Тўхтаб қолган давлат хизмати ислоҳоти учун янги муддат белгиланди
Давлат ишига киришда очиқ танлов, мансаб поғоналаридан кўтарилишда эса меритократияни белгиловчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2021 йил 1 сентябргача ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2021 йил 1 сентябргача “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш;
- ходимларнинг касбга оид фазилатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилишининг шаффоф механизмларини жорий этиш.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш тартиби 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб жорий этилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар билан ишлаш, хўжалик ишлари, молия-иқтисод бўлинмалари ва назорат функциясига эга тузилмалар раҳбарларини муайян муддатда ротация қилиш ҳамда суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча механизмлар яратилади. Тегишли таклифлар 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
1 сентябргача Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси ишлаб чиқилиб, парламент палаталарининг қўшма қарори билан тасдиқланади.
Меҳнат кодекси ва бошқа қонунларга давлат хизматига қабул қилишда қариндош-уруғчилик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган нормаларни киритиш режа қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда давлат хизмати ислоҳоти 2019 йилда бошланган, аммо кейинроқ бу борадаги вазифалар кун тартибидан тушиб қолганди.
2019 йилда Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тузилган эди. Тегишли фармонда:
- “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини 2020 йил 1 февралгача,
- Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини 2020 йил 1 апрелгача ишлаб чиқиш;
- Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини 2019 йил 1 декабргача тасдиқлаш белгиланган эди.
Лойиҳаларда давлат ишига киришдаги очиқ танлов, мансаб пиллапояларидан кўтарилишдаги меритократия, кадрлар сиёсатида KPI'ни асос қилиб олиш кабилар айтиб келинади.
“Давлат хизмати тўғрисида”ги илк қонун лойиҳаси 2017 йил ёзида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилганди. 2020 йилда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” қонун лойиҳасини Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйганди.
Мавзуга оид
12:06 / 18.11.2024
Ўзбекистонлик давлат хизматчилари Оксфордда малака ошириши мумкин
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
19:42 / 07.11.2024