Ўзбекистон | 15:00 / 28.07.2021
36527
3 дақиқада ўқилади

1 октябрдан “тонировка” рухсатномаси фақат ЯИДХП орқали берилади

1 октябрдан бошлаб, автотранспортлар ойналарини қорайтириш учун рухсатнома фақат my.gov.uz порталидан олинади. Эслатиб ўтамиз, давлат хизматларидан ягона портал орқали фойдаланилганда белгиланган тўловга нисбатан 10 фоиз чегирма берилади.

Бугун, 28 июл куни “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

2021 йил 1 октябрдан автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари автотранспорт воситаси эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилади. 

Автотранспорт орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 см.дан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди.

Рухсатнома 1 йил муддатга берилади. Ариза берувчи томонидан рухсатнома учун тўлов 10 кун муддатда амалга оширилади. Рухсатнома аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатигача қайта расмийлаштирилади. ЯИДХП орқали рухсатномани қайта расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 14 июл куни парламент депутати Дониёр Ғаниев Ички ишлар вазирлигига асосланиб, “тонировка” нархини камайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилганди.

Бу йил баҳор охири ва ёзнинг илк кунлари анча жазирамали келди. 31 май куни Ўзбекистонда 80 йиллик ҳарорат бўйича мутлақ максимум қайд этилди3–7 июнь ҳамда 5, 7 ва 8 июль кунлари эса Тошкентда уч асрнинг максимум ҳарорати кузатилди.

Айни пайтда автомобилларнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) рухсатномаси нархи жисмоний шахслар учун 1 йилга 5 БҲМ – 1 225 000 сўм этиб белгиланган. Ҳам орқа, ҳам олд ён ойналар тонировкаси учун эса бир йилга 50 БҲМ – 12 250 000 сўм тўлаш зарур. Мазкур хизматдан ягона портал орқали фойдаланганда 10 фоиз чегирмага эга бўлиш мумкин. Юқоридаги айтилганидек, 1 октябрдан бошлаб ушбу хизмат тури фақат ягона портал орқали кўрсатилади.

Шу йил феврал ойида ИИВ ЙҲХББ рухсатсиз «тонировка» учун жарима миқдорини камайтириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилганди. Қайд этиш керак, икки йил олдин автомобил ойнасини рухсатсиз қорайтирганлик учун жарима миқдори нақ 25 бараварга (25–40 БҲМ) оширилган.

Мавзуга оид