Ўзбекистон | 17:18 / 14.12.2022
9296
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «танқидга муносиб жавоб берадиган» талабалар гуруҳи ташкил этиш таклифи берилди

Вилоят ҳокими амалда ҳар бир туманда «троллар фабрикаси» тузиш таклифини берган талабани ишга таклиф этди.

Қарши давлат университети талабаси бўлган қиз вилоятнинг ҳар бир туманида олийгоҳ талабаларидан иборат, танқидий материалларга муносиб жавоб қайтара оладиган гуруҳлар ташкил этиш таклифини берди. Таклифни эшитган вилоят ҳокими Муроджон Азимов ушбу талаба қиз вилоят ҳокимлигига ишга олинганини айтди.

Моҳиятан «троллар фабрикаси» тузишни таклиф этган талаба қиз ташкил этилажак гуруҳларни турли техник жиҳозлар билан таъминлаш кераклигини ҳам билдирган.

Таклиф янграган лавҳа ҚарДУнинг Телеграмдаги расмий саҳифасига жойланган.

2022 йил 13 декабр куни ҚарДУнинг тиббиёт факултети учун қурилган янги бино фойдаланишга топширилган. Бу маросимда вилоят ҳокими Муроджон Азимов ҳам иштирок этган, тадбирдан сўнг вилоят ҳокими ҳамда ёшлар ўртасида мулоқот ўтказилган.

Мулоқот давомида талабалардан турли таклифлар эшитилган. Талаба қизлардан бири вилоят ҳокимига «юзта оқ нарсани кўрсатмасдан, битта қора нарсани кўрсатаётган» блогерларга қарши ишловчи кўнгилли талабалардан иборат гуруҳлар тузиш, сўнг улар ёрдамида танқидий материаллар тарқатаётганларга муносиб жавоб бериш ҳақида таклиф билдирган.

«Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳузурида вилоятимизнинг ҳар битта туманида ОТМ талабаларининг кўнгилли ёшларидан ташкил топган ёш блогерлар жамоасини шакллантириш ва уларни керакли техник жиҳозлар билан таъминлаш, ҳамда уларга мунтазам равишда ўқув-семинарларни ташкил этиш керак.

Бундан кўзланган асосий мақсад нима? Юртимизда олиб борилаётган, айниқса, Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни кенг халқ оммасига тарғиб қилиш бўларди. Айрим «блогерлар» томонидан танқидий масалаларга баъзи ҳолатларда нотўғри томондан ёндашаётгани вилоятимизнинг баъзи бир жойларида ва ўзингиз айтгандай бизни хафа қиладиган даражага етказяпти.

Биз шундай жамоа шакллантирайликки, юзта оқ нарсани кўрсатмасдан битта қора нарсани кўрсатаётганлар учун ижобий жавоб қайтара оладиган жамоа шакллантирсак, менинг таклифим шу», — деган талаба қиз.

Муроджон Азимов қизнинг таклифини эшитгач, унинг талаба эканлигини билиб уни вилоят ҳокимлигига ишга олишини айтган.

«Сиз талабамисиз, ё? Талаба бўлсангиз сизни вилоят ҳокимлигига ишга оламиз», — деган вилоят ҳокими.

Мазкур видео Қарши давлат университетининг Телеграмдаги расмий каналида «Ҳокимга таклиф берган талаба вилоят ҳокимлигига ишга олинди», изоҳи билан берилган. Постда талабага вилоят ҳокимлигидан қандай иш берилиши очиқланмаган.

Қарши давлат университети талабасининг бу таклифи танқидий материаллар чиқараётган сайтлар ва блогерларга «ўз вақтида муносиб жавоб бериш учун» талабалардан иборат гуруҳлар тузишга уринишнинг биринчиси эмас. Аввал ҳам бундай ҳолат кузатилган.

Жумладан, 2019 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетида танқидий материал эълон қилаётган сайтлар ва блогерларга қарши ишлаш учун троллар фабрикаси ташкил этилгани фош бўлган ва бу кенг жамоатчилик томонидан кескин танқидларга учраганди

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид