Иқтисодиёт | 14:31 / 03.12.2025
1336
3 дақиқада ўқилади

Марказий Европа аграр ҳабида ўзбек мева-сабзавотлари премиум сегментга чиқмоқда

Мамлакатнинг Полшадаги элчихонаси дипломатлари Мазовия воеводалигида жойлашган Bronisze қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат улгуржи бозорига ташриф буюриб, Ўзбекистон ва Польша ўртасида аграр ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Марказий Европанинг ушбу йирик аграр ҳабида ўзбек тарвузи, қовуни ва қуруқ мева маҳсулотлари премиум сегментда ўз ўрнини топаётгани қайд этилди.

Фото: "Дунё" АА

“Дунё” мухбири хабарига кўра, 1995 йилда ташкил этилган Bronisze бозори Полшадаги энг йирик аграр савдо майдонларидан бири ҳисобланади. Бозор Марказий Европада мева-сабзавот, гуллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси бўйича асосий логистика нуқтаси саналади. 62 гектар майдонда жойлашган ушбу ҳудудда 10 дан ортиқ йирик савдо объектлари, замонавий логистика инфратузилмаси, сақлаш ва тақсимлаш марказлари фаолият юритади.

Элчихона вакилларининг бозор директори Кшиштоф Карпа билан учрашуви давомида Ўзбекистон ва Полша ўртасида агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш имкониятлари муҳокама этилди. Суҳбатда жаҳон бозорида озиқ-овқат занжири, логистика йўналишлари, шу жумладан, Марказий Европага етказиб берилаётган ўзбек маҳсулотлари улушини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бозор директори Bronisze майдонида Ўзбекистондан импорт қилинган тарвуз, қовун ва қуруқ мевалар муваффақиятли сотилаётганини таъкидлади.

— Бозоримизда Миср, Марокаш, Италия ва Испаниядан келтирилган тарвуз ва қовунлар ҳам бор, — дейди Кшиштоф Карпа. — Бироқ Ўзбекистонда етиштирилган полиз ва мева-сабзавот маҳсулотларининг таъми ва сифати юқори бўлиб, Полша бозорида ўз ўрнига эга.

Мулоқот чоғида томонлар маҳсулотларни экспорт-импорт қилишда Европа Иттифоқи сифат ва хавфсизлик стандартларига тўлиқ жавоб бериш, етказиб бериш муддатига риоя этиш, логистика интизомига амал қилиш, бозор эҳтиёжига мос равишда керакли ҳажмда ва белгиланган вақтда таклиф қилиш бўйича фикр алмашди.

Кшиштоф Карпа бозор ҳудудида био маҳсулотлар павильони қурилиши бошланганини маълум қилиб, унда Ўзбекистон ўз маҳсулотлари билан алоҳида иштирок этиши мумкинлигини қайд этди. Бу эса ўзбек мева-сабзавотларини Марказий Европа био ва премиум сегментида ҳам фаол тарғиб этиш учун янги имкониятлар эшигини очади.

Маълум қилинганидек, 2026 йилнинг биринчи яримида Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори ҳамда Тошкент вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Полшага ташрифи доирасида Bronisze бозори ҳудудида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари дегустацияси, шунингдек, бизнес-форум ўтказиш режалаштирилган.

Учрашув якунида Тошкент вилоятидаги улгуржи бозор ҳамда Bronisze ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, 2026 йилда Кшиштоф Карпа бошчилигида Полша бизнес-миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, Bronisze бозори ҳудудида ўзбек мева-сабзавотларини сақлаш, саралаш ва қадоқлаш имкониятларига эга бўлган махсус логистика ва савдо мажмуасини барпо этиш бўйича келишувларга эришилди.

Томонлар бу каби ташаббуслар ўзбек мева-сабзавотларини Марказий Европа аграр бозорида янада мустаҳкам позицияга олиб чиқиши, маҳсулотларнинг премиум сегментдаги мавқеини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид