Украинадаги урушнинг Ўзбекистонга таъсири: халқаро прогнозлар ва тавсиялар
ХВЖ, ЕТТБ, Жаҳон банки ва Fitch рейтинг агентлиги каби халқаро молия ташкилотлари 2022 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши бўйича прогнозларини кескин пасайтирди. ХВЖ миссияси Ўзбекистонга бозорларни очиш, бизнес учун тенг шароитлар яратиш, мулк ҳуқуқи ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши фаолроқ курашиш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартиришни тавсия қилди.
Украинада Россия томонидан бошланган уруш кўплаб давлатлар иқтисодиётига сезиларли салбий таъсир қилмоқда. Сўнгги ҳафталарда халқаро молия ташкилотлари хусусан Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий ўсишига оид прогнозларни сезиларли пасайтирди.
Европада тикланиш ва тараққиёт банки 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини 6 фоиздан 4 фоизга, Жаҳон банки 6 фоиздан 3,4 фоизга, Халқаро валюта жамғармаси 6 фоиздан 3-4 фоизга, Fitch рейтинг агентлиги 5,5 фоиздан 3,1 фоизга пасайтирди.
Шу йил 31 мартдан 13 апрелгача Тошкентда бўлган Рон ван Руден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон томони билан маслаҳатлашувлардан сўнг ўзининг якуний баёнотини эълон қилди.
Глобал тенденцияларнинг таъсири
Ҳисоботда ёзилишича, Ўзбекистонда пандемия даври нисбатан муваффақиятли кечган. Етарли захиралар ва олтин баҳосининг ошиши ҳукуматга пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш имконини берган. 2020 йил охирида бошланган иқтисодий тикланиш 2021 йилда ҳам давом этган ва ўсиш 7,4 фоизгача тезлашган. Глобал озиқ-овқат ва хомашё нархларининг босими инфляцияни оширган, аммо нисбатан қаттиқ пул-кредит сиёсати сабаб бу кўрсаткич 2021 йил охирига келиб 10 фоизгача пасайган.
“Пандемиянинг таъсири камайган бир пайтда Украинадаги уруш ва Россияга жорий этилган санкциялар янги ноаниқликни келтириб чиқарди ва Ўзбекистон иқтисодиётининг истиқболларига салбий таъсир кўрсатди. Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги, шунингдек, пул ўтказмалари ҳамда энергетика ва тоғ-кон саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун асосий манба ҳам ҳисобланади.
Савдодаги узилишлар, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва глобал молиявий шароитларнинг кескинлашиши мамлакат ривожланишига қўшимча тўсиқларни келтириб чиқаради. Ўзгарувчанлик ва ноаниқлик бирмунча вақт юқори бўлиб қолиши кутилмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Кутилмалар
Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши илгари прогноз қилинган 6 фоиз даражасида эмас, балки 3-4 фоизгача бўлиши мумкин.
Пул ўтказмаларининг қисқариши умумий импортнинг камайиши ва товарлар экспортидан келадиган даромадларнинг ошиши билан қисман қопланиши кутилмоқда.
ХВЖ экспертларига кўра, глобал озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кескин ўсиши туфайли Ўзбекистондаги инфляция жорий йил 12 фоизни ташкил этиши мумкин.
Прогнозлар юқори ноаниқлик билан тавсифланган ва янада пастга тушиш хавфлари устунлик қилади. Бу урушнинг кучайиши ва санкциялар режимининг қаттиқлашиши, шунингдек, вируснинг янги штаммлари пайдо бўлиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган пандемиянинг янги тўлқини билан боғлиқ. Шу сабаб Ўзбекистонда эмлаш дастурларини давом эттириш зарурлиги таъкидланган.
Бошқа асосий савдо ҳамкорлар, жумладан, Хитой, Туркия ва Қозоғистондаги ўсиш суръатларининг секинлашиши ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги ҳам Ўзбекистонга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Мамлакат расмийлари қисқа муддатда Украинадаги уруш оқибатларини юмшатишга эътибор қаратиш борасида тўғри қарор қабул қилди. Иқтисодий сиёсат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, заиф оилаларни қўллаб-қувватлаш, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган. Корхоналар трансчегаравий транзакцияларни рухсат берилмаган каналлар ёрдамида амалга ошириш орқали нисбатан тез мослаша олган кўринади. Бироқ логистика муаммолари жиддий бўлиб, кечикишларга олиб келади ва харажатларни сезиларли даражада оширади”, дейилади ХВЖ миссияси хулосаларида.
Қайд этилишича, пандемия даврида бюджет тақчиллиги ортиб, 2021 йилда ЯИМга нисбатан 6 фоизга етгани сабабли 2022 йил учун тасдиқланган бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоизгача камайтириш кўзда тутилган эди. Ҳозирги шароитда харажатларни қайта тақсимлаш ва инвестиция режаларини қайтадан кўриб чиқиш билан тақчилликни ЯИМнинг 4 фоизи атрофида ушлаб туриш мумкин.
Шу билан бирга, келгуси йилларда бюджет дефицитини ЯИМнинг 3 фоизигача чеклаш мажбурияти қўйилганини ҳисобга олсак, Ўзбекистондаги қарз инқирози хавфи пастлигича қолмоқда. Мамлакат халқаро захираларининг юқори даражада экани ва қарзларнинг узоқ муддатга олингани қарз инқирози хавфини янада камайтиради.
Ўзбекистондаги банкларнинг санкциялар остидаги рус банкларига нисбатан риск даражаси чекланган бўлса-да, савдо ва пул ўтказмаларининг қисқариши муаммоли кредитлар (NPL) ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин.
