Ўзбекистон | 12:48 / 27.11.2025
5342
2 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Истамов адлия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Президент қарорига мувофиқ, Маҳмуд Истамов адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У бу вазифага тайинлангунга қадар вазир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Фото: Адлия вазирлиги

Расмий маълумотга кўра, президентнинг тегишли қарори билан Истамов Маҳмуд Шуҳратович адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Маҳмуд Истамов 1979 йилда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 2000 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2000 йилда Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган. Кейинчалик шу бошқармада бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.

2004–2005 йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази раҳбари, 2005–2006 йилларда эса Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Шундан сўнг бир қатор масъул лавозимларни эгаллаб келган:

2006–2011 йилларда – президент девонининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматида адлия ва суд идоралари масалалари бўйича инспектор;
2011–2014 йилларда – шу хизматнинг Адлия ва суд идоралари масалалари шуъбаси етакчи инспектори;
2014–2017 йилларда – президент девонининг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизматида Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шуъбаси мудири;
2017 йилда – президент девони Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шуъбаси мудири;
2017–2019 йилларда – адлия вазирининг ўринбосари, кейин биринчи ўринбосари;
2019–2021 йилларда – Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари;
2021–2024 йилларда – Бухоро вилояти прокурори;
2024–2025 йилларда – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девони раҳбари.

2025 йилдан буён у Ўзбекистон адлия вазирининг ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. Эндиликда президент қарорига асосан Маҳмуд Истамов адлия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид