Жаҳон | 09:49 / 16.08.2025
11423
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда ит гўшти ейиш тақиқланди, фермаларнинг 70 фоизи ёпилди

Ёпилган фермаларда 346 минг бош ит бўлган, бу мамлакатда гўшт учун боқилган 468 минг бош итнинг 74 фоизини ташкил этади.

Фото: AP

Жанубий Кореяда ит гўшти етиштирувчи фермаларнинг кўпчилиги ёпилди. Бу мамлакатда бир йил аввал махсус қонун қабул қилинганидан кейин содир бўлди, деб ёзди Yonhap.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, қонун кучга кирган 2024 йил август ойидан буён мамлакатдаги ит гўшти етиштириладиган 1537 та ферманинг 1072 таси (70 фоизи) ёпилган. Ёпилган фермаларда 346 минг бош ит бўлган, бу мамлакатда гўшт учун боқилган 468 минг бош итнинг 74 фоизини ташкил этади.

Вазирлик 2025 йил охиригача бундай фермер хўжаликларининг 75 фоиздан ортиғи ёпилишини башорат қилмоқда. Вазирлик вакили бу кутилганидан юқори кўрсаткични жамоатчиликнинг ит гўштини истеъмол қилишни тақиқлаш «авлодимизнинг бурчи» эканлигини тушуниши ва ҳукумат томонидан берилган имтиёзлар билан боғлади.

Махсус қонун итларни кўпайтириш, сўйиш, тарқатиш ва гўшт учун сотишни тақиқлайди. Шунингдек, ушбу соҳадаги одамларга касбини ўзгартириш учун субсидиялар беради.

2027 йилдан бошлаб, уч йиллик ўтиш давридан кейин, қонунни бузганлар икки йилгача қамоқ ёки 30 миллион вон (тахминан 21 минг доллар) миқдорида жаримага тортилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Жанубий Корея Миллий ассамблеяси ит гўштини истеъмол қилишни тақиқловчи махсус қонун қабул қилган эди. Шунда мамлакат аҳолисининг 90 фоизи ит гўшти истеъмол қилинишига қарши эканини маълум қилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид