Ўзбекистон | 11:09 / 22.02.2022
51777
8 дақиқада ўқилади

Дарс қилмаган ўқувчиларни изза қилган ўқитувчи ишдан олинди. Бу адолатданми?

Наманганлик ўқитувчи дарс тайёрламай келган 6 нафар ўқувчини бошқа синфдошлари олдида “уят, уят” деб изза қилиши ва бунинг учун ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўқитувчи дарс қилмаган ўқувчилар билан қандай ишлаши керак? У қўллаган усул ишдан бўшатишга асос бўла оладими?

Фото: Kun.uz

Нима бўлди ўзи?

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 13-мактаб ўқитувчиси Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли уларни жазолашнинг ўзига хос усулини қўллади.

Ўқитувчи 6 нафар болани доска олдига турғизиб қўйиб, қолган ўқувчиларга жўр бўлиб “уят” деб айттирган. Жараённи эса ўзи телефонида видеога олиб, икки нафар ўқувчининг ота-онасига Telegram орқали юборган.

Шундан кейин видео ижтимоий тармоқларда тарқалган ва ҳолат Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузиб ўрганилган. Натижада синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ижтимоий тармоқдаги баҳслар

Ўқитувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида эътирозлар пайдо қилди ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзиларга кўра, дарс қилмай келган болага бу кўринишда танбеҳ бериш – ўқитувчи қўлласа бўладиган усул. Сабаби ўқитувчи болаларни урмаган, сўкмаган, фақат ўз синфдошлари орасида изза қилган.

Иккинчи қутбда эса, ҳали кичик ёшдаги болаларга бундай жазо чораси қўллаш мумкин эмаслиги, бу уларга ёмон таъсир қилиши ҳақида фикрлар билдирилган.

“Ўқитувчи яхши дарс ўтади” — ота-оналар эътирофи

“Yangi davr” информацион дастури мухбири Учқўрғондаги мактабга бориб, ишдан бўшатилган ўқитувчи ва уларнинг ота-оналаридан интервю олган.

“Синфдаги ўқувчиларнинг ота-оналари билан алоҳида гуруҳ очгандик. Унда болаларнинг камчилиги, дарс қилмаган, уй вазифаларини бажармаган ҳолатларни муҳокама қилиб турардик. Мана шу [ижтимоий тармоқларда тарқалган] видеони ҳақиқатан ўзим олганман ва ота-оналарнинг “личка”сига юборганман. Бу орқали болалар кейинги сафар ўзларига хулоса чиқариб олсин деб мақсад қилгандим, лекин ёмон ниятда қилинмаган. Қилган ишимдан пушаймонман”, – дейди Шаҳноза Мадраҳимова.

Синфдаги бир нечта ўқувчиларнинг ота-оналари ўқитувчининг ишда қолиши тарафдори эканини билдириб, унинг яхши ўқитувчи эканини, карантин пайтида ўқувчиларнинг ўзлаштириши пасаймаслиги учун уйма-уй юриб, таълим олишларига ёрдам берганини эътироф этган.

Kun.uz мазкур кейснинг педагогик ва ҳуқуқий жиҳатларига эътибор қаратди.

  • Синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси қайси асосга кўра бекор қилинди?

Наманган вилояти халқ таълими бошқармасининг муносабатида мактаб директори ва ўринбосарлари Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига кўра, ҳайфсан ва огоҳлантириш олгани маълум қилинди. Бироқ ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишига қандай ҳуқуқий асос бор?

  • Ўқувчилар учун қўлланиладиган жазо чоралари белгилаб қўйилмаган-ку?

Ўқитувчилар дарс тайёрлаб келмаган ўқувчилари билан ишлашда қандай усул ва методлардан фойдаланиши мумкин ва қайсилари мумкин эмас? Бошқарма “бундай ҳолатларни қўллаш умумэътироф этилган мезонларга мутлақо зид” деб баҳолади. Лекин улар айнан қайси мезонлар? Эртага Ўзбекистондаги исталган ўқитувчи наманганлик устознинг аҳволига тушиб қолмаслиги учун нималарни билиши керак?

Ўқитувчи бошқа ишга жойлаштирилади

Саволларга аниқлик киритиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот котиби Лайло Рустамованинг маълум қилишича, педагог Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган, бироқ вилоят бошқармаси уни бошқа ишга жойлаштиришни режалаштиряпти.

Болага руҳий босим ва жисмоний куч ишлатиш мумкин эмас

Вазирлик маълумотига кўра, ўқитувчи билан меҳнат шартномаси умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилгани важи билан бекор қилинган.

Мазкур қоидаларда мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш ва чора кўриш тартиби белгиланган.

Унга кўра, ўқитувчи ўқувчининг қоғоз ёки электрон кундалигига танбеҳ ёзиши, қоида бузилиш такроран кузатилса, ўқувчини мактаб ички назорат рўйхатига олиши мумкин. Шу билан бирга, бу каби ўқувчилар билан якка тартибда шуғулланиб, синф жамоаси орасида муҳокама қилиш ҳам белгилаб берилган.

Қоидаларда ёзилишича, болага нисбатан руҳий босим ва жисмоний куч ишлатиш мумкин эмас.

Матбуот котибининг аниқлик киритишича, бу қоидаларга зид равишда болага нисбатан руҳий босим ва жисмоний куч ишлатиш ўқитувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Боланинг изза қилинишини руҳий босим деб баҳолаш мумкинми?

Розалия Габдулҳақова, психолог:

— Бу ҳолатни ўқувчиларга нисбатан босим сифатида қабул қилиш мумкин. Сабаби кичик синфларда боланинг ўзига бўлган ишончи энди шаклланаётган бўлади. Боланинг ташқи тарафдан бу каби ҳолатга тушиши унинг ўзи ҳақидаги фикри ёмонлашишига ва дарсга муносабати ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, боланинг синфдошлари ўртасида уялтирилиши ўқувчиларнинг ўзаро муносабатларига ҳам таъсир қилади. Сабаби болалар ўртасида ўзаро рақобат бўлади. Бир сафар уялтирилган болалар кейинги сафар бошқа ўртоғи дарс қилиб келмаганда “Уни ҳам уялтиринг” деб бошқа болаларнинг камчиликларини топиб, ўқитувчисига айтишга ҳаракат қилади. Шу тарзда болалар ўртасида муносабатлар бузилиши мумкин.

“Болани жазолаш қўрқувга сабаб бўлади, қўрқув билан эса бир неча марта дарс қилиш мумкин холос”

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети кафедра мудири, педагогика фанлари доктори Бекзод Хўжаевнинг қайд этишича, умуман олганда, бугунги педагогикада жазолаш деган метод йўқ. Замонавий педагогика жазолаш методини қўллашни тавсия қилмайди.

“Ўқитувчи ўқувчига ҳеч қандай жазо қўллаши мумкин эмас, аксинча, унда ўқишга бўлган қизиқиш ва мотивацияни ҳосил қилиши керак ва уни ҳам ички, ҳам ташқи рағбатлантириб бориши зарур. Шунинг билан ўқувчининг хулқ-атвори яхшиланади ва фанга бўлган қизиқиши ортади.

Ўқитувчи ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиши керак, сабаби болаларнинг физиологик ва психологик хусусиятлари, характери, темпераменти, қизиқишларининг йўналганлиги турлича. Агар ўқувчи яхши ўқимаса, демак, унда шу фанни ўрганишга нисбатан қизиқиш бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда у ўқувчини дарсдан кейин олиб қолиб ёки дарсда қўшимча шуғулланиб, қизиқишларини ҳисобга олиб, секинлик билан белгиланган талабларга жавоб берадиган даражага олиб чиқиши мумкин.

Агар ўқитувчи болани жазоласа, бунинг билан унда қўрқув шаклланиши ва бу қўрқув натижасида бир неча мартагина уйга вазифани бажариб келиши мумкин, лекин ўқувчида барқарор қизиқиш ҳосил қилинса, унинг ўзлаштириши одатга айланади”, – дейди педагогика фанлари доктори Бекзод Хўжаев.

Ўқитувчилар ва психологик зўриқишлар

Бекзод Хўжаевнинг қўшимча қилишича, ўқитувчи ўқувчининг шахсига тегиши ва жисмоний жазолаши мумкин эмас. Қолаверса, ўқитувчи болалар видеотасвирини ота-оналарга юбориши ҳам тўғри эмас.

“Лекин яна бир тарафи борки, ота-оналар ўқитувчини яхши дарс ўтади, деб таърифлашган. Балки у ҳақиқатан яхши дарс ўтиши мумкин. Бугунги инновацион таълим муҳитида хоҳлаймизми-йўқми, ўқитувчилар ҳам психологик зўриқишларга учрайди. Буни педагогик рисклар деб атаймиз. Ҳар доим объектив ва субъектив рисклар ўқитувчига таъсир қилади. Балки ўқитувчига жазо чораси қўллаётганда шу тарафларини ҳам инобатга олиши керак эди”, – дейди Бекзод Хўжаев.

Дарҳақиқат, ўқитувчилар охирги 2 йилда аввал карантин сабабли онлайн тарзда дарс ўтишга мослашишди, ҳозир эса умумтаълим мактабларида ҳужжатлар электронлашиши шароитига мослашишяпти. Босқичма-босқич турли янгиликларга мослашаётган ўқитувчиларга ҳам кўпроқ руҳий ва касбий қўллаб-қувватлов керакдир, балки.

Намангандаги ўқитувчи билан содир бўлган ҳолат мисолида устозларга нисбатан бешафқат эмас, кўпроқ адолатли бўладиган тизим яратиш ҳақида кўпроқ ўйлана бошланса ҳам ажаб эмас.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид