Бутан ва Судан орасида. Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғона пастлаб, 148-ўринга тушди
«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 11 поғонага пастлаб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади. Кузатувчилар Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазиятни «оғир»дан «жуда жиддий»га ўзгартиришган.
«Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ҳар йиллик анъанавий матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. 2024 йил якунлари бўйича тузилган рейтингда Ўзбекистон 11 поғонага пасайиб, 180 давлат орасида 148-ўринни эгаллаган.
Халқаро кузатувчилар 2024 йил бўйича Ўзбекистондаги ОАВ эркинлиги ҳолатини 100 баллдан 37,27 баллга баҳолаган.
Методология бўйича дунё мамлакатларидаги ОАВ эркинлигининг ҳолати беш хил индикатор: сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик нуқтайи назардан баҳоланган. Ўтган йил билан таққосланганда, индексда Ўзбекистоннинг ўрни сиёсий индикатор бўйича 20 поғонага, ҳуқуқий индикатор бўйича 17 поғонага, иқтисодий ва хавфсизлик индикаторлари бўйича 9 поғонага ёмонлашган. Фақатгина ижтимоий индикатор бўйича 2 поғона ўсишга эришилган.
«2016 йилда президент Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин оммавий ахборот воситалари учун вазият бирозгина яхшиланган, аммо давлат ҳокимиятини танқид қилиш қийинлигича қолмоқда», – дейилади ҳисоботда.
«Чегара билмас мухбирлар» Ўзбекистондаги вазиятни тасвирлар экан, расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳалигача амалга оширмаганини қайд этган. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини чеклаш кенг тарқалган. Мустақиллигини сақлаб қолиш ва катта жаримага тортилиш хавфи остида айрим маҳаллий интернет нашрлар ОАВ сифатида расман рўйхатдан ўтишни истамаслиги келтирилган. Давлат ОАВ ва ҳукумат билан алоқаларга эга бир неча блогерларни сезиларли даражада назорат қилишига ҳам урғу берилган. Шунингдек, расмий матбуот ёритолмайдиган мавзулар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниши, аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этувчи мамлакатда ижтимоий тармоқлар расмий ОАВда кам ёритиладиган коррупция муаммоси ҳақида ахборот алмашиладиган майдонга айланганига урғу берилган.
«Чегара билмас мухбирлар» блогер Отабек Сатторий иши ва 2022 йил ёзида Қорақалпоғистондаги намойишларни ёритган журналистларга нисбатан бўлган босимни ҳам эслаб ўтган.
Индексда мамлакатлар сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият «яхши», «қониқарли», «муаммоли», «оғир» ва «жуда жиддий» гуруҳларга бўлинган. Экспертлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазиятни «оғир»дан «жуда жиддий»га ўзгартиришган.
Матбуот эркинлиги индекси нафақат Ўзбекистон, умуман минтақада сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини кўрсатмоқда. Қозоғистон 8 поғонага пастлаб, 142-ўринга тушган. Тожикистон 155-ўринга тушиб, матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «ўта оғир» давлатлар қаторида қолган. Туркманистон эса 175-ўринга жойлаштирилган.
Марказий Осиёдаги энг эркин мамлакат дея кўрсатиладиган Қирғизистон рейтингда 2 поғонага юқорилаб, 120-ўринда қайд этилган. Аммо 2022 йилга қараганда 48 поғонага пастлаган.
Дунёдаги вазият – охирги 10 йилдаги энг ёмони
«Чегара билмас мухбирлар»нинг қайд этишича, дунё бўйлаб оммавий ахборот воситалари эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишда давом этмоқда – журналистларга ҳужумлар сони, шунингдек, ОАВ ходимларининг меҳнат шароити «фалокатли» дея таърифланган мамлакатлар сони ортган. Ўтган йил давомида дунёнинг 36 давлати мустақил журналистика амалда имконсиз бўлган давлатлар тоифасига кирган. Бу сўнгги ўн йилдаги антирекорддир.
«Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан зўравонлик кўламининг ошиб бораётгани қўрқинчли тенденция. Автократлар, лоббистлар ва демократия душманлари ҳар қандай ҳолатда ҳам мустақил репортажларга тўсқинлик қилишга уринмоқда», - деди «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бош директори Аня Остерхаус. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат қабул қилиниши мумкин эмас ва демократик ҳукуматлар журналистларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак. Чунки «матбуот эркинлиги - сайловчилар фикрини эркин шакллантириш ва кимга овоз бериш тўғрисида хабардор бўлиш натижасида қарор қабул қилишнинг муҳим шартидир».
Рейтингдаги юқори ўнлик:
1. Норвегия (=0);
2. Дания (+1);
3. Швеция (+1);
4. Голландия(+2);
5. Финландия (=0);
6. Эстония(+2);
7. Португалия (+2);
8. Ирландия (-6);
8. Коста-Рика (-3);
9. Швейцария(+3);
10. Германия(+11).
Собиқ совет республикалари:
6. Эстония (+2);
12. Латвия (+4);
13. Литва (-6);
31. Молдова (-3);
43. Арманистон (+6);
61. Украина (+18);
103. Грузия (-26);
120. Қирғизистон (+2);
142. Қозоғистон(-8);
148. Ўзбекистон (-11);
155. Тожикистон (-2);
162. Россия (+2);
164. Озарбойжон (-13);
167. Беларус (-10);
175. Туркманистон (+1).
Ҳисоботда, шунингдек, 2024 йил бошидан бери 12 нафар журналист ўлдирилгани, 544 нафар журналист ва 26 нафар медиа ходими ҳибсга олингани ҳақида сўз борган. Матбуот эркинлиги рейтингининг энг қуйи поғоналаридан Афғонистон, Сурия ва Эритрея каби мамлакатлар жой олган.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024