Ўзбекистон | 16:41 / 13.04.2023
11857
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Жаҳон банкидан 296 млн доллар қарз олди

Жаҳон банки билан имзоланган 4 та қарз битимидан бири ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш, яна бири барқарор ўрмончиликка оид.

Фото: Reuters

Ўзбекистон Жаҳон банки билан 296 млн доллар миқдорида 4 та битим имзолади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Жаҳон банки билан Ўзбекистонда ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш учун 143 млн доллар, барқарор ўрмончилик ва ўрмон ландшафтларини тиклаш лойиҳаси учун 142 млн долларлик қарз битимлари имзоланган.

“Шунингдек, иккинчи лойиҳа доирасида тадбирлар ва консултатив хизматларни молиялаштириш учун яна 2 та: 8 млн ва 3 млн долларлик грант битимлари имзоланди.

Ушбу битимлар юртимизда яшил энергиядан кенг фойдаланиш ҳамда экологик тоза муҳитга эришишга хизмат қилади”, - дейди Жамшид Қўчқоров.

Ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш учун 143 млн долларлик қарз битими “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳаси доирасида имзоланган.

Апрел ойи бошида Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланганди.

Ҳужжатда лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонга 143 млн доллар қарз ажратилиши назарда тутилганди.

Шундай қилиб, бу қарз маблағлари Ўзбекистонга 30 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан ажратилган.

Лойиҳа доирасида мактабгача, мактаб ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 800 дан зиёд муассасаларни модернизация этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, лойиҳа қурилиш молларини (иссиқлик изоляция материаллари, қувурлар, эшик ва ойна ромлари, қурилиш материаллари) ва ускуналарни (қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, иситиш тизими, иситиш қозонлари ва ҳ.к.) сотиб олиш; қурилиш-монтаж ишлари; энергия аудит хизматларини ҳам ўз ичига олади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг хабар беришича, Жаҳон банки делегацияси билан учрашувда “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган.

2020 йилда қабул қилинган президент қарорига мувофиқ, бу лойиҳа доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида бир қатор ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, 2020–2024-йиллар давомида бу 5 та вилоятнинг 21 та туманларидаги 306 та маҳаллаларда базавий инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларини янгилаш ва бу билан 1,3 миллион нафарга яқин аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш режа қилинган. Бу мақсадлар учун 183,6 млн АҚШ доллари йўналтириляпти.

Мавзуга оид