10:43 / 13.10.2022
23747

Қашқадарёлик фермер норозилик сифатида туман марказидаги банк биноси олдига чорва молларини ҳайдаб келди

Фермер 2 млрд сўмга хориждан зотдор мол олиб келганини, етарлича ер ажратилмагани учун моллари оч қолгани, масъуллар эса унинг мурожаатларига эътибор беришмаётгани учун шундай йўл тутишга мажбур бўлганини айтган.

Видеодан кадр

Ғузор туманидаги “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги раиси Ҳамза Тоштемиров чорва фермер хўжалигида ер майдони мавжуд эмаслиги ва озуқа маҳсулотлари етишмовчилиги туфайли “Халқ банки” Ғузор тумани филиали биноси олдига чорва молларини ҳайдаб борганини айтиб ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилган.

Видеомурожаатда, фермер 2 миллиард сўмга хориждан зотдор мол олиб келганини, етарлича ер ажратилмагани учун моллари оч қолгани, оқибатда чорвасини туман марказида жойлашган “Халқ банки” Ғузор тумани филиали биноси олдига ҳайдаб боришга қарор қилганини айтади.

Фермер молларини банк биноси олдига 2022 йил 3 октябр куни ҳайдаб борган. Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар ўша куннинг ўзида жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судида кўрилиб, унинг қарорига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан БҲМнинг 2 баравари миқдорида (600 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.

Ҳолат юзасидан Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди. Унда айтилишича, “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги томонидан 2020 йил 28 май куни АТ “Халқ банки” Ғузор филиалидан ажратилган 1 млрд 877 млн сўм миқдордаги кредит маблағи асосида Германиядан 67 бош Абердин Ангус зотли қорамоллари олиб келинган.

Кредитни ажратишда банк томонидан фермер хўжалигида чорва моллари учун озуқа маҳсулотлари етиштириш учун ер майдонлари етарли экани эътиборга олинган.

“Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалигига 67,7 гектар, шундан 42,7 гектар суғориладиган ва 25 гектар лалми ер майдонлари қонунда белгиланган тартибда туман ҳокими қарори ва аукцион баённомалари орқали ажратиб берилган.

Ер кодексининг 46-1-моддаси 1-қисми 3-бандида чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун шартли бир бош қорамол учун суғориладиган ердан камида 30 сотих, лалми ердан 1 гектар ўлчамда ажратилиши назарда тутилган. Ушбу қонун нормаларига кўра, “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги томонидан келтирилган 67 бош чорва моллари учун жами 18 гектар ер майдони талаб этилади. Фермер хўжаликка 24,7 гектар суғориладиган ва 10 гектар лалми ер майдони меъёрдан ортиқ миқдорда ажратиб берилган.

«Бундан ташқари, фермер хўжалиги раиси Ҳ.Тоштемиров томонидан тумандаги М.Раҳмонов ҳудудидаги 189қ, 191 ва 339-сонли контурлардаги жами 43,1 гектар суғориладиган ер майдонларидан узоқ вақт ҳужжатсиз фойдаланиб келинмоқда.

Мазкур ер майдонини фермер хўжаликка ажратиб бериш ҳақидаги оғзаки мурожаатига жавобан Ҳ.Тоштемировга Президентнинг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли қарори асосида маҳаллий ҳокимликлардан ер бериш ваколати олингани, фермер фойдаланиб келаётган ушбу ер майдонларини аукцион савдолари орқали олиш тартиби тушунтирилган», дейилади муносабатда.

Муносабатда маълум қилинишича, вилоят ҳокимининг 2022 йил 5 августдаги 647-4-0-Q/22-сонли қарори асосида фермер ҳужжатсиз фойдаланиб келган 43,1 гектар суғориладиган ер майдони аукцион савдосига чиқариш учун захирага олинган. Ғузор тумани ҳокимлигининг 2022 йил 13 августдаги 1-06/312-сонли хати “Қашвилерлойиҳа” институтига юборилган ва аукционга қўйилган.

Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати фермерга доимий равишда ёрдам бериб келингани, унга бепул артезиан қудуғи қазиб берилганини, шунингдек, озуқа маҳсулотлари масаласида ёрдам сўраб қилинган мурожаатига асосан бепул беда, табиий хашак ва маккажўхори озуқа маҳсулотлари унинг хонадонига етказилганини билдирган.

Норозилик сифатида чорва молларини маъмурий биноларга ҳайдаб бориш аввал ҳам бир неча марта содир бўлган. Жумладан, 2021 йил апрел ойида Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи бир гуруҳ одамлар ўзлари фойдаланиб келган яйловнинг кластерга бериб юборилишидан норози бўлиб, 1,5 минг бош қўйни туман ҳокимлиги биноси олдига ҳайдаб борганди.

Бундан ташқари, 2021 йил июн ойида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида чўпонлар «Mubosher Laziz Azizbek fayz» МЧЖга тегишли бўлган қўйларни туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келган. Улар ҳам чорвага озуқа етиштириш учун ер ажратилмаганига норозилик тарзида шундай йўл тутишган.

Top