Тавсиялар
Пандемия даврида нафақа олувчилар сони 2 баробарга оширилди, манзилли ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайди. ХВЖ вакилларига кўра, бу борадаги кейинги қадам – мустаҳкам пенсия ва кекса ёшдаги камбағалликдан ҳимоя тизимининг асосларини яратиш бўлиши керак.
Пенсия тизимига тушумларни оширишга имтиёзларни бекор қилиш ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш орқали эришиш мумкин. Бу, ўз навбатида, 2023 йилда ҚҚС ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтиришга замин яратади.
Тез ўсиб бораётган ишчи кучи ва қайтиб келаётган меҳнат муҳожирлари оқимини иш билан таъминлашда хусусий секторнинг ўсиши учун шароит яратиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Янги иш ўринларини аввало кичик ва ўрта корхоналар орқали яратилишига эришиш лозим.
Халқаро валюта жамғармаси миссияси, шунингдек, қуйидаги тавсияларни илгари сурган:
- бозорларни очиш ва бизнес учун тенг имкониятлар яратиш;
- кўплаб фармон ва қарорлар чиқариш ўрнига, бозор тамойилларига асосланган мустаҳкам қонунчилик базасини ишлаб чиқиш; бизнес юритишни соддалаштириш;
- коррупцияга қарши курашиш ва суд тизими мустақиллигини таъминлаш орқали мулк ҳуқуқи ҳимояси ва қонун устуворлигини ошириш;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштиришни тезлаштириш (бу чора инвесторларга қўшимча ҳимоя бўлади); ерга эгалик қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини яратиш (бу чора фермерларга маблағ жалб этиш имконини беради);
- ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокаралар ва GSP+ доирасида сертификатлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;
- иқтисодиётда давлатнинг ролини сезиларли камайтириш, ҳозирги шароитларда қийин бўлса-да давлат корхоналарини хусусийлаштириш;
- энергетика ислоҳоти орқали рақобатга асосланган энергетика бозорини яратиш, ресурсларнинг самарали тақсимланишига эришиш.
ХВЖ мутахассисларининг таъкидлашича, келгуси йилларда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва таркибий ўзгаришларни жадаллаштириш ўсиш суръатларини ўрта муддатли истиқболда йилига 5-6 фоизлик тенденцияга қайтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон банкининг таҳлиллари
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатлари Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш даражасини 3,6 фоизгача секинлаштиради, инқирозгача бу кўрсаткич 6 фоизга баҳоланаётган эди.
Рублнинг заифлашиши ва Россия иқтисодиётининг пасайиши туфайли пул ўтказмаларининг кескин қисқариши, нефт, буғдой ва ўсимлик ёғи нархининг ошиши Ўзбекистонда аҳоли истеъмолини кескин камайтириши мумкин.
“Ўзбекистон 2022 йил давомида жаҳон бозорида олтин, мис, табиий газ каби хомашё маҳсулотлари нархларининг юқори бўлишидан фойда кўриши мумкин, аммо пул ўтказмаларининг қисқариши жорий ҳисоб тақчиллигини ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизигача ошириши мумкин. Юзага келаётган ҳисоб дефицитининг ўсиши янги давлат қарзларининг жалб этилиши ва захиралардан фойдаланиш ҳисобига молиялаштирилиши кутилмоқда”, дейилади Жаҳон банкининг ҳисоботида.
Экспертларнинг фикрига кўра, товарлар экспорти ва хусусийлаштиришдан тушган тушумларнинг ошиши пул ўтказмаларига қарам бўлган уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ ижтимоий харажатларни қоплашга ёрдам беради.
Шунингдек, 2022 йилда умумий бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизигача камайиши прогноз қилинган. Бундан ташқари, 2022−2023 йилларда мамлакатнинг давлат қарзи рекорд даражада ўсиб, ЯИМга нисбатан 42 фоизгача етиши мумкинлиги келтириб ўтилган. Мазкур кўрсаткич 2024 йил охирига келиб ЯИМга нисбатан тахминан 40 фоиз даражасида камайиши мумкин
ЕТТБ кутилмалари
Европа тикланиш ва тараққиёт банки охирги ҳисоботида Украинада кечаётган урушнинг Марказий Осиё минтақасига таъсирини баҳолаб, минтақадаги ЯИМ ўсиш суръатини аввалги 4,8 фоиз кўрсаткичлардан 3,2 фоизга пасайтирди. Хусусан, Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши прогнози 6 фоиздан 4 фоизгача, Қозоғистонда – 3,8 фоиздан 2 фоизгача, Қирғизистонда – 5 фоиздан 1 фоизгача, Тожикистонда – 6,2 фоиздан 3 фоизгача пасайган.
“Россиядан пул ўтказмалари Қирғизистонда ЯИМнинг 31 фоизини, Тожикистонда 26,7 фоиз ва Ўзбекистонда 11,4 фоизни ташкил этган ҳолда, мазкур давлатлар учун хорижий валютадаги энг муҳим даромад манбайи ҳисобланади. Россияда қурилиш соҳасида банд бўлган ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанига қайтиши натижасида меҳнат бозорларига қўшимча босим юзага келади”, дейилади ЕТТБ прогнозларида.
Аввалроқ, Fitch Ratings 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръатини 5,5 фоиздан 3,1 фоизга пасайтирганди. Ўз навбатида республиканинг суверен кредит рейтинги ББ– (барқарор) даражасида ўзгаришсиз қолдирилган.
Fitch ўз ҳисоботида мамлакатнинг хомашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражалари сустлиги, юқори инфляция даражаси ва аҳоли жон бошига ЯИМ пастлигини республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирганди.
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024