Жамият | 16:40 / 08.11.2025
15025
5 дақиқада ўқилади

У одам ўлдирган, асирларни қиморга тиккан, лекин уни дунё ҳурмат қилади. Нега?

Бу инсон дунёнинг энг машҳур инсонларидан бири. У одам ўлдирган, кўплаб гуноҳлар қилган, ҳирс ва манманликка берилган. Лекин айнан шу одамни инсоният “виждон муҳандиси” деб атайди. Бу – Лев Толстой. Унинг “Иқрорнома”си эса инсоннинг ўз қалби билан суҳбати. Бугун “5 дақиқа”да шу асарни муҳокама қиламиз.

Иқрорнома” – бир инсоннинг ўз виждони олдидаги эътирофи, бутун инсоният учун маънавий огоҳлик. Толстой бу асарни эллик ёшидан кейин, энг навқирон пайтида ёзган. Бу ёшда одам одатда ортга қараб фахр билан “мен нималар қилдим?” дейди. Толстой эса аксинча, “мен нима қилмадим?” деб ёзади. У ўтган умрига қарайди ва ундан маъно излайди. Бу изланиш уни жаҳоннинг энг чуқур фалсафий асарларидан бирини яратишга етаклайди.

Асар сюжети аслида ёзувчининг ўз ҳаёти босқичларига қурилган. Болаликда у диндор муҳитда ўсади, лекин ўсмирликка етганда ўргатилган барча эътиқодларга шубҳа билан қарай бошлайди. Уни илм, маданият ва тараққиёт қизиқтиради. Унинг атрофидагилар “илмни биладиган”, “ҳақиқий замонавий одам” деб таърифлайди, аммо Толстойнинг қалбида бўшлиқ бор эди. У бой, шуҳратли, машҳур, аммо ички хотиржамлик йўқ эди.

“Мен қилмаган гуноҳ қолмади”

Толстой ўзининг жиноятларини – одам ўлдирганини, мужикларни қартада бой берганини, ҳирс ва манманликка берилганини очиқ тан олади. Бу иқрор ўқувчини ҳайратда қолдиради: “Бу ҳақиқатан ҳам улуғ Толстойми?” деб ўйлайди киши. Аммо айнан шу самимият, ўзини шафқатсиз танқид қилиш орқали Толстой инсонни англашнинг олий нуқтасига чиқади.

У ўз ҳаётини цензурасиз таҳлил қилиб, “мен қилмаган жиноят қолмади”, дейди. Аммо шунда англайди: ҳақиқий ёмонлик қилмишнинг ўзида эмас, балки уни ёмон деб билиб ҳам қилишдадир.

Мутолаа давомида ўзингизга оғриқли саволларни бера бошлайсиз: “Нима учун яшаяпман?”, “Яшашнинг маъноси нимада?”, “Бойлик, шон-шуҳрат, илм – булар нима учун керак?”. Бу саволлар нафақат XIX аср Толстойини, балки бугунги инсонни ҳам қийнайди.

Руҳий бўшлиқдан ёруғлик сари йўл

Толстойнинг фалсафий йўли “динсизлик”дан “руҳий эҳтиёж”га қараб боради. У атеизм, рационал фикр ва илмий назарияларни синовдан ўтказади, аммо уларнинг ҳеч бири унга енгиллик бермайди. У бир пайтлар “инсоннинг мақсади – тараққий этиш” деб ўйлаган бўлса, кейин тушунади: тараққий деб аталган иллат ортида ҳам ҳирс ва манманлик ётади. У шундай хулосага келади – ҳаётнинг ҳақиқий маъноси фақат руҳий покланишда, илоҳий ҳақиқатни тан олишда ва инсоннинг ўз виждони билан муросага келишидадир.

Асарда ёзувчи ўзини ҳеч қандай пардасиз кўрсатади, шу боис “Иқрорнома” нафақат фалсафий, балки психологик асар сифатида ҳам аҳамиятли. Одатда ёзувчилар ўзини оқлашга, идеал кўрсатишга уринади. Толстой эса ўзини ҳақиқий одам сифатида таништиради: камчилиги, адолатсизлиги, гумонлари билан бирга. Унинг куч-қудрати айнан шу чин инсонликда.

Хулоса

Инсон ўзини англамас экан, ҳаёт мазмунсиз. Толстойга кўра, инсоннинг вазифаси – руҳини тозалаш, виждонини уйғотиш ва ўзини Худога яқинлаштириш. Бу йўл оғриқли, лекин фақат шу йўл орқали инсон чинакам хотиржамликка етади.

Бугунги жамият учун ҳам “Иқрорнома”нинг аҳамияти беқиёс. Бу асар “техник тараққиёт” ортидан маънавий инқирозга учраётган бугунги одам учун ҳам айни муддао. У инсонга шундай дейди: “Сен қанча билим олма, қанча бойлик орттирма – агар қалбингда ёруғлик бўлмаса, сен ҳали ҳам йўл бошидасан”.

Исомиддин Пўлатов

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид