Ўзбекистон | 15:04 / 29.08.2024
7144
2 дақиқада ўқилади

Термизда Афғонистон билан савдо ва логистика тартибини соддалаштириш мақсадида халқаро савдо маркази очилди

Очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукумати вакиллари қатнашган.

Фото: Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати

29 август куни Термиз шаҳрида «Термиз халқаро савдо маркази»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқалар иштирок этди.

Қайд этилишича, қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида «Термиз халқаро савдо маркази» барпо этилган.

«Мазкур Марказ минтақамизда савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди. Марказда Афғонистон фуқароларига савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди,» – дейилади расмий релизда.

Рамзий тасма кесилиб, Марказ расман очилганидан сўнг дипломатик корпус вакиллари «Термиз халқаро савдо маркази» фаолияти билан танишди.

Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Термиз шаҳрида Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар ҳамда Озарбайжон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев билан икки томонлама учрашувлар ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17 август куни бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумат делегацияси Кобулда Толибон расмийлари билан учрашувлар ўтказган эди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмасини жорий йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.  

Мавзуга оид