Ўзбекистон | 11:47 / 15.07.2023
6836
3 дақиқада ўқилади

“Star Med”нинг лицензиясини бекор қилишга оид суд қарори вақтинча тўхтатиб туриладиган бўлди

Фарҳод Манноповнинг ўлими ортидан лицензияси бекор қилинган “Omad plyus” МЧЖ биринчи инстанция судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. Клиника вакилининг илтимосномасига асосан апелляция судлов ҳайъати ишни кўриб чиқишни “Star Med” клиникасига доир жиноят ишининг тергови якунланиб, суд натижаси чиққунга қадар тўхтатиш ҳақида ажрим чиқарган.  

Фото: KUN.UZ

Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси Фарҳод Маннопов вафот этган хусусий клиника олдинроқ суд қарори билан тиббий фаолиятини амалга ошириш учун 2021 йил февралда берилган лицензиясидан маҳрум бўлганди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даъво аризаси бўйича Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 июндаги ҳал қилув қарори билан “Omad plyus” МЧЖга берилган лицензия бекор қилинганди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, “Omad plyus” масъулияти чекланган жамияти биринчи инстанция судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Апелляция шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ариза талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш сўралган.

13 июл куни Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида иш доирасида очиқ суд мажлиси ўтказилган. Унда жавобгар вакили судга ёзма равишда илтимоснома билан мурожаат қилиб, “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Star Med клиникасида фуқаро Фарҳод Манноповнинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлигини ва ҳозирда ушбу жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилган ҳолда тергов ҳаракатлари ниҳоясига етиб, суд қарори қабул қилингунга қадар Иқтисодий процессуал кодексининг 101-моддаси (суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбурияти) 1-бандига мувофиқ мазкур апелляция шикоятини иш юритишдан тўхтатиб туришни сўраган.

Судлов ҳайъати томонидан жавобгарнинг мазкур илтимосномаси қаноатлантирилиб, апелляция шикояти бўйича апелляция инстанциясида иш юритиш тўхатилган.

Иш апелляция шикояти тартибида қайта кўриб чиқилаётган пайтда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонунан кучда бўлмайди. Демак, Star Med клиникаси апелляция шикояти иш юритувига қайта тикланиб, судда кўриб чиқилгунгача бўлган муддатда фаолият юритиб туриш имконига эга. 

Эслатиб ўтамиз, таниқли блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси 27 ёшида Star Med клиникасида вафот этганди. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси билан иш очилган ҳамда у операция қилинган Star Med клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилганди.

Аввалроқ ССВ Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижаларини очиқлаган, беморга тиббий хизмат кўрсатган анестезиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмагани айтилганди.

Мавзуга оид