Жаҳон | 18:18 / 17.09.2025
11599
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Green Card лотереясида иштирок этиш учун 1 доллар тўлов жорий қилди

Янги тўловни жорий этишдан мақсад - лотереяни ташкил этиш харажатларини фақат танланган иштирокчилар ўртасида эмас, балки барча аризачилар ўртасида адолатлироқ тақсимлаш экани таъкидланмоқда.

Фото: Getty images

2025 йил 16 сентябрдан бошлаб, Green Card (Diversity Visa, DV) лотереясининг барча иштирокчилари рўйхатдан ўтиш учун 1 АҚШ доллари тўлаши шарт. Бу ҳақда АҚШ Федерал реестрида маълум қилинди.

Янгилик лотереяда иштирок этиш учун ариза берилган пайтда ундириладиган қўшимча йиғим ҳисобланади. Илгари иштирок этиш бепул эди. Аммо фақат ғолиб бўлганлар ва виза ҳужжатларини топширганлар $330 тўлаган.

Янги тўловни жорий этишдан мақсад - лотереяни ташкил этиш харажатларини фақат танланган иштирокчилар ўртасида эмас, балки барча аризачилар ўртасида адолатлироқ тақсимлаш экани таъкидланмоқда. Хусусан, маблағлар маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш, ғолибларни автоматик танлаш ва дастурнинг техник инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўйича йиллик харажатларни қоплайди. Шу билан бирга, виза аризасини кўриб чиқиш учун асосий йиғим миқдори ($330) ўзгармай қолди.

Рўйхатдан ўтказиш йиғимини ундириш сохта аризалар ва дастурни суиистеъмол қилиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган. Рўйхатдан ўтиш бадали тўлови иштирок этиш натижаларидан қатъи назар қайтарилмайди ва келгуси лотереяларга ўтказилмайди.

Green Card - АҚШда 1990 йилдан бери чет элликларга ҳар йили тасодифий равишда 50 мингта яшаш гувоҳномаси тарқатиладиган дастур (Марказий Америка мамлакатлари учун ҳар йили яна беш минг тур ажратилади).

2025 йил май ойида эълон қилинган лотерея натижаларига кўра, Ўзбекистон саралаб олинган ғолиблар бўйича мамлакатлар рўйхатида етакчилик қилди - 5564 киши. Бу кўрсаткич Жазоир (5526) ва Россия (5519) каби энг яқин рақобатчилардан юқори бўлди.

Марказий Осиёда Ўзбекистондан кейин ғолиблар сони бўйича қуйидаги кўрсаткичлар қайд этилган: Қирғизистон - 3095 киши, Тожикистон - 2982, Туркманистон - 2010 ва Қозоғистон - 2004. Умуман олганда, DV-2025 лотереясида бутун дунё бўйлаб 131 мингга яқин иштирокчи танлаб олинди, бериладиган визалар сони эса 55 минг билан чекланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид