Ўзбекистон | 23:21 / 13.03.2020
170788
9 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат ўйинларини бас қилиб, монополистни қўлламаслиги керак». Автосаноат кимларнинг қўлида?

Расул Кушербаевнинг айтишича, UzAuto Motors монополиясидан «бир гуруҳ номаълум шахслар фойда кўраётгани сезиляпти». Мурод Муҳаммад Дўстнинг эса ишончи комил: «Бу ерда қандайдир бир тўданинг манфаати бор».

Kun.uz UzAuto Motorsʼнинг автомобиллар нархини ошириши бўйича жамиятдаги турли соҳа вакиллари фикрини ўрганишда давом этади.

Бу гал депутат Расул Кушербаев, ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов ва ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст мавзу юзасидан ўз позицияларини маълум қилишди.

Расул Кушербаев: «18 мингта иш ўрни ва солиқни деб, 34 миллион кишини қийнашяптими?»

Расул Кушербаев 11 март куни «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан ташкил қилинган депутатлар, «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors вакиллари ўртасидаги мулоқотда иштирок этган эди.

«Айни пайтда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчи завод ишламаса, 34 миллионлик Ўзбекистон аҳолиси нимани йўқотади, дея улардан сўрадим. Мутасаддиларнинг аргументига кўра, 18 мингта иш ўрни ва солиқ тушумлари йўқотиларкан.

Очиғи, мен ҳайрон қолдим. Бор йўғи шуми? 18 мингта иш ўрни ва солиқ ҳисобига 34 миллион кишини қийнашяптими?

Яъни, қийнаш деганда, чет элдан икки баробар арзонга автомашина олиб киришнинг иложи бўлса-ю, бунга рухсат берилмаса. Ичкарида эса одамларнинг атайин оширилган нарх билан автомашина олишга мажбурланиши қанчалик тўғри?» – деди Кушербаев.

Депутатнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг 34 миллион аҳолиси қийналиши 18 минг иш ўрни ва давлатга тушаётган 4 триллион сўм бюджет тушумлари ҳисобига бўлиши – адолатсизлик.

«Агар завод шу сабаб билангина ушлаб турилган бўлса, бу жудаям нотўғри иш. Унда бу заводни ё ёпиш керак, ёки хусусий секторга сотиб юбориш керак.

Ўша мулоқотда биз бошқа ечимларни ҳам таклиф қилдик. Масалан, четдан импорт қилиш мумкин бўлган автомобиллардан олинадиган давлат божини 20 фоизгача туширишнинг ўзи давлатга завод келтирадиган фойдани беради. Балки шу йўлни синаб кўриш керакдир.

Яъни, бутун бир халқ, жамият манфаат топишидан кўра, бир гуруҳ номаълум шахслар мана шу ишлар ортидан фойда кўраётгани сезиляпти.

Заводдаги коррупцион ўйинлар, очиқланмаган, яширин ишлар янаям шубҳали саволларни туғдиряпти. Бу кетишда одамлар бу саноатдан рози бўлмайди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни қўшни давлатларда арзон, ўзбекистонликлар учун эса қиммат сотилаётганини яшириб бўлмайди-ку ахир».

Депутат биз билан суҳбатда, бутун дунёда ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотини халқига арзон беришга интилса, Ўзбекистонда бунинг тескариси эканлиги ҳақида ҳам гапирди.

«Бу ҳаммада норозилик келтириб чиқаряпти. Хафа бўлаётганим – бир гуруҳ шахслар ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўймоқда», – дея афсус билан суҳбатни якунлади Кушербаев.

 

Нуриддин Муродов: «Россияда нархлар биздагига қараганда 30-40 фоизга арзон»

Фото: ХПК

Ҳуқуқшунос Нуриддин Муродовнинг таъкидлашича, ҳозир билдирилаётган фикрларни миллий автосаноатимиз фаолиятига қаршилик деб тушуниш керак эмас.

«Миллий маҳсулот бўлгани яхши. Аммо бу ерда ўйланиши керак бўлган масала – нима қилинса автомобиль саноатимизга бозор механизмлари кириб келиши.

Соҳадаги бугунги аҳвол қониқарли эмас. Ваколатли қўмитанинг расмий хабарига кўра, экспортга йўналтириладиган Ravon R2 (Spark), Ravon R3 (Nexia), Ravon R4 (Cobalt) Россия бозорларида чегирмалар билан сотилмоқда, бу эса ички нархлар билан 20-50 фоизгача тафовут қилмоқда», – деди Муродов.

У, шунингдек, Россиядаги «АвтоВАЗ» маҳсулотларининг ички бозордаги нархларини Ўзбекистон ҳудудидаги нархлар билан солиштирди. Унга кўра, Россияда нархлар биздагига қараганда 30-40 фоизга арзон.

«Сўнгги уч йил давомида корхона томонидан 167та янги ускуна ва технологиялар ишга туширилган. Бу – корхонада мавжуд технологияларнинг атиги 2,1 фоизини ташкил қилган. 2017-2018 йилларда янги иш ўринлари яратилмаган.

Бу ҳолатни ҳеч қанақасига тушунтириб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди. Бу на бозор иқтисодиёти қонуниятлари ва ҳатто эски режалаштириш иқтисодиёти қонуниятларига ҳам сиғмайди.

Ҳуқуқшуноснинг қўшимча қилишича, UzAuto Motors каби монополистнинг маҳсулотлари оммавий оферта орқали сотилади. Оммавий оферта эса, иккинчи томоннинг, яъни аҳолининг розилиги билан амалга оширилади.

«Фуқаролик кодексининг 27-бобида шартнома тузиш тўғрисидаги қоидалар, тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари, шунингдек, тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланиши кўрсатилган.

Бундан ташқари, оферта, офертага таклиф этиш, оммавий оферта, акцепт каби тушунчалар белгилаб қўйилган ахир», – деди Нуриддин Муродов.

 

Мурод Муҳаммад Дўст: «Ҳукумат ўз ўйинларини қўйиб, бу монополистни умуман қўлламаслиги керак»

Таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг сайт мухбирига айтишича, у бир неча кун аввал UzAuto Motors мутасаддиларининг депутатлар билан бўлган учрашувини ОАВ орқали кузатган.

Ёзувчининг хулосасига кўра, мутасаддилар берилган саволларга ёлғон жавоб беришган.

«Учрашувда корхона мутасаддилари ёлғон гапираётгани юзу кўзларидан шундай сезилиб қолди. 

Яхши ниятлар билан барпо этилган автомобил заводи ўзини оқламади. Оқлаши мумкин эди, қачонки бизнинг завод бозор муносабатлари, бозор қоидалари асосида ишлаганида.

Эсингизда бўлса, 2008 йилда бутун дунё бўйлаб иқтисодий инқироз кузатилди. Ўша пайти, бизда иқтисодий инқироз бўлмайди, деб дўстлар билан ўзаро ҳазиллашар эдик, негаки, иқтисодий инқироз росмана иқтисод бор жойда бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, инқироз бизнинг чор атрофдан иҳоталанган биқиқ иқтисодимизни четлаб ўтди», дея кулги аралаш гапирди ёзувчи.

Кўп йиллар президент девонида турли масъул лавозимларда ишлаган Мурод Муҳаммад Дўст суҳбатда ҳукумат эндиликда монополист корхонани қўллаб-қувватлашни бас қилиши кераклигини айтмоқда.

UzAuto Motors раҳбарияти мард бўлса, ҳақиқий рақобатга кучи етса, бозор қоидалари бўйича ишласин», деди у.

Ёзувчининг айтишича, ўзбек автосаноати фаолиятида алоҳида шахслар манфаати устуворлик қилади.

«Бу ерда қандайдир бир тўданинг каттагина манфаати бордай. Эсингизда бўлса, бир пайтлар корхона ичидаги шахслар томонидан автомобилларни арзон баҳода четга чиқариб, кейин яна Ўзбекистонга қайтариб қиммат баҳода сотиш ҳолатлари ҳам бўлган», – дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Мурод Муҳаммад Дўст «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодировнинг мулоқотдаги ҳаракатларидан қаттиқ ранжиганини ҳам яширмади.

«Кечаги мулоқотда Алишер Қодиров деган депутатнинг гаплари, ҳаракатларини эшитиб-кўриб жуда уялиб кетдим. Йигит кишида озгина ғурур бўлиши керак. Агар у адолатни ҳимоя қилолмаса ақалли жим турса маъқулроқ бўлар эди. Халқ сайлаган вакил халққа очиқдан-очиқ жабр қилаётганлар тарафини олиши нимани англатади? Ва умуман, уни ростдан ҳам халқ сайлаган эдими?», – деди у.

UzAuto Motors ҳақиқий рақобатга кучи етса бозор қоидалари бўйича ишласин. Рақобат бўлмас экан, эски ўйинлар қиёмат қадар давом этаверади», – деди Мурод Муҳаммад Дўст.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид