Ўзбекистон | 21:16 / 27.07.2023
12182
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўп ЙТҲ бўладиган жойдан пиёдалар ўтиши тақиқланди. Бу – ЙТҲларни фақат кўпайтиради

Олий Мажлис олдидаги пиёдалар ўтиш жойида яна бир пиёда уриб юборилиши ортидан, пойтахт масъуллари бу ерга жамоатчилик талаб қилаётганидек светофор ўрнатиш ўрнига, “зебра” чизиғини шунчаки ўчириб ташлашга қарор қилди. Бу билан расмийлар келгусидаги эҳтимолий ўлимлар учун масъулиятни бўйнига олганини тушуняптими?

Фото: Kun.uz

Тошкентдаги энг хавфли пиёдалар ўтиш жойларидан бирида рўй берган ҳолат шаҳар раҳбарларининг автомобилларни пиёдалардан устунроқ деб ҳисоблашини яна бир марта яққол кўрсатиб берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқлар дўстлиги саройи яқинида, Бунёдкор шоҳкўчасини кесиб ўтувчи пиёдалар ўтиш йўлаги энди йўқ. Бу ердан ўтувчилар энди йўлнинг нариги томонига ўтиш учун 1 км масофани пиёда босиб ўтишга мажбур.

Автомобилларнинг қарийб 20 та ҳаракат бўлагини кесиб ўтиш талаб этиладиган пиёдалар ўтиш йўлагида светофор ўрнатилмагани сабабли ЙТҲлар тез-тез содир бўлиб турарди. Жамоатчиликка маълум бўлган охирги ҳолат 21 июл куни рўй берди.

Интернетда тарқалган видеолардан кўринишича, пиёдани ўтказиб юбориш учун кескин тўхтаган Damas'нинг орқасидан Lacetti келиб урилган. Натижада олдинга қалқиб кетган Damas пиёдалар йўлагидан ўтаётган аёлни уриб юборган. Хайриятки, аёл омон қолган.

Бу воқеа ортидан ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳокимлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига нисбатан танқидлар яна авж олди. Лекин бу танқидлар тескари натижа берди: масъуллар бу ердаги пиёдалар ўтиш жойини шунчаки йўқ қилиб юборишди.

Фото: Kun.uz

27 июл куни бу ерда бўлган Kun.uz мухбири “зебра” чизиқлари қора рангга бўяб ташлангани, пиёдалар ўтиш жойи йўл белгилари олиб ташлангани, унинг ўрнига пиёдалар ўтиши тақиқланишини англатувчи белги ўрнатилганига гувоҳ бўлди.

Мухбиримиз суҳбатлашган одамлар узоқ йиллардан бери мавжуд бўлган пиёдалар ўтиш жойига тугмали (пиёдалар томонидан бошқариладиган) светофор ўрнатиш ўрнига, йўлакнинг олиб ташланганини қоралади. Ҳақиқатан ҳам, йўлак йўқ қилингани билан, одамлар бу ердан йўлни кесиб ўтишда давом этяпти. Мухбиримиз 15 дақиқа ичида ўндан ортиқ одам йўлни кесиб ўтганига гувоҳ бўлди. Лекин энди хавф даражаси бир неча баробарга ортган.

Фото: Kun.uz

Энди худди шу жойдан йўлнинг нариги томонига қонуний ўтмоқчи бўлган пиёда ё Миллий боғ метро бекати, ёки энг яқин светофор – Бунёдкор ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасигача боришга мажбур. Ҳар иккала вариантда ҳам 1 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиш керак бўлади.

Kun.uz шаҳар раҳбарларининг бу хатти-ҳаракатини шаҳарларда аввало пиёдаларга устуворлик берилиши ҳақида юқори минбарлардан туриб такрор ва такрор айтилаётган баёнотларни обрўсизлантириш деб баҳолайди.

Инсон қадри шиор қилиб олинган мамлакатда масъуллар, шаҳарлар менежментига оид элементар қоидалардан бехабар ҳолда, очиқдан очиқ инсонлар ҳаётини хавф остига қўяётгани қабул қилиб бўлмас ҳолат, бизнингча.

Мавзуга оид