Жаҳон | 21:05 / 13.10.2025
7664
6 дақиқада ўқилади

Полша 2014 йилдан буён Россиянинг эҳтимолий босқинига тайёрланиб келади

Энди бу давлат Евроиттифоқдаги энг йирик ҳарбий державадир.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Сўнгги йилларда Россиянинг Европага тобора кучайиб бораётган тажовузкорлиги фонида Полша ўз мудофаасини сезиларли даражада мустаҳкамлади – 2024 йилда унинг қуролли кучлари Европанинг НАТОга аъзо мамлакатлари орасида энг йиригига айланди. Ҳозирда бу армияда 210 мингдан ортиқ ҳарбий бор. Бу Германия, Франция ёки Буюк Британияникидан кўпроқ. Полша ҳарбий хизматчилар сони бўйича НАТО мамлакатлари орасида фақат АҚШ ва Туркиядан ортда қолади, дея ёзади The Wall Street Journal Полша мудофаасига бағишланган катта мақоласида.

2014 йилдан бошлаб Варшава ўз қуролли кучлари сонини икки бараварга, ҳарбий харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг деярли 5 фоизи миқдорида оширди: 2025 йилда бунинг учун ЯИМнинг 4,7 фоизи йўналтирилган, 2026 йилда бу миқдор 4,8 фоизга етиши режалаштирилган. Бу Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлган 32 мамлакат орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Полша 2023-2024 йилларда 50 миллион долларлик харид билан Америка қуролларининг энг йирик сотиб олувчиси бўлган. Ҳарбий харажатлари туфайли Полша АҚШ президенти Доналд Трампнинг эътиборини қозонган. Полшанинг янги президенти Карол Навроцкий билан учрашувда Трамп Полшани қўллаб-қувватлашини билдирди, у Европанинг бошқа мамлакатларига доим ҳам бундай эътибор кўрсатмайди. «Биз Полшани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва унга ўзини ҳимоя қилишга ёрдам берамиз», – деди Трамп. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет 2025 йил бошида Варшавага ташрифи чоғида Полшани «намунали иттифоқчи» деб атаганди.

Полша ҳукумати Россия Владимир Путин раҳбарлигида Шарқий Европадаги анъанавий таъсир доирасини тиклашга интилмоқда, деб ҳисоблайди. Россиянинг Украинага, энди эса Европага қарши ҳаракатлари, WSJ ёзишича, полшалик сиёсатчиларни уларнинг мамлакати яна ўт очиш чизиғига тушиб қолганидан асабийлашишга мажбур қилмоқда. Аммо бу сафар, нашрнинг таъкидлашича, Полша тайёр бўлишни хоҳлайди.

«Бу бизнинг уруш», – деди Полша бош вазири Доналд Туск сентябр ойида хавфсизлик бўйича Варшава форумида Россия-Украина уруши ҳақида гапира туриб. У Полша ўз қуролли кучларини кенг кўламли модернизация қилишга қарор қилганини таъкидлади ва Европанинг бошқа давлатларини ҳам шундай қилишга чақирди. Туск бу нафақат Киевни қўллаб-қувватлаш учун, балки НАТОга аъзо мамлакатларнинг келажаги ва хавфсизлиги учун ҳам зарурлигини таъкидлади.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилиб, Донбассда уруш бошлаганидан сўнг Варшава Москва билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўра бошлаган. Полша ҳарбий стратеглари бир йил давомида энг ёмон сценарийларни таҳлил қилишган, шундан сўнг улар қўшинлар сонини тезда кўпайтириш ва қурол сотиб олиш ҳажмини ошириш орқали қуролли кучларни ислоҳ қилишга киришган.

Европанинг бошқа давлатлари «бошқа кимдир биринчи қадамни қўйишини кутишди», деганди Полша мудофаа вазири ўринбосари, 2018 йилги ислоҳотлар олдидан ўтказилган мудофаа бўйича стратегик шарҳга масъул бўлган Томаш Шатковски. «Охир-оқибат биз нафақат шарқий қанотнинг қолган давлатларидан, балки НАТОнинг аксарият Европа давлатларидан ҳам олдинга чиқиб қолдик», – деганди Шатковски.

2018 йилги ислоҳотлардан кейин ташкил этилган биринчи бўлинма 18-механизациялашган дивизия бўлиб, у юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида. Полша яна иккита шундай бўлинма тузмоқда. Бундан ташқари, мамлакат ўн минглаб ҳарбийлардан иборат ўз ҳудудий мудофаа кучларини яратди.

Полша учун устувор вазифа – аскарларни ўқитиш. Сентябр ойида 30 минг ҳарбий, жумладан, 18-дивизия АҚШ ва Нидерландия қуролли кучлари билан биргаликда «Темир ҳимоячи» номли машғулотларида қатнашди, унда полшалик аскарлар Американинг Abrams танклари, Жанубий Кореянинг баравар ўт очиш реактив тизимлари, HIMARS ракета тизимининг Полшадаги модификациясидан (Украина Россияга қарши урушда шундай тизимлардан фойдаланади) фойдаланишни машқ қилди.

Полша Россия билан зиддият юзага келган тақдирда НАТО мудофаасининг марказий элементи ҳамда Болтиқбўйи давлатлари –Эстония, Латвия ва Литва учун муҳим ҳамкор вазифасини бажаради, деб ёзади The Wall Street Journal.

Полша Россиянинг Калининград эксклави билан ҳам, Москванинг яқин иттифоқчиси Беларус билан ҳам чегарадош. «Инқироз юзага келган ҳолатда Болтиқбўйи мамлакатлари мудофааси АҚШ томонидан кучайтирилган Полша қуролли кучлари Калининград ва Беларусда [Россия қўшинларига] қанчалик қарши тура олишига боғлиқ бўлади», – деб ҳисоблайди Полша мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Томаш Шатковски.

Полша можаро юзага келганда жойлаштирилиши мумкин бўлган кўп сонли НАТО ҳарбийларини қабул қилиш имкониятига эга бўлиш учун ўзининг логистика имкониятларини ҳам яхшилади. Полша бунинг учун баъзи фуқаролик самолётларини модернизация қилмоқчи.

Аммо Полшага ўз қуролли кучларини мустаҳкамлаш қимматга тушмоқда, дея таъкидлайди WSJ. Яқин йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 3 фоизни ташкил этиши кутилаётганига қарамай, замонавий қурол-яроғ тизимларини қўллаб-қувватлаш харажатлари Полшанинг мудофаа бюджетидан ошиб кетиши мумкин.

Ҳозирда Полша Германия билан Берлин Иккинчи жаҳон уруши пайтида етказилган зарар учун товон сифатида Полша мудофаа харажатларининг бир қисмини қоплаши вариантини муҳокама қилмоқда. Германия томони бу Полшанинг товон талабларига чек қўйишига ва иккала давлатни мудофаа соҳасида тенг шароитга қўйишига умид қилмоқда. «Немислар учун репарация масаласи токсик масаладир. Полша орқали шарқий қанот хавфсизлигини таъминлаш масъулияти эса бундай эмас», – дейди Полшанинг Германия ва АҚШдаги собиқ элчиси Януш Рейтер.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид