Жаҳон | 10:10 / 10.04.2022
45530
3 дақиқада ўқилади

Жонсон кутилмаганда Киевга келди. У Зеленский билан учрашувда Киевга янги қуроллар ваъда қилди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон олдиндан эълон қилмаган ташриф билан Киевга келди. У Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди ва Киевга қўшимча ёрдам сифатида 120 та зирҳли техникалар ва кемаларга қарши ракета тизимлари ваъда қилди.

Фото: Twitter / @UkrEmbLondon

Украинанинг Буюк Британиядаги элчихонаси икки давлат раҳбарлари суратларини эълон қилган.

Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Андрей Сибига фейсбукдаги саҳифасида Жонсоннинг ташрифи Зеленский билан яккама-якка учрашув орқали бошланганини маълум қилган. «Буюк Британия - Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашда етакчи давлат. Урушга қарши коалиция етакчиси. Россия босқинчиларига қарши санкциялар бўйича етакчи», дея ёзган Сибига.

Жума куни Жонсон Краматорскдаги вокзалга ракета зарбаси берилишига ва бунинг оқибатида шаҳардан эвакуация қилинишга