Ўзбекистон | 12:25 / 24.12.2021
30474
4 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримованинг музлатиб қўйилган маблағларидан бир қисми «Takilant» компаниясига қайтарилади

Швейцария суди Гулнора Каримова бенефициари бўлган «Takilant» компаниясига музлатиб қўйилган маблағлардан 70 миллион долларга яқинини қайтариш ҳақида қарор қабул қилди.

Фото: Nader Daoud, Wikipedia

Швейцария Федерал жиноят суди Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид жиноий иш доирасида навбатдаги қарорни қабул қилди.

Қайд этилишича, Каримова бенефициари бўлган «Takilant» компаниясига музлатиб қўйилган маблағлардан 70 миллион долларга яқини қайтарилади. Бунга ушбу маблағлар жиноят натижасида қўлга киритилмагани асос сифатида кўрсатилган.

Шунингдек, «Takilant» айни пайтда тергов қилинаётган бешта Швейцария банкининг иккитаси билан бевосита алоқадорлиги тасдиқланган. Компаниянинг музлатиб қўйилган умумий маблағлари 350 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган. Суд қарорига кўра, компания билан алоқадор бўлган шахсларнинг бир қанчаси пул ювиш билан боғлиқ жиноий ишларда айбдор деб топилгани боис ушбу маблағлардан 293 миллион доллардан ортиғи мусодара қилинади.

Пулларнинг катта қисми мусодара қилинганига қарамай, Каримованинг адвокатлар жамоаси суд қарорини қандайдир ғалаба сифатида қабул қилган.

«Авваламбор, Жиноят ишлари бўйича Федерал суд мижозимиз бир неча йилдан бери Ўзбекистонда қамоқда ушлаб турилаётганидан унинг барча мол-мулкини мусодара қилиш мақсадида фойдаланмади. Бундан ташқари, суд яна бир муҳим масалада биз томонда бўлди: судьялар Тошкентдаги суд жараёнида мижозимизнинг асосий фундаментал ҳуқуқлари қай даражада ҳурмат қилганини текшира олмагани сабаб Ўзбекистон судининг барча ҳукмларини бекор қилди», дея изоҳ берган Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Адвокатнинг қўшимча қилишича, Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан тергов ҳали ҳам давом этмоқда ва шу нуқтайи назардан у ҳамон айбсиз.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 3 декабр куни Швейцария федерал апелляция суди Гулнора Каримовани Гибралтар офшор ҳудудида рўйхатдан ўтган «Takilant» компаниясининг ҳуқуқий эгаси деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантирганди. Ушбу компаниянинг Швейцария банклари ҳисобрақамидаги қарийб 350 миллион доллар миқдоридаги активлари 2018 йили қабул қилинган жиноят иши қарори билан музлатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Қонунчиликка мувофиқ, жазо муддати 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланган.

2020 йил майида Ўзбекистон ҳукумати Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активларни қайтариб олганди. Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирганди.

Ўтган йилнинг июн ойида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.

2020 сентябрда эса Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳисобрақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берганди.

Мавзуга оид