Ўзбекистон | 09:04 / 15.11.2025
2976
1 дақиқада ўқилади

Ягона портал маълумотлари қоғоз ҳужжатлар билан тенг юридик кучга эга бўлди

1 ноябрдан бошлаб фуқароларнинг шахсий маълумотларини олиш ва тақдим этиш жараёни my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда. Эндиликда порталдаги маълумотлар қоғоз шаклдаги ҳужжатлар билан тенг юридик кучга эга бўлиб, давлат идоралари уларнинг қоғоз нусхасини талаб қила олмайди.

1 ноябрдан бошлаб фуқароларнинг шахсий маълумотларини олиш ва тақдим этиш жараёни my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда.

Эндиликда фойдаланувчилар ўз маълумотларини онлайн кўриш, зарур ташкилотларга тақдим этиш, уларни ягона рақамли манбадан бошқариш имкониятига эга бўлди.

Ягона порталдаги маълумотлар қоғоз ҳужжатлар билан тенг юридик кучга эга. Бу эса давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқаролардан қўшимча равишда қоғоз шаклдаги маълумотномалар ёки ҳужжатлар нусхасини талаб қилиш амалиётини қисқартириши керак.

Шунингдек, янги тартиб вақт ва маблағ тежалишига, навбатлар ва ортиқча бюрократик жараёнларни камайтиришга, давлат хизматларининг рақамлаштирилишини жадаллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тегишли идоралар фуқароларга my.gov.uz портали имкониятларидан фаол фойдаланиш, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларни кузатиб бориш орқали янгилик ва қулайликлардан хабардор бўлиб туришни тавсия қилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид