Ўзбекистон | 18:55 / 15.05.2026
2626
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда нотўғри «парковка» қилинган автомобиллар жарима майдонига олиб кетилади

Шаҳар бўйлаб пиёдалар йўлакларида, ўтиш жойлари яқинида, бекатларда, яшил ҳудудларда, тўхташ ёки тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда автомобиллар қолдириб кетилиши кўп кузатиляпти. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази энди қатъий чораларга ўтилишини эълон қилди: бундай машиналар эвакуаторда жарима майдончасига олиб кетилади.

Фото: Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази

Тошкент шаҳрида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган автомобилларни жарима майдонига олиб кетиш бошланади, дея хабар берди Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази. 

Тартибли шаҳарни яратиш ишларининг кейинги босқичида нотўғри жойда қолдирилган автомобилларга нисбатан қатъийроқ чора кўриш режалаштириляпти.

«Пойтахтнинг турли туманларида автомобилларнинг пиёдалар йўлакларида, ўтиш жойлари яқинида, бекатларда, яшил ҳудудларда, тўхташ ёки тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда қолдирилиши мунтазам кузатилмоқда. Бу эса одамларнинг хавфсиз ва эркин ҳаракатланишига, жамоат транспорти ҳамда махсус техника қатновига тўсқинлик қилади. Айниқса, бундай вазиятлар кексалар, болалар аравачасидаги ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар учун қийинчилик туғдиради», дейилади марказ хабарида.

Шаҳарда бундай қоидабузарликларга нисбатан янада қатъий чоралар кўриш амалиётига ўтилади. Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳолда қолдирилган автомобиллар белгиланган тартибда эвакуация қилиниб, махсус жарима майдончаларига жойлаштирилади.

Марказ бундан мақсад кўчаларда тартибни ўрнатиш, ҳаракат хавфсизлигини, жамоат жойлари аҳоли учун очиқ ва хавфсиз бўлишини таъминлаш эканини қайд этган.

«Тўхташ ва тўхтаб туриш учун жой танлаётганда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилинг ҳамда автомобилларни тақиқланган, пиёдалар, жамоат транспорти, махсус техника ҳаракатига халақит берадиган ёки хавфсизликка таҳдид соладиган жойларда қолдирманг», дейилади марказ хабарида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид