“Маданий мерос объектлари хусусийлаштирилиши мумкин эмас” — Маданий мерос агентлиги
Маданий мерос агентлиги Тошкент марказидаги ЎзА ва “Шарқ” нашриёти бинолари аукционга қўйилганига муносабат билдирди.
ЎзА ва “Шарқ” нашриётига тегишли Тошкентдаги бинолар (умумий ер майдони 3,02 гектар, бино майдони 56,5 минг кв.м.) яхлит комплекс сифатида хусусийлаштиш учун оммавий аукционга қўйилгани маълум қилинганди. Бунга Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.
Агентликка кўра, “Шарқ” нашриёти матбаа корхонаси АЖ бинолари (Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган) Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига маданий мерос объекти сифатида киритилган.
“Объект 1979-1983 йилларда қурилган жами 14 та бино, 2 та бино қисми ҳамда 5 та иншоотдан иборат бўлиб, умумий майдони 60 736,0 м2 ни ташкил этади.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган”, – дейилади расмий хабарда.
Бундан ташқари, агентлик “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига асосан, моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари хусусийлаштирилмайдиган давлат мулклари этиб эътироф этилганини қўшимча қилган.
“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу маданий мерос объектини аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан 21 сентябр куни огоҳлантириш берилди”, – дейилади агентлик хабарида.
Аввалроқ, бинолар сотувга қўйилгани учун “Шарқ” нашриёти Учтепа тумани Катта Хирмонтепа кўчасида жойлашган янги бинога кўчирилиши маълум қилинганди. Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, бунга бино ва ишлаб чиқариш ускуналари маънан эскиргани, таъмирталаб ва яроқсиз ҳолатга келгани сабаб бўлган.
Шу билан бирга, Миробод тумани Буюк Турон кўчасида жойлашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) шаҳарнинг Миробод тумани Матбуотчилар кўчасида жойлашган Матбуот уйига кўчирилиши хабар қилинган.
Бинолар замонавий шаҳарсозлик талабларига мос келувчи ягона мулкий мажмуага айлантирилиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк турон кўчасида жойлашган собиқ МХХ биноси ҳам хусусийлаштирилган эди. Бино сотувга қўйилган пайтда маданий мерос объектлари рўйхатида турган. Таъсисчиси собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли бўлган Metropol гуруҳи ушбу давлат мулкини сотиб олгани 2021 йил 17 июнда эълон қилинган, худди шу кундан эътиборан бино ҳукумат қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатидан ўчирилган. Бино 2023 йил ёзида бузиб ташланди, ўрнида йирик меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024