Бош вазир ўринбосари тадбиркорлар билан учрашувда газдан узилган иссиқхоналарни тармоққа улаш ҳақида топшириқ берди
27 октябрь куни Энергетика вазирлигида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан бирга иссиқхона фаолиятини ташкил этган тадбиркорларни қабул қилган. Учрашувда газдан узиб қўйилган иссиқхона хўжаликларини зудлик билан табиий газ тармоғига улаш бўйича топшириқ берилган.
Ҳозирча газ, кейин барибир муқобил энергия
“Энергетика вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев иссиқхоналарни газ тармоғига улаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Шу билан бирга, босқичма-босқич муқобил энергияга ўтиш учун ҳаракатни бошлашимиз кераклиги ҳам тушунтирилди. Бирданига муқобил энергияга ўтилмайдиган бўлди. Ҳукумат вакиллари билан бу масалани бирданига эмас, босқичма-босқич ҳал қилишга келишиб олдик.
Шунингдек, учрашувда анчадан бери тайёр турган, аммо имзоланмаган президент қарори лойиҳаси масаласи ҳам кўтарилди. Ушбу ҳужжат лойиҳасида иссиқхоналар фаолияти билан боғлиқ тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифлар ҳам акс эттириладиган бўлди. Энергетика вазирлигидан чиқиб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига келдик ва президент қарори лойиҳасини ўқиб чиқиб, таклифларимизни ёзиб қолдирдик. Учрашув қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов раҳбарлигида ўтказилди”, дейди Kun.uz мухбири билан учрашган тадбиркорлардан бири.
“Учрашувда фаолиятимизга дахлдор барча вазирлик ва идораларнинг, тижорат банкларининг раҳбарлари шахсан иштирок этишди. Бош вазир ўринбосари бизни қийнаётган барча муаммоларни диққат билан эшитди. Уларнинг ечимлари бўйича таклифларини билдирди.
Хусусан, энергетика вазирига куч-қиш мавсумида иссиқхоналарни тўлиқ газ билан таъминлаш ҳақида топшириқ берилди. Фақат газ учун қарздорлик бўлмаслиги сўралди. Олдиндан тўлов асосида ишлатишга рухсат берилди. Қолган масалаларга ҳам бирма-бир ечим топилиши айтилди. Президент қарори лойиҳаси қабул қилинса бошқа муаммоларимиз ҳам ҳал бўлиши кутилмоқда.
Учрашувда эришилган энг катта натижа шу бўлди аслида. Энергетика вазирлигидан чиқишимиз билан Самарқанддаги ҳамкасбларимиз газчилар келиб иссиқхоналарни қайта газ тармоғига улаб беришгани ҳақида хабар беришди. Бухорода газга уланишга рухсат берилгани ҳақида хабар берганимиздан сўнг тадбиркорлар қўй сўйиб байрамни бошлаб юборишди”, дейди таҳририятимиз билан алоқада бўлиб турган бошқа бир иссиқхоначи.
Kun.uz манбасининг айтишича, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигидаги йиғилишда барчадан муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар сўраб олинганидан сўнг беш нафар тадбиркор Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов билан учрашувга таклиф этилган.
Газдан узилган иссиқхоналар
Республика бўйлаб иссиқхоналарни газдан узиш бошлангани, тадбиркорлар газ таъминоти корхоналарининг бу ҳаракатларидан норози бўлаётгани ҳақида аввал хабар бергандик.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан жойлардаги газ таъминоти филиалларига юборилган топшириқ хатида иссиқхона хўжаликларини табиий газга муқобил бўлган импорт кўмир ёки бошқа турдаги ёқилғи билан таъминлаш, куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчиларни расман огоҳлантирган ҳолда босқичма-босқич табиий газ етказиб борилишини тўхтатиш ҳақида сўз боради.
Иссиқхона эгалари 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида табиий газдан муқобил ёқилғига ўтиш кераклиги ҳақида огоҳлантириш олишган. Газ таъминоти корхоналари иссиқхонани иситиш учун газдан бошқа ёқилғига ўтилганда юзага келиши мумкин бўлган барча салбий оқибатлар учун жавобгарликни зиммасидан соқит қилиб, бунинг учун иссиқхона эгалари жавобгар бўлишини эслатган.
Бироқ тадбиркорлар муқобил ёқилғиларнинг ҳеч бири (кўмир, солярка, ўтин) газ ўрнини босмаслиги, натижада юзлаб гектар майдонларда етиштирилаётган минглаб тонна ҳосил хавф остида қолганидан ёзғиришмоқда. Ҳудудлардаги масъул органлар уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича жўяли ечим таклиф этолмагани ортидан Ўзбекистон бўйича иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган шахслар Бош вазир Абдулла Арипов, Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов қабулига кириш учун пойтахтда тўпланишга қарор қилишган.
25 октябрь, сешанба куни иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўпланган. Gazeta.uz’нинг хабар беришича, республиканинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб иссиқхоначилар дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги олдида тўпланган. Шундан сўнг улар Президент Администрация раҳбари Сардор Умрзоқов билан кўришишга уринган, бироқ улар Вазирлар Маҳкамасига йўналтирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг масъуллари Ўзбекистон тарихи давлат музейининг фаоллар залида тадбиркорлар билан учрашув ўтказган. Мулоқот чоғида иссиқхона эгаларининг муаммолар ҳақида фикрлари, таклифлари тингланган. Вазирлар Маҳкамаси ва «Ўзтрансгаз» компанияси вакиллари ушбу масала юзасидан бош вазирга таклиф тайёрлаб, киритилишини, тадбиркорлар билан яна бир марта учрашув бўлишини маълум қилишганди.
Профилактик суҳбатлар
Газдан узилиши ортидан оммавий ахборот воситаларига интервью берган, шунингдек, муаммони ҳал қилиш мақсадида кўпчилик бўлиб Вазирлар Маҳкамаси, Президент Администрацияси бориш ғоясини илгари сурган иссиқхоначилар ўзлари яшаётган ҳудуддаги ички ишлар идораларига чақирилган. Улар бир неча соат ушлаб ўтирилгани, тушунтириш ишларидан сўнг қўйиб юборилгани айтилмоқда.
Республиканинг турли ҳудудларида яшовчи тадбиркорлар Telegramʼдаги гуруҳда 25 сентябрь куни Тошкентда тўпланиш, ҳукумат даражасидаги раҳбарлар билан учрашиб, қандай қилиб бўлмасин муаммога ечим топиш ҳақидаги чақириқлари ортидан ўзлари яшаётган тумандаги ички ишлар органларига чақиртирилган. У ерда тадбиркорлар билан профилактик суҳбат ўтказилган ва улардан ноқонуний гуруҳларга қўшилмаслик, рухсат олинмаган митингларда қатнашмаслик ҳақида тилхат ёздириб олинган.
Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи айрим тадбиркорлар душанба куни кечқурун профилактика инспекторлари уйларига келиб, уларни идорага олиб кетишгани, у ерда Telegram мессенжерида ташкил этилган ва республика бўйлаб иссиқхоначилар тўпланган гуруҳдаги ёзган фикрлари, хусусан, иссиқхоналарни газдан узиб қўйиб кўпчиликни хонавайрон қилаётган масъуллар шаънига айтган танқидий фикрлари, бунга қарши оммавий норозилик билдиришга чақириқлари учун Жиноят кодексининг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганини айтишмоқда.
Бироқ ҳозирча ҳеч бир тадбиркорга пойтахтга келиб расмийларга норозилик билдиришга урингани учун маъмурий ёки жиноий иш очилгани ҳақида Kun.uz’да маълумот йўқ. Манбаларга кўра, Telegram мессенжерида ташкил этилган гуруҳ ўчириб юборилган.
Мавзуга оид
14:18 / 22.11.2024
Зангиотада 14 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
11:31 / 22.11.2024
Энергетика вазирлиги: Иссиқхоналарга газ етказиб бериш бўйича чекловлар йўқ
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
15:05 / 12.11.2024