Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича давлатнинг ягона стратегияси йўқ — ЮНИСЕФ
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг 10 йиллик стратегияси ишлаб чиқилиши бундан бир йил олдин айтилган эди.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя масаласига комплекс ёндашилмаяпти. Бу борадаги вазифалар турли идоралар ўртасида бўлиниб кетгани боис, самарали сиёсат юритишнинг имкони йўқ.
ЮНИСЕФ пандемия даврида олиб борган ўрганишлари натижасида шундай хулосага келган. Бу ҳақда ташкилотнинг ижтимоий сиёсат бўйича дастури раҳбари Тинатин Баум маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Тинатин Баум Олий Мажлис аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган «Замонавий дунё муаммоларига қарши тура оладиган ижтимоий ҳимоя тизими» давра суҳбатида сўз олди.
Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг ошиши, 900 мингдан зиёд киши камбағаллик ёқасига келиб қолиши қайд этилган.
Тинатин Баум агар мамлакатдаги ижтимоий таъминот тизими бўлмаганида, аҳолининг 39 фоиздан ортиғи камбағал бўлиши мумкинлигини ютуқ сифатида эътироф этди.
«Бироқ тизимда бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Мамлакатда аҳолининг 55 фоизигина ижтимоий таъминотнинг у ёки бу шакли билан қамраб олинган. Бола нафақаси белгиланиши керак бўлган аҳолининг 75 фоизи нафақани олмаяпти. Болалар ва ногиронлиги бўлганларнинг фақатгина 46 фоизи керакли тўловларни олади.
Ижтимоий ҳимоя бўйича давлатнинг ягона стратегияси мавжуд эмас. Ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича вазифалар кўплаб давлат идоралари ўртасида бўлинган, аммо уларнинг ўзаро мулоқоти яхши йўлга қўйилмагани боис, масалага комплекс ёндашиш, самарали сиёсат юритишнинг имкони йўқ.
Ижтимоий ҳимоя учун ажратилаёган маблағлар самарадорлиги мониторинг қилинмайди», – деди ЮНИСЕФ расмийси ўз нутқида.
Маълумот учун, бир йил олдин Ўзбекистонда 2030 йилгача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш стратегияси ишлаб чиқилиши маълум қилинган эди. Бу борадаги президент топшириғи ижро этилганича йўқ.
Айни пайтда, мамлакатда энг камбағал уй хўжаликларининг 52 фоизи ижтимоий ҳимоянинг миллий тизими томонидан ҳеч қандай ёрдам билан қамраб олинмаган.
Шу йил бошида аҳолининг ижтимоий ҳимоясига масъул давлат органи тузиш таклифи яна янграган эди. Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Алишер Иноқов айтгандики, Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий муҳофазаси масалалари бир қанча вазирлик, идоралар орасида тарқалиб кетган.
Иноқов соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органини ташкил этиш ишларини якунига етказишни таклиф этганди.
Мавзуга оид
12:19
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
14:33 / 07.11.2024
ЮНИСЕФ: Ғазода икки кун ичида 50 дан ортиқ бола ҳалок бўлди
17:32 / 26.10.2024
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади
17:57 / 12.10.2024