Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полшадаги НАТО ҳаво ҳимояси миссияси Нидерландияга топширилди
Германия Полшада НАТОнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш бўйича деярли бир йиллик миссияни якунлади. Миссия Нидерландияга топширилди, немис ҳарбий хизматчилари эса Рождество байрамига қадар уйига қайтади.
Бундесвер яқин кунларда ўзининг Patriot зенит-ракета комплексларини Полша ҳудудидан олиб чиқади. Берлиндаги ҳарбий-ҳаво кучлари хабарига кўра, НАТОнинг ҳаво ҳимояси тизими доирасидаги миссия чоршанба, 10 декабр куни режага мувофиқ Нидерландия қуролли кучларига топширилган. Бундан ташқари, тахминан 200 нафар бундесвер ҳарбий хизматчиси «Рождество байрамларини ўз оиласи бағрида ўтказиш» имкониятига эга бўлади.
Германия ҳарбий-ҳаво кучлари таъкидлашича, миссиянинг марказий вазифаси Украина чегараси яқинида жойлашган Жешув транспорт тармоғини ҳимоя қилишдан иборат эди. Ушбу операцияда Patriot комплекcининг иккита бўлинмаси иштирок этган. Бу система баллистик ракеталар, учувчи ва учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек қанотли ракеталарни йўқ қилиш учун мўлжалланган. Бундесвер маълумотларига кўра, комплекснинг амал қилиш радиуси 68 кмни ташкил этади ва у бир вақтнинг ўзида бештагача нишонни уриб тушира олади.
«Миссия айниқса сентябр ойи бошларида муҳим аҳамият касб этди, ўшанда бир неча рус дронлари Полша ҳаво маконини бузиб кирган ва уларнинг бир қисми уриб туширилган эди», — дейилади ГФР ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотида. Немис бўлинмалари бу вазиятда «ҳаводаги умумий вазиятни шакллантиришга сезиларли ҳисса қўшган» ва «бутун инцидент даврида тўлиқ жанговар шай ҳолатда турган».
Зенит-ракетали 1-авиамиссия 2025 йил январ ойида бошланган. Унда Шлезвиг-Голштейн ва Мекленбург–Олд Шимолий Померания федерал ерларидаги бўлинмалар иштирок этган: Занитц шаҳридан 21-зенит бўлинмаси, Бад-Зюлце шаҳридан 24-бўлинма ва Хузумдан 26-бўлинма.
Мавзуга оид
10:45 / 29.06.2026
Германия Полшага 300 млн еврогача товон тўлаши мумкин
16:09 / 21.06.2026
Киев ва Варшава ўртасида – «орденлар уруши» кетмоқда
10:03 / 12.06.2026
Илон Маск 55 миллиард долларлик Terafab лойиҳасини илгари сурмоқда
22:32 / 09.06.2026