Ўзбекистон | 18:32 / 24.03.2021
44634
3 дақиқада ўқилади

Президентга янги матбуот котиби тайинланди

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари - президентнинг матбуот котиби этиб тайинланди. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги видеоселекторда Шерзод Асадовни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари - президентнинг матбуот котиби сифатида таништирган. Давлат раҳбари Шерзод Асадов турли лавозимларда ўзини кўрсатгани, хорижда ҳам ишлаб келганини таъкидлаб ўтган.

«Кўп ўйлаб шу қарорга келдим. Бугун Шерзод Асадовни президентнинг матбуот котиби этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзоладим. Тилни билади, дунёни кўрган. У ҳам катта кураш майдонига киряпти. Шу фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиман, Шерзод Асадов давлат сиёсатининг ёритилишига масъул бўлади.

Унга жуда масъулиятли вазифа топшириляпти. Барча идораларнинг матбуот котибларини ўқитиш, малакасини ошириш керак. Солиштириш, холисона ёндашувни ўргатиш керак. Ҳар бир вазирлик матбуот хизматлари Асадовга бўйсунади ва ҳисобот беради. У барча идоралар, ҳокимликлар матбуот котиблари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Аввалги давр билан солиштириш керак, ҳозирги адолатли сиёсатни халққа етказиш керак. Дунёда ахборот оламида кескин курашлар кетяпти. Буни тўғри англаб етиш керак», деган давлат раҳбари.

Маълумот учун, Шерзод Асадов 2015-2017 йилларда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ёрдамчи бўлган, 2017 йилдан Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасида иш бошлаган, 2018 йилдан Ўзбекистоннинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчисига айланганди.

Шерзод Асадов 2020 йил мартида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бу янгиликка муносабат билдирди.

«Шерзод Асадовни тажрибали, халқаро ташкилотлар талабларини яхши тушунадиган етук кадрлардан бири деб ҳисоблайман. Ўз вақтида унинг бевосита ёрдамида биз ЕХҲТ ва Европанинг кўплаб мамлакатларининг сўз эркинлиги билан боғлиқ ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, кўплаб лойиҳаларни амалга оширган эдик.

Ўйлайманки ушбу тайинлов фақат яхшиликка хизмат қилади. Юқорида сўз эркинлиги ва очиқликнинг давлат ва жамият, шунингдек, халқаро миқёсдаги ролини тушунадиган яна битта савияли одам пайдо бўлди ва бу билан барча матбуот ходимларини самимий табриклайман. Бизнинг сафимиз яна битта одамга кўпайди. Шерзод Асадовни осон бўлмаган, масъулиятли ва шарафли вазифа билан қутлаб, унга омад тилаб қоламан», дея ёзган у телеграмдаги каналида.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директори бўлган Асад Хўжаев 2017 йил мартидан августгача президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати раҳбари бўлган. Кейинроқ бу лавозимда Комил Алламжонов қарийб бир йил давомида - 2017 йил декабридан 2018 йил октябригача ишлаган.

2020 йил ёзидан буён президент матбуот котиби вазифасини президент администрацияси раҳбарининг ОАВ масалалари бўйича ўринбосари Дилноза Зиямуҳамедова бажариб келаётганди.

Мавзуга оид