Ўзбекистон | 11:20 / 11.01.2022
79190
6 дақиқада ўқилади

Лукашенконинг «маслаҳати»: Аслида нимадан эҳтиёт бўлиш керак?

Александр Лукашенко КХШТ саммитида Ўзбекистон ҳам Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқариши кераклигини айтди. Бу сиёсатчининг навбатдаги эҳтиётсизлигими ёки мамлакатни ҳарбий блокка қайтишга ундаб қилинган ташқи босимми?

Қозоғистондаги тартибсизликларни маҳаллий ҳукумат террорчилар ҳужуми сифатида баҳолаб, КХШТдан ёрдам сўради. Шу билан биргаликда, Тўқаев томонидан хорижий аралашув бўйича илгари сурилган даъволарга ҳозирча исбот келтирилмади.

Қозоғистондаги тартибсизликлар. vnnews.ru

Фақат Россиянинг пропагандачи журналистлари, айрим партия раҳбарлари ва депутатлари ҳам Қозоғистонни Россия таркибига қўшиб олиш кераклиги борасида кетма-кет чиқишлар қилиб бўлишди.

Кимнинг сигири маъраса ҳам...

КХШТ (ОДКБ) саммитида Беларус президенти Александр Лукашенко «Ўзбекистон бу воқеалардан сабоқ чиқариши керак»лиги ҳақида гапирди. Бунга қўшимча қилиб унда хориждан ҳужум бўлиши ҳақида ишонарли ахборот борлигини айтди.

Лукашенко бу гапни «ОДКБга аъзо бўлмасангиз, Ўзбекистонга Россия қўшинларини киритмасангиз сизлар ҳам мана шундай балога мубтало бўласизлар», деган маънода гапирди, дейиш мумкин.

Лукашенко вазиятни шоша-пиша ўз қаричи билан ўлчаган кўринади. Қолаверса, «менда ишонарли ахборот бор», деб, Ўзбекистон разведкачилари ҳамда 30 йиллик армиясининг салоҳиятини ҳам шубҳа остига қўймоқчи бўлмоқда.

Ўзбекистон — ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, ўз ҳудудида аксилтеррор ҳаракатларни олиб бориш нуқтайи назаридан олиб қараганда, ўзини ўзи эплай оладиган давлат. Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилма агар у ҳарбий-сиёсий блокка айлантириладиган бўлса, ундан чиқиб кетиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Юртимизда хорижий давлатларнинг ҳарбий базаси очилишига ҳам йўл қўйилмайди — бу мавжуд қонунларга зид.

Шулар инобатга олинса, ўртага бошқа савол чиқади: бу баёнотни бошқа давлатлар етакчилари, биринчи навбатда Россия Федерацияси томонидан ўртага ташланган ва Беларусь президенти томонидан янграган ташқи сиёсий босим деб қараш мумкинми?

Лукашенко кимнинг қулоғига ёқадиган гап айтди? rtvi.com

Агар Беларус хавфсизлик органлари Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи муайян маълумотларга эга бўлишса, Беларус ва Ўзбекистон кучишлатар тузилмалари ўртасидаги иккитомонлама, шунингдек МДҲ доирасидаги ҳамкорлик ахборот алмашинув қай даражада ишламоқда? Бу маълумотлар ўзаро ҳамкорлик линиялари бўйича Ўзбекистонга берилганми?

Бу — Ўзбекистон, Қозоғистон эмас

Кўпчилик Ўзбекистон ТИВ томонидан Лукашенконинг бу фикрларига расмий жавоб берилмаётганидан ҳайрон.

Лукашенко таъкидлаганидек, Қозоғистондаги сценарий Ўзбекистонда такрорланиши мумкинми? Шубҳа йўқ-ку, бунинг эҳтимоли ўта паст. Россия Фанлар академияси жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Станислав Притчин Лукашенконинг сўзларига изоҳ берар экан, шундай деди: «Глобал миқёсда гапирилса, вазиятни беқарорлаштириш учун ҳар доим имконият бўлади. Аммо Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатни таққослайдиган бўлсак, бу ердаги вазият Қозоғистондагидан тубдан фарқ қилади: бу ерда Қозоғистондаги фожиали воқеалар арафасида бўлгани каби ҳеч қандай сиёсий бўлиниш йўқ».

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса Лукашенконинг хатти-ҳаракатларини тушунтирди.

«Лукашенко ўз вазиятини легитимлаштиришни, бошқа президентлар ҳам «уни тушунишлари»ни истайди. Яъни Лукашенко «ўтган йиллари Ғарб кучлари, қудратли сиёсий ҳокимият марказлари (жумладан, Москва ҳам) менга кўп азоб берди... Энди навбат сизга ҳам келяпти», демоқда.

Ўзбекистондаги ижтимоий кайфият Қозоғистондагидан, Беларусдагидан, Россиядагидан жиддий фарқ қилади. Ўзбекистон маъмурияти ёш ва легитимлиги юқори. Назарбоев ҳокимият тепасида 32 йилдан бери, Лукашенко — 28 йилдан бери, Путин — 22 йилдан бери ўтирибди. Бу давлатларнинг фуқаролари ўзларининг президентларидан жиддий зериккан», деб ёзади сиёсатшунос.

Барча якдил бўлиши керак

Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган ислоҳотларни барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки бу ишлар шаффофликни таъминлаш ва халқ фаровонлигини ошириш йўлида қилинмоқда.

Мустақилликнинг 30 йили ичида ўзбеклар кўп жабр-у ситам кўрди. Ҳокимиятдан ҳам, радикал кайфиятдаги террорчилардан ҳам. Ҳозир ўтмишда йўл қўйилган хатоларнинг барчасини ортга солиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда олдинга ҳаракатланмоқдамиз.

Узоқ йиллар давомида инсон ҳақ-ҳуқуқини чеклаган кўпгина қонун ва қоидалар бекор қилинди. Ҳали олдимизда инсон манфаатини юксалтириш учун қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бош тамойил президент томонидан белгиланган — Халқни рози қилиш.

«Ўзбекистон, албатта, эҳтиёт бўлиши керак. Лекин, Ғарбдан эмас, шимолдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг издан чиқиши, натижада, вазиятга ташқи таъсирнинг ошиши, афсуски, шимол фойдасига бўлиш эҳтимоли юқори. Қозоғистонда шундай бўлди», деб ёзади Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон аскарлари

Биз ички можаро ва тушунмовчиликларни муроса-ю мадора йўли билан ечамиз. Ҳар қандай ташқи хуружларни доим аскарларимиз билаги билан бартараф қилиб келганмиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Юртимизга бегона юрт аскари қурол кўтариб кирмайди. Бунга армиямизнинг кучи ҳам, салоҳияти ҳам етади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид