Ўзбекистон | 17:46 / 24.09.2021
28932
5 дақиқада ўқилади

«Кўчада ўқимасдан «права» олган юз минглаб потенциал қотиллар юрибди» – мутахассис аянчли ЙТҲлар ва Россиядан кўчирилган йўл белгилари ҳақида

Бугун, 24 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, йиғилишда қўмита эксперти Носиржон Зокиров йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётгани ва бунинг сабаблари ҳақида гапирди.

«Йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида келаётган маълумотлар худди фронтдан келаётганга ўхшайди, Тупроққалъа туманида 4 та ўлим, Андижонда 3 та ўлим, Қаршида бўлган ЙТҲ, бир-иккита ўлим бўлганларини гапирмаяпман.

Саволим Автомобиль йўллари қўмитаси вакилига: 2020 йил 19 сентябрь куни бўлган ялпи мажлисда қўмита раисининг ўринбосари Ўзбекистонда 408 мингта йўл белгиси етишмаслиги ҳақида маълумот берган эди. Статистика қўмитаси маълумотларида бу кўрсаткич 150 мингта эди, лекин расмийлар шу рақамни [408 мингта] айтишган. Ҳозирда бу масала бўйича ҳолат қандай, ижобий тарафга ўзгариш борми?» - деди у.

Шунингдек, қўмита эксперти 2019 йилда Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан тақдим қилиниб, тасдиқланган йўл белгилари бўйича давлат стандартлари ҳақида гапирди. Носиржон Зокировнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги йўл белгиларига оид стандартлар Россиядан кўчириб олинган.

«Мен уларни ўрганиб чиққанман, афсуски, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан келишилган йўл белгиларига оид стандартлар Россия Федерациясидан кўчириб олинган дейилган. Бизда йўқ белгилар шундай  таржима қилинганки… Сунъий нотекисликларни таржима ҳам қилиб ўтирмасдан рус тилидан тўғридан-тўғри кўчирилган. Майли, техник жиҳатдан таржима қилиш қийин бўлгандир. Лекин Россия стандартларида 5.31 йўл белгиси босиб чиқаришдаги хатолик туфайли 5.3.1 бўлиб қолган экан. Хато шу бўйича кўчириб олинган. Ваҳоланки, бизда ундай белги йўқ, бизга тўғри келмайди.

Норматив ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзи мустаҳкам бўлмаса, қандай қилиб йўл белгисини ўрнатиб ёки чизиқни чизиб бўлади?» деди эксперт. 

Носиржон Зокировнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ЙТҲларнинг аксарияти пиёдалар ўлими билан тугаяпти.

Носиржон Зокиров

«Пиёдаларни босиб кетяпти, уриб кетяпти. Ўзбекистондаги пиёдалар ўтиш жойлари қониқарсиз ташкил қилинган.

Масалан, Чироқчи туманидаги Хўжаобод қишлоғида Сенат назоратга олган ЙТҲ оқибатида вафот этган 7 ёшли қиз воқеасини олайлик. Мен бориб ўрганиб келдим, сенаторларга расмларини ҳам тақдим қилдим. Ўша ердаги одамлар билан гаплашдим. Чизиқларни чизиб қўйишган, балки белгиларни ҳам янгилашгандир. Лекин у ерда асосий масала қолиб кетган. Пиёдалар ўтиш жойидаги зебранинг кенглиги тахминан 2 метр бўлса, йўл ўртасидаги бетоннинг ёриғи ярим метр. Ўнта бола ўтаётган бўлса, ўртада кутиб қолади. Энг ёмони, фаросатсизликни қарангки, йўл таъмирловчилар бетонни ўйган, ўйганда ҳам 20 см атрофида пастки қисмида бетон қолган. Худди остонага ўхшаб бетон ўртада қолган. Ҳар бир ўтаётган одам унга қоқилса, йўлнинг нариги тарафига йиқилиб тушади-ку.  

Бундан ташқари, Қарши шаҳрида йўл белгилари нотўғри ўрнатилган. Пиёдалар ўтиши белгилари алмаштириб қўйилган. Бу ҳайдовчида нотўғри тасаввур ҳосил бўлишига олиб келади. Наҳотки шунга эътибор билан қарашнинг иложи бўлмаса», – деди эксперт.

Зокиржон Носиров Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон тизими умуман издан чиқиб кетганини таъкидлади.

«Асосий ЙТҲлар инсон омили оқибатида бўляпти. Бундай аянчли статистикалар давом этаверади, буни тўхтата олмаймиз. Чунки кўчаларимизда бир кун ҳам ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олган юз минглаб потенциал қотиллар юрибди. Ҳозир ҳалол ишлаётган автомобиль мактабларига кун йўқ, чунки дарс соатларини бераман деса, нархи ошади. Битта ҳудудда бир мактаб 1,5 миллион сўм бўлса, яна бир мактаб 900 минг сўмга ўқитади. Лекин дастур бир хил ва у бажарилиши керак. Асосий харажат ёқилғи билан боғлиқ, ёқилғини бермаса [амалий дарсларни камайтирса] албатта 900 минг сўмлик дарсларга боришади-да. Бу масалалар долзарб деб ўйлайман”, – деди эксперт.

Автомобиль йўллари қўмитаси ва ЙҲХБ масъуллари ушбу масалаларни ўрганиб, келаси мажлисда ахборот бериши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ҳафтада Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон ва Хоразмда содир бўлган ЙТҲларда 11 киши ҳалок бўлди.

Шунингдек, жорий йилнинг июн ойида мамлакат йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркибига ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилган эди.

Ишчи гуруҳ томонидан алоҳида эътибор, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар – йўллар ҳолати, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгилари, тартибга солинмаган чорраҳалар ва бошқаларга қаратилиб, уларни тубдан яхшилаш бўйича ҳар томонлама чоралар кўрилиши белгиланган. Лекин, бугунга қадар гуруҳ томонидан ЙТҲларни камайтириш бўйича бирор бир таклиф ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берилмаган.  

Мавзуга оид