Ўзбекистон | 15:54 / 13.10.2024
17230
4 дақиқада ўқилади

Диний қўмита Умра лицензияси учун янги талабларни эълон қилди

Лицензияловчи орган тадбиркорлар учун максимал қийин талабларни жорий қилди. Эндиликда “умрачи” турфирмалар 1 миллион долларни махсус жамғармага захира қилиши, хизматларни учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслиги ҳамда Саудиядаги ҳамкор ширкатга фақат банк орқали тўлов қилиши керак бўлади. 

2024 йил 12 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 668-сонли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонун билан жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 668-сонли қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган лицензия шартлари эълон қилинди. Хусусан, қуйидаги талаб ва шартлари жорий этилмоқда:

  • 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиш;
  • Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
  • Турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;
  • Вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
  • Ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
  • Зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат “Умра визаси”ни расмийлаштириш – бошқа виза билан олиб бориш ноқонуний ҳисобланади;
  • Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
  • Зиёратчиларга Макка ва Мадина шаҳарларида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш;
  • Халқаро йўналишда йўловчи ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;
  • Зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш;
  • Зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
  • Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик;
  • Хизматларни лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойдаги ваколатхона ёки филиал орқали кўрсатмаслик.

Умра зиёрати хизматини кўрсатиш бўйича лицензия соҳасидаги қонунбузарлик учун юридик шахсларга солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) этиб белгиланган.

Маълум қилинишича, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия якка тартибдаги лицензия тури ҳисобланади. Лицензияларни бериш танлов асосида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2024 йил октябр ойидан амалга оширилади.

Расмийларга кўра, талабларнинг кучайтирилиши Умра зиёратига олиб борувчи айрим турфирмалар “визаларни сохталаштириш, меҳмонхоналарда жой банд қилмаслик, қайтиш авиачипталарини харид қилмаслик” каби ташкилий камчиликларга йўл қўйган. Натижада 13 мингдан зиёд фуқаролар хорижда сарсон бўлган, бир неча минг фуқаро Саудия Арабистонида бўлиш қоидаларини бузгани учун депорт қилинган.

Маълум қилинишига, Ўзбекистонда бугунги кунга қадар 100 минг доллардан кам бўлмаган захира маблағларини тегишли ҳисоб рақамга қўйган 80 га яқин тур фирма фаолият олиб борган.

Ўзбекистонда 2022 йил охирида Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам ташкил этишга қисман рухсат берилган эди.

Кейинроқ ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 ноябрдан Умра тадбирларини ташкил этувчи турфирмаларнинг иши қийинлаштирилди. Хусусан, уларга лицензия олиш учун 100 минг доллардан кам бўлмаган маблағни банк реквизитига захира қилиш мажбурияти юкланди.

Мавзуга оид