Жаҳон | 15:56 / 02.12.2025
3839
7 дақиқада ўқилади

«Муддати» тугаётган Мадуро, Покровск эгалланганини айтган рус қўмондонлари ва Хитойга келаётган Макрон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Мадуронинг «муддати» тугамоқда

Венесуэла президенти Николас Мадурода – АҚШ кафолати остида ўз мамлакатини хавфсиз йўлак орқали тарк этиш ва истеъфога чиқиш имкониятлари тугаб бормоқда. Бу ҳақда мазкур масала бўйича маълумотга эга Reutersʼнинг тўрт манбаси маълум қилган.

Бу масала ўтган ойда Трамп ва Венесуэла етакчисининг қисқа телефон суҳбати чоғида кўтарилган.

Манбаларнинг маълум қилишича, Мадуро суҳбат давомида Венесуэлани тарк этишга тайёрлигини билдирган. Бироқ бунинг учун ўзи ва оиласи тўлиқ ҳуқуқий амнистия олиши кераклигини, шу жумладан, барча АҚШ санкцияларини бекор қилиш ва Халқаро жиноий судда унга қарши олиб борилаётган асосий ишни ёпиш лозимлигини айтган.

У АҚШ томонидан Венесуэла ҳукуматининг 100 дан ортиқ амалдорларига қўйилган санкцияларни бекор қилишни ҳам сўраган. Шунингдек, Мадуро муваққат ҳукуматни вице-президент Делси Родригес бошқариши ва шундан кейин янги сайловлар ўтказилишини таклиф қилган.

Трамп эса 15 дақиқадан кам давом этган суҳбатда Мадуро сўровларининг аксарини рад этган. Бироқ унга мамлакатни оиласи билан бирга тарк этиши учун бир ҳафталик муддат берган.

Манбалар хабарига кўра, 28 ноябр — жума куни муддат тугаган. Шундан сўнг Трамп шанба куни Венесуэла ҳаво ҳудуди ёпилгани ҳақида эълон қилди.

Мадуро ҳали хавфсиз йўлак шартлари бўйича янги таклиф бериши мумкинми — ноаниқ. АҚШ расмийсининг хабар беришича, Трамп душанба куни масалани муҳокама қилиш учун энг юқори маслаҳатчилари билан учрашув ўтказган. Мадуро маъмурияти эса Трамп билан яна бир телефон суҳбатини ўтказишни сўрамоқда.

Россия Покровск эгалланганини билдирди

Душанба куни Россия армиясининг ҳарбий қўмондонлари — қўшинларнинг фронт чизиғидаги силжишлари ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Россия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов номаълум ҳарбий қўмондонлик пунктида Путинга – рус қўшинлари Покровскни эгаллагани ҳақида ҳисобот берган. Россия президенти бу хабарни “катта муваффақиятларга замин яратадиган ютуқлар” сифатида олқишлади.

Чунки Донецк бўйлаб Россиянинг Ғарбга силжишида Покровск муҳим нишон ҳисобланади. Рус қўшинлари томонидан бу логистика марказига ойлардан буён ҳужумлар амалга оширилаётган эди.

Шунингдек, Герасимов Россия қўшинлари бутун Донбассни — яъни Донецк ва Луҳанск вилоятларидан иборат саноат минтақасини тўлиқ эгаллаш тарафдори эканини маълум қилди.

Россия чегарасига яқин Харкив вилоятидаги Вовчанск шаҳрида ҳам узоқ вақт давомида шиддатли жанглар бўлмоқда. Reuters’га кўра, Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов шаҳарнинг қўлга киритилгани билан ҳарбийларни табриклаган.

Украина расмийлари ҳозирча бу иккала ҳудуднинг Россия қўлига ўтгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқламади.

Мазкур эълон Украина президенти Володимир Зеленский Парижда музокаралар олиб бораётган вақтда янгради. Шу кунларда АҚШ президенти вакили Стив Уиткофф ҳам Москвада тинчлик режаси бўйича учрашувлар ўтказишга тайёрланмоқда.

Макрон Хитойга бормоқчи

Франция президенти Эммануэл Макрон бу ҳафта ўзининг тўртинчи давлат ташрифи билан Хитойга боради.

Макрон илгари Хитой билан мулоқотда Европа томонининг қатъий позициясини намойиш этишга ҳаракат қилган. Бироқ Пекинни кескин ранжитмасликка ҳам эътибор берган. Чунки Хитойнинг тобора фаол ташқи сиёсати — савдо, хавфсизлик ва дипломатик алоқаларни синовдан ўтказмоқда.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Макрон Хитой раҳбарларига — Европа Пекиндан келаётган иқтисодий ва хавфсизлик таҳдидларига жавоб қайтаришини, бироқ бу савдо уруши эмаслигини тушунтириши керак. Лекин бу осон бўлмайди.

Чунки Хитой ва Европа ўртасида савдо кескинлиги ортиб бормоқда. Айниқса АҚШ бозоридан сиқиб чиқарилган арзон Хитой маҳсулотлари – Европанинг кенг саноат тармоқларини жиддий сиқувга олган.

Шунингдек, электромобиллар бўйича Хитойнинг технологик устунлиги, ноёб ер элементларини қайта ишлашдаги монополлиги – Европа учун муҳим саноат етказиб бериш занжирларига хавф сифатида кўрилмоқда.

Британия бош вазири Кейр Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам келаси йил бошида Хитойга ташриф буюриши кутилмоқда.

Ҳонконгдаги ёнғин ва ҳибслар

Ҳонконгда ўтган ҳафта юз берган даҳшатли ёнғин бўйича «эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш» гумони билан 13 киши ҳибсга олинди.

Фавқулодда хизматлар турар жой мажмуасининг етти блокини текширишни давом эттирмоқда. Оролда сўнгги 75 йил ичидаги энг ҳалокатли ёнғин оқибатида қурбонлар сони 151 нафарга етди. Бу рақам ортиши кутилмоқда, чунки ҳамон 40 киши бедарак йўқолган.

Тахминан 5 минг аҳоли истиқомат қиладиган мажмуа умумий таъмирлаш ишлари остида бўлган ва бу таъмирлашлар ёнғинга сабаб сифатида кўрилмоқда. Ҳодисадан сўнг қурилиш компаниясининг хавфсизлик қоидаларини бузгани ва назоратнинг сустлиги борасидаги фикрлар жамоатчилик ғазабини кучайтирмоқда.

The Guardianʼнинг ёзишича, аҳолида “нега бирорта мансабдор жавобгарликка тортилмаяпти?” деган савол пайдо бўлган. Ҳукумат эса аксинча фикрда: петиция бошлаган икки нафар фуқаро миллий хавфсизлик полиция хизматлари томонидан ҳибсга олинган.

Бу ҳибслар Пекиннинг – «Хитойга қарши кайфият» уйғотаётган ҳар қандай ҳаракатга қарши кескин чоралар кўриш ҳақида огоҳлантиришидан кейин юз бермоқда.

Канада Евроиттифоқнинг SAFE ташаббусига қўшилди

1 декабр куни Канада Европа Иттифоқининг «Европа учун Хавфсизлик ҳаракати» (SAFE) ташаббусига қўшилиш бўйича келишувга эришди. Бу ташаббус мамлакат мудофаа компаниялари учун Европа бозорига янада кенгроқ кириш имконини беради. Бу ҳақда душанба куни Канада бош вазири Марк Карний идораси маълум қилди.

«Канаданинг ушбу дастурда иштирок этиши муҳим имконият бўшлиқларини тўлдиради: канадалик етказиб берувчилар учун бозорларга кенг йўл очади ва Европанинг мудофаа соҳасидаги инвестицияларини Канадага жалб қилади», — деди Карний.

SAFE — 2025 йил бошида эълон қилинган 150 миллиард евролик қайта қуролланиш жамғармаси ҳисобланади. У — Россия ҳужуми хавфи ва АҚШнинг ҳимояси борасидаги шубҳалар фонида тузилган бўлиб, Евроиттифоқни 2030 йилгача ўзини ҳимоя қилишга тайёрлаш ташаббусининг бир қисмидир.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид