Жамият | 15:28 / 15.02.2024
32039
3 дақиқада ўқилади

Навоийлик ўқувчи қиз муддатидан аввал давлат имтиҳонида олиш мумкин бўлган 178 баллни тўплади

Қизилтепа туманидаги мактаб битирувчиси битта чет тилини билиш сертификатини ҳамда тўртта фандан миллий сертификатни қўлга киритган. Бу эса тиббиёт олий ўқув юртига ҳужжат топширишни режалаштираётган ўқувчи қиз учун 178 баллни тақдим этмоқда.    

Қизилтепа туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Мунаввара Чўлиева талаба бўлиш учун 178 баллни нақд қилиб қўйди. Бу ҳақда Kun.uz’га Қизилтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Алишер Умедов хабар берди.  

Мунаввара Чўлиева ўтган ўқув йилида, 10-синф пайти чет тилини билиш даражаси бўйича сертификатни ҳамда биология фанидан миллий сертификатни қўлга киритган.   

Жорий ўқув йилида эса у она тили ва адабиёти, тарих ҳамда кимё фанларидан миллий сертификатларни олган.  

Мунаввара мактабни битириб, тиббиёт олий ўқув юртига ҳужжат топширишни режалаштирмоқда. Демак, у фақатгина барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган фанлардан бири – математика фанидан 10 та тестни ишлайди холос.   

Миллий сертификат нима?

Сертификат – умумтаълим фанлари бўйича талабгорнинг билимини аниқлаб бериш учун мўлжалланган синов. Ҳозирги пайтгача математика, физика, кимё, биология, она тили ва адабиёт, рус тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти, тарих ва география бўйича сертификат имтиҳонлари ўтказилди.

Тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга амал қилувчи сертификат тақдим этилади.

Мазкур сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларининг бакалавриатига киришда қуйидагича баллар берилади:

  • энг юқори баллнинг 60 фоиздан 85 фоизигача тўплаганларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл;
  • энг юқори баллнинг 86 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганларга ушбу фандан белгиланган максимал балл; 
  • тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл.

Мажбурий фан учун белгиланган максимал баллни олиш учун талабгорнинг сертификат балли 60 фоиздан юқори бўлса етарли.  

Масалан, тиббиёт йўналишига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриент кимё ва биологиядан сертификат олиб қўйган бўлса, кириш имтиҳонида асосий блокдаги тестларни ишлаб ўтирмасдан фақат мажбурий фанлардаги тест топшириқларининг ўзинигина бажариши мумкин.  

Шулардан келиб чиқиб, Мунаввара Чўлиева қўлга киритган сертификатлар унга 178 баллни тақдим этмоқда.   

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Навоийда 11 ёшли қиз B2 сертификатини қўлга киритгани хабар қилинганди

Мавзуга оид