Ўзбекистон | 17:46 / 17.10.2018
6596
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Россия: Тиббий таълим йўналишида ҳамкорлик қилишга доир ҳужжатлар  имзоланади

18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия етакчи олийгоҳлари ташаббуси билан Ўзбекистон-Россия таълим форуми бўлиб ўтади. Форумда икки мамлакат президент маъмуриятлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Россия Федерацияси таълим ва илм-фан вазири, шунингдек икки давлат ОТМларининг 80 нафар ректори иштирок этади.

KUN.UZ мухбирининг Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига асосланиб хабар беришича, Ўзбекистон-Россия таълим форуми давомида икки мамлакатнинг тиббиёт йўналишида фаолият юритувчи олий таълим муассасалари ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Жумладан:

  • И.М.Сеченов номли Биринчи Москва давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ўртасида Англашув меморандуми;
  • Санкт-Петербург давлат педиатрия университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ўртасида "педиатрлик иши" ихтисослиги бўйича қўшма халқаро дастурни яратишга доир келишув;
  • Санкт-Петербург давлат кимё-фармацевтика университети ва Тошкент фармацевтика институти ўртасида ҳамкорлик битими;
  • Астрахань давлат тиббиёт университети ва Самарқанд давлат тиббиёт институти ўртасида ҳамкорлик келишуви;
  • Астрахань давлат тиббиёт университети ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасидаги ҳамкорлик битими;
  • Курск давлат тиббиёт университети ва Тошкент тиббиёт академияси ўртасидаги ҳамкорлик келишуви;
  • Курск давлат тиббиёт университети ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасидаги ҳамкорлик битими;
  • Доғистон давлат тиббиёт университети ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасидаги ҳамкорлик келишуви;
  • Кубань давлат тиббиёт университети ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасидаги ҳамкорлик битими.

 Ўзбекистон-Россия халқаро форумнинг мақсади - илмий-тадқиқий фаолият ва  юқори малакали кадрларни тайёрлашга доир ҳамкорликни янги босқичга кўтариш. Форум Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича долзарб вазифаларни очиқ ва кенг муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек конференция давомида кафедраларнинг қўшма факультетларини яратиш, педагог ва профессорлар малакасини ошириш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, ўқув ва илмий адабиётлар алмашуви, бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Форум якунларига кўра, қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • Ўзбекистонда Россия олийгоҳлари филиалларини очиш;
  • Академик алмашувни кенгайтириш;
  • Қўшма илмий ва инновацион форумлар ўтказиш;
  • Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
  • Қўшма тадбирлар ўтказиш;
  • ОТМлар ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;
  • Ҳамкорликни кенгайтириш.
Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид