўзбек ишчилари учун алоҳида яшаш биноси ажратиш имкони йўқ.
Шу билан бирга, 9 нафар фуқаронинг барчаси «Saned» ташкилотида иш фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.
Айни пайтда «Saned» компанияси билан ўзбекистонликлар учун яшаш шароитини янада яхшилаш ва энг мақбул вариант ишлаб чиқиш чоралари кўрилмоқда», – дейилади баёнотда.



Расмий ахборотда ушбу фуқароларнинг БААга ишга юборилиши тарихи ҳам келтириб ўтилган.
«2020 йилнинг ноябрь ойида БААнинг қатор компаниялари билан олиб борилган музокаралар натижасида Ўзбекистон фуқароларини вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун мазкур давлатга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган.
Амирлик компаниялари вакиллари томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида ушбу давлатда «қўриқчи» вазифасида ишлаш истагида бўлган 376 нафар фуқаро ўртасида танлов ўтказилган ва дастлаб улардан 73 нафари танлаб олинган.
Танловлардан муваффақиятли ўтган номзодларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари томонидан иш ҳақи, ишлаш ва яшаш шароитлари ҳақида тўлиқ маълумот берилган; хусусан, БАА орқали бошқа давлатларга чиқиб кетиш имконияти билан қизиққанларга бу ҳолат шартнома шартларига зид экани тушунтирилган. Шундан сўнг уларнинг 13 нафарига ҳужжатлар расмийлаштирилган ва 16 декабрь куни ишлаш учун Шаржа амирлигига жўнаб кетган.
Ушбу фуқаролар билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари доимий алоқада бўлиб турган. Бугунги кунга қадар уларнинг 2 нафари (1 нафари оилавий сабаб билан, 1 нафари ўз хоҳишига кўра) Ўзбекистонга қайтиб келган ва яна 2 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган», – дейилади агентлик ахборотида.
Мавзуга оид
17:56 / 06.01.2026
Ҳусийлар, Саудия ва БАА учбурчаги: Яманда нималар бўляпти?
18:01 / 30.12.2025
Саудия Яманга зарба берди. Нишон – айирмачи гуруҳларни қўллаш учун БААдан юборилган қуроллар бўлган
14:04 / 13.12.2025
БААда ишлаётган ўзбекистонликлар сонини ошириш режалаштирилмоқда
15:41 / 05.12.2025