Бош вазир ўринбосари билан суҳбат: Танзила Норбоева раҳбар аёллар, хотин-қизлар бандлиги, уй-жой масаласи ва танқидга муносабати ҳақида
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда гендер тенглик тушунчаси оммалашмоқда, аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишмоқда, раҳбарлик лавозимларига аёллар номзодларини илгари суришга катта эътибор қаратилмоқда, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шу муносабат билан Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева билан суҳбатлашиб, ўтган даврда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилди ва яқин келажакдаги режалар билан танишди.
- Суҳбатимизни "Гендер тенглик ўзи нима?" деган саволдан бошласак, зеро бу тушунча баъзилар томонидан бироз нотўғри қабул қилинаётгандек.
- Жуда долзарб масалани кўтардингиз. Ҳақиқатан ҳам хотин-қизлар ва оила масалалалари Ўзбекистонда юксак даражага кўтарилди. Гендер тенглик тушунчаси бизнинг мамлакатимизга эндигина кириб келяпти десак, тўғри бўлади. Умуман олганда, гендер тенглик тушунчаси бутун дунёда яхши маълум: БМТнинг барча ҳужжатларида, жумладан хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда бу тушунчага жуда яхши таъриф берилган. Лекин бизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ёки таълим олиш, меҳнат ҳуқуқи, шунингдек кафолатлар ва имкониятлар ҳақида гапирилса-да, гендер сўзига эътибор берилмас эди. Айтганингиздек, гендер тенглик деганда баъзи одамларимиз орасида нотўғри тушунча ҳам бор: нима учундир гендер тенглик деганда аёлларнинг юқори лавозимларга чиқиш, ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилиши тушунилади. Бундай эмас. Гендер тенглик деганда эркаклар ва аёлларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши тушунилади. На қонунчилигимизда, на амалиётда аёлларни камситувчи нормалар йўқ, лекин бу алоҳида бир масала сифатида қонун доирасида кўриб чиқилмаган эди. Ҳозирги кунда шу мазмундаги қонунни ишлаб чиқишга доир ишлар олиб борилмоқда.
- Ўтган йили Ўзбекистон бўйлаб ҳаётий оғир вазиятда қолган аёлларга ижтимоий мослашув марказлари (шелтерлар) орқали кўмак бериш фаолияти йўлга қўйилди. Айтинг-чи, бугунга қадар уларга қанча аёл шелтерларга мурожаат қилди ва, умуман, бу йўналишдаги ишлар қандай кечмоқда?
- Халқ билан мулоқот доирасида биз жуда ҳам кўп аёлларимизнинг ичида дарди борлиги, уни ҳеч кимга айта олмаслигига гувоҳ бўлдик. Аёл қандайдир масалада қийинчиликка учраб, меҳнат жамоасида, оиласида ёки кўча-кўйда ўз дарди билан бўлиша олмайди, унда кимдандир ёрдам олиш кўникмаси йўқ. 2017-2018 йиллар давомида шу масалаларни ўрганиш натижасида ижтимоий мослашув ва реабилитация марказларини ташкил қилиш таклифи билан чиқдик ва Президент қарорига кўра, шундай марказлар барча вилоят ва туманларда ташкил этилмоқда.
Бугунги кунга қадар мана шундай марказлар сони республика бўйлаб 160 тага етди. Яқин кунларда Республика реабилитация ва мослаштириш марказини ҳам ишга туширишни режалаштиряпмиз. Республика маркази жойлардаги, ҳар бир ҳудудда ташкил этилган марказларга методик-амалий ёрдам кўрсатади, яъни зарурат туғилганда аёлларимизга қандай психологик, тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласида кўмак беради. Марказлар ҳақида эълон қилинганида бир томондан "бизнинг аёллар уялиб, мурожаат қилмаслиги мумкин" деган ҳадик ҳам бор эди, лекин адашган эканмиз. Шелтерлар очилганига ҳали бир йил бўлмаган бўлса-да, уларга жуда ҳам кўп аёллар мурожаат қилди. 2018 йилнинг ўзида Ижтимоий мослашув ва реабилитация марказларига 7000 дан зиёд аёл мурожаат қилди. Жорий йилда эса, ўтган 4 ой ичида 4 120 нафар аёлга ёрдам кўрсатилди. Аёлларнинг марказларга мурожаати сабаблари турлича:
Уй-жойга муҳтожлик. Ўтган йилни оладиган бўлсак, 1500 аёл бошланғич тўловни (25 фоиз) давлат томонидан тўлаб берилиши эвазига имтиёзли уй-жой билан таъминланди. Бу йил ҳам 1600 нафар аёлга мана шундай имтиёзли уйлар бериш кўзда тутилган.
Оилавий келишмовчиликлар. Қайнона-келин ёки эр-хотин муносабатларидаги муаммолар. Ҳозирга қадар марказга келишмовчилик натижасида мурожаат қилган 589 нафар аёлни тиббий ёрдам кўрсатишга йўналтирдик, 1107 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, 1000 дан ортиқ аёлга психологик ёрдам кўрсатдик. Барча ривожланган давлатларда ҳар бир оиланинг ўз психологи, ҳуқуқшуноси бўлади. Шуларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистондаги таълим тизими ислоҳ қилиниб, ОТМларда психолог йўналишида таълим олиш учун квоталар сони оширилмоқда.
Иш билан таъминлаш. Марказларимиз бугунга келиб аёллар бандлигини таъминлашга доир маслаҳатлар билан ҳам бўлишишмоқда. Шелтерларда касбга ўргатиш хоналари ҳам ташкил этилмоқда. Иш топа олмай қийналиб юрган хотин-қизлар уларга мурожаат этиб, касб-ҳунарли бўлишмоқда. Ижтимоий мослашув марказлари фаолияти жаҳон стандартларига мувофиқ келиши учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
- Бугунги кунда хотин-қизларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш йўлида Меҳнат вазирлиги ёки бошқа ташкилотлар билан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Масалан, эшитишимча, фарзанд тарбияси билан банд аёлларнинг ишлаш кўникмасини тиклаш мақсадида махсус курслар ташкил этилаётган экан.
- Бизда хотин-қизларимизнинг кўпчилиги меҳнат биржаларига бориб, ҳисобга турмайди. Бўш иш ўринларига ярмаркалар эълон қилинса, боришмайди. У ерга кўпроқ йигитлар, эркаклар боради. Ўзбек аёлларида уятчанлик бор. Шунинг учун уйма-уй юриш тизими йўлга қўйилди, яъни маҳаллаларга бизга бириктирилган ва аёллар билан ишловчи мутахассислар жорий қилинди. Улар билан биргаликда жуда кўп ишсиз аёлларни аниқладик. Ишсиз деганда аслида ишлаш хоҳиши бўлган, лекин баъзи сабабларга кўра ишламаётган аёллар тушунилади. Мана шундай аёлларнинг рўйхати тузилди (Баъзи аёллар уйда ўтирса ҳам, ишлашни хоҳламайди, улар ишсизлар тоифасига кирмайди). Бандлик вазирлиги берган рақамлар билан уйма-уй юриш орқали аниқланган рақамлар ўртасида жуда катта тафовут бор, яъни бизда рақамлар 3-4 баравар кўпроқ чиқмоқда. Биз ўзимиз аниқлаган аёлларни иш билан таъминлаш устида ишлаймиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда жуда кўп корхона ва муассасалар очилмоқда. Шу жойларга биз биринчи навбатда хотин-қизларимизни тавсия қиляпмиз. Илгари ҳатто "аёллар ишлаши мумкин бўлмаган касблар рўйхати" ҳам бўларди, 7 мартдаги қарор билан бундай рўйхатлар бекор қилинди. Таъкидлаш жоизки, аёл бугун қайси касбда ишлашни хоҳласа, шу касбда бемалол ишлаши мумкин. Бу ҳам тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш сари қўйилган бир қадамдир. Халқаро меҳнат ташкилотининг талаби ҳам шу эди, аслида.
Ҳар йили 300 мингдан зиёд аёл иш билан таъминланиши режалаштирилмоқда.
Олий таълим муассасаларида таълим олган қизларимиз турмушга чиқиб, кетма-кет фарзандли бўлиш даврида ўз билим ва кўникмаларини йўқотиб қўйишлари мумкин. Янги қарорга мувофиқ, буларга ҳам имконият берилдики, хотин-қизлар қўмиталари кўмагида ҳар бир ҳудудда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш марказлари ташкил қилинди. Маҳаллий ҳокимликлар бунинг учун алоҳида бинолар ажратиб беришди. Шу йилдан бошлаб аёлларни касбга ўқитишни бошлаймиз. Ўқув жараёнлари қисқа муддатли бўлади, бир ҳафта-ўн кун ичида уларга ҳатто ҳужжатларни тайёрлаш, бизнес режаларини тузиш ўргатилади. Банклар бизнинг тавсиямиз асосида уларга кам фоизли қисқа муддатли кредит беряпти. Шу каби ҳаракатлар орқали биз аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга эришамиз. Бу - янгилик ва ҳеч бир мамлакатда бундай тизим йўқ. Хотин-қизларнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳам шу аёллар бандлигини таъминлашдир, чунки кўп муаммолар иқтисодий етишмовчиликлардан келиб чиқади.
- Ижтимоий тармоқлардаги саҳифангизда қолдирган постларингиздан бирида аёлларнинг раҳбар лавозимларида ишлашлари учун яратилаётган имкониятлар ва бу масалага қаратилаётган эътибор ҳақида ёзгансиз. Бу жараён қандай амалга оширилади, бу бўйича янгича тизим яратиладими? Ўзбекистон раҳбар аёллар бўйича қандай позицияни эгалламоқда?
- Ўзбекистонда аслида аёллар ва эркаклар орасида раҳбарликка тенг қаралади, бу қонунда ҳам белгиланган. Лекин амалиётда шуни кўряпмизки, аёллар кўпроқ ижтимоий соҳада раҳбарлик лавозимларида ишлашади. Бугунги кунда республикамизда 1405 нафар раҳбар аёл фаолият кўрсатади.
Ҳозирги кунда аёллардан Ўзбекистонда 1 нафар бош вазир ўринбосари, 1 нафар вазир ва 3 нафар вазир ўринбосарлари фаолият кўрсатмоқда. Бу жуда кам. Жамоат ташкилотлари раҳбарлари орасида эса аёллар сони талайгина, бироқ умумий ҳисобда кўрсаткичлар барибир кам.
Ўзи мамлакатимизда 17 миллион аёл бўлса, уларнинг ярмини болалар деб чиқариб ташлайдиган бўлсак, шунча миллион аёлдан бор-йўғи 1405 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида ишлайди. Уларнинг ҳам 82 фоизи - тиббиёт соҳасида, 72 фоизи - фан, таълим ва маданият соҳасида, 45 фоизи - қишлоқ хўжалик соҳасида банд. Бу раҳбар аёллар улушининг жуда камлигидан далолат беради. Шу боис 7 март куни давлат раҳбарининг аёлларга йўллаган табрикларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди ва парламентда, маҳаллий кенгашларда, умуман, раҳбарлик лавозимларида аёлларнинг улушини кўпайтириш бўйича катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Биз бу ишларни 2018 йилда вазиятни таҳлил қилишдан бошладик ва у кўнгилдагидек эмас, албатта. Аёллар ўртасида сўровлар ўтказганимизда уларнинг кўпида хоҳиш-истак борлигига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун биринчи навбатда сиёсий партиялар билан сайловларда аёлларнинг фаол иштирокини таъминлашга доир меморандум имзоладик. Куни кеча Марказий сайлов комиссияси билан ҳам битимга эришдик. Қонунда ўзи белгилаб қўйилган: депутатликка номзод кўрсатишда аёллар улуши 30 фоиздан кам бўлмаслиги керак, лекин 30 фоиз бўлиши керак дейилмаган. Шунинг учун биз ҳозир сиёсий партияларга номзод аёллар улуши 50 фоиздан кам бўлмаслиги керак деган тавсияни беряпмиз. Ҳар бир ҳудудни ўрганиб, раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантирдик, уларнинг сони 6000 дан ошди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари орқали хотин-қизларга турли мавзуларда таълим беряпмиз. Салоҳиятли аёлларга ижтимоий-иқтисодий кўникмалар, нотиқлик санъати, кийиниш ва муомала маданияти бўйича ҳам ўқитиш ишларини амалга оширяпмиз.
- Ногиронлиги бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир ишлар қандай кечмоқда, уларга қандай имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда?
- Ногиронлиги бўлган инсонларни жамиятга мослаштириш масаласи ҳеч қачон ҳозиргидек давлат сиёсати даражасига кўтарилмаган. Сўнгги икки йилда уларга бўлган эътиборнинг юқори босқичга чиққанига гувоҳ бўляпмиз. Илгари бундай кишиларга фақат пенсия таъминоти ёки тиббий ёрдам жиҳатидан ёндошиларди, лекин уларга жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қаралмас эди. Мана эътибор бўлди ва улар биринчи навбатда уй-жойли бўлмоқда, уй-жой беришда энг аввало ногиронлиги бўлган кишиларга эътибор қаратилмоқда, имтиёзлар биринчи навбатда шуларга берилмоқда. Ногиронлиги бўлган аёлларимизни иш билан таъминлашга жиддий қаралмас эди, яъни ишлаш истагидаги аёллар бўлган, лекин уларга кўмак берилмаган, тан олиб айтишимиз керакки, бундай ишларни қилмаганмиз. Икки йилдан бери эса шундай тизим йўлга қўйилди ва одамларимизнинг кўзидаги қувончни кўриб, ўзимиз ҳам хурсанд бўляпмиз. 250 та янги цех очилган бўлса, уларга ишга олишда ҳам дастлаб ногиронлиги бўлган опа-сингилларимиз жалб қилинмоқда. Бизда ҳозир ҳаммасининг маҳаллабай рўйхати бор. Албатта, баъзи ногиронлиги бўлган опа-сингилларимиз "бизга келмади-ку шу ёрдам" деб айтиши мумкин, бу табиий, зеро бирданига барчага ёрдам бериб бўлмайди, ҳамманинг муаммосини ёппасига ҳал қилиш имкони йўқ, бунинг учун жуда катта маблағлар ва инсоний ресурслар талаб қилинади. 3-4 йил ичида ҳаммага етиб борамиз, уларнинг бари уй-жой, иш, тиббий ёрдам билан таъминланади. Фақат бу ишлар босқичма-босқич, режа асосида амалга оширилмоқда.
- 2018 йилда Хотин-қизлар қўмитасига давлат томонидан қанча маблағ ажратилди ва улар нималарга сарфланди? Рақамлар билан келтириб ўтсангиз.
- Илгари Хотин-қизлар қўмитаси тизимида жуда кам сонли ходимлар ишлаган. Масалан, республика миқёсида - 18 нафар, вилоятда - 3 ва туманларда 2 нафардан ходим ишлаган. Уларга фақат ойлик маошлари ва канцелярия маҳсулотлари етказиб берилган, холос. Ўтган йили 2 февралдаги фармонда биринчи навбатда Хотин-қизлар қўмитаси қошида Фонд ташкил қилиш ва унга давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бу сумманинг 60 фоизи Хотин-қизлар қўмитасига бўлса, 40 фоизи - "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказига йўналтирилди. Бу марказ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил қилинган, улар оилавий муаммоларни илмий жиҳатдан ўрганиб, барча давлат ва нодавлат ташкилотларига амалий тавсиялар беради. Шундай қилиб, 300 миллиарднинг 180 миллиарди - қўмита ҳисобида, 120 миллиарди - марказ ҳисобига йўналтирилган. "180 миллиардини қаерга йўналтирасиз?" деган саволингизга жавобим шуки, 100 миллиард сўмга яқин маблағ юқорида айтиб ўтилган уй-жойларнинг дастлабки бадалларига сарфланади. 100 миллиард сўм маблағ Халқ банки орқали аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, аёлларни реабилитация воситалари билан таъминлаш, улар иштирокида тадбирлар ўтказиш, моддий ёрдам кўрсатиш ва иқтидорли аёлларимизни қўллаб-қувватлашга ҳам маблағлар йўналтирилди.
- Kun.uz'га уй-жой масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Шу боис ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл уй-жой масаласида энг аввало қаерга мурожаат қилиши керак? Жараён тартиби ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
- Хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари уйма-уй юриб, турар-жойга эҳтиёжи бор аёлларни аниқлашади ёки бундай аёлларнинг ўзлари маҳаллага чиқиб, уй-жойга бўлган эҳтиёжлари тўғрисида маълум қилишлари керак. Туман ҳокимликларида уй-жой бўйича махсус комиссия тузилган, комиссия турли идоралар вакилларидан иборат. Шу ерга ариза билан мурожаат қилинади. Бу масала бўйича турли қарорлар бор ва комиссия мурожаатчининг айнан қайси бирига тўғри келишини аниқлаб беради. Комиссия мурожаат қилган шахснинг уйига бориб, уй ва меҳнат шароитлари билан танишади, шундан келиб чиқиб хулоса берилади. Тўғри келган тақдирда, дастлабки бадал, яъни 25 фоиз тўлаб берилади, қолган қисми эса 20 йил давомида тўлаб борилади. Мурожаат қилиш истагида бўлган аёллар туман ва шаҳар комиссияларига бориб, тегишли ҳужжатларни тақдим қилишса, тезкорлик билан жавоб олишади.
- Комиссия хулосасидан норози бўлган фуқаролар қаерга мурожаат қилиши керак?
- Улар юқорироқ ташкилотга мурожаат қилишлари мумкин. Масалан, агар тумандаги хулосадан норози бўлишса, вилоят комиссияси ёки ҳокимлигига мурожаат қилишлари мумкин. У ердан ҳам норози бўлишса, ҳуқуқшуносга мурожаат қилиш керак, эркин ҳуқуқшунослар уларнинг аризаси тўғри инкор қилинганми ёки нотўғри, айтиб беришади.
- Аёлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик кўрсаткичлари қандай, бу борада ижобий ўзгаришлар борми?
- 2018 йил кўрсаткичларига қарайдиган бўлсак, бир йилнинг ўзида хотин-қизлар орасидаги жиноятчиликнинг 36,7 фоизга камайишига эришилди. Жорий йилда, апрель ойи ҳолатига кўра, аёллар орасидаги жиноятчилик 32 фоиздан кўпроққа камайди.
- Танқидга бўлган муносабатингиз қандай? Масалан, гендер тенглик ёки хотин-қизлар ташаббуслари ҳақидаги янгиликларни ҳамма ҳам бирдек қабул қила олмайди...
- Умуман олганда, танқидга муносабатим жуда ҳам ижобий. Ўзим ижтимоий тармоқларни яхши кузатиб бораман ва ўзимга хулоса чиқариш учун одамларнинг у ёки бу вазиятга бўлган муносабатларини ўқийман. Масалан, бизнинг мавзуларда – у қандайдир янгилик бўладими ёки бирор тадбирми – одамларда уларга катта қизиқишни кўраман. Тизимимиздаги жуда кўп ислоҳотлар мана шу танқидлар асосида ташкил қилинмоқда десам, муболаға бўлмайди. Зеро одамларнинг танқидидан ўзига яраша дарс оламиз. Шу танқидлардан қайси муаммолар устида ишлашимиз кераклиги тўғрисида аниқ йўналишлар белгилаб оламиз. Танқидлар конструктив ва ўринли бўлса, уларни ҳақиқатда иш режамизга киритамиз. Шу билан бирга, баъзан шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, шахсиятга тегиб кетиш, ишга тааллуқли бўлмаган танқидлар ҳам бўлади. Масалан, мени ёки ходимларимизнинг шахсиятига тегиб кетадиган танқидлар ҳам бўлади. Буни ҳам тўғри тушунишга ҳаракат қиламан, балки улар кимлардир орқали биздан хафа бўлгандир. Шунинг учун ҳеч қачон одамлардан хафа бўлмайман, тўғри хулоса қиламан. Масалан, мен ижтимоий тармоқдаги саҳифамда зўравонликдан жабрланган аёллар учун “1146” телефон рақами жорий қилиниши ҳақида эълон қўйганимда жуда кўп эркаклар бунга қаршилик билдиришди. “Нима учун аёллар энди дардини телефон орқали айтиши керак экан?”, “Бундай эркинлик нима учун керак?” қабилидаги изоҳлар бўлди. Раҳбар аёллар сонини кўпайтиришга оид янгилик ҳам аксарият эркаклар томонидан ижобий қабул қилинмади.
Таъкидлаш жоизки, бу янгиликлар ортида эркакларни ортда қолдириб, аёлларнинг олдинга чиқиб кетиши ёки эркакларга қандайдир жазо бериш кўзда тутилмаган, асло. Қийин вазиятда қолган аёлларга ёрдам бериш мақсадида шундай янгиликларни жорий қиляпмиз. Буни тўғри тушуниш керак. Шу боис баъзан бундай изоҳ қолдираётганларга шахсан ўзим жавоб ҳам қайтараман ёки қабулимга таклиф қиламан. Қабулда гаплашиб, дўстлашиб, ҳаттоки ўзимизнинг жамоамизга аъзо ҳам қилиб оламиз. Бугунги кунда мана шундай танқидчи инсонларимиз бизга яқиндан ёрдам бериб келишмоқда. Шу инсонларнинг сафимизга кирганлигидан хурсандман. Улар бизга у ёки бу ҳолатлар бўйича хабар бериб туришади. Шу хабардар асосида ўрганишлар, амалий ёрдамлар ташкил қиламиз. Кўп масалалар бизнинг эътиборимиздан четда қолиб кетиши мумкин, чунки биз ҳамма нарсага диққат қила олмаслигимиз мумкин, шундай инсонлар камчиликларимизни кўрсатиб туришса, фақат хурсанд бўламиз. Шундай экан, танқидни ижобий қабул қилиб, ўзимиз учун сабоқ сифатида қараймиз.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Маълумот учун: Ўқувчилардан йўлланган барча мурожаатлар Хотин-қизлар қўмитасига топширилди, улар жойларда ўрганилиб, жавоблар мақолалар орқали тақдим этиб борилади.
Мавзуга оид
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024
Танзила Норбоева МДҲ Парламентлараро ассамблеяси делегациясини қабул қилди
15:55 / 24.10.2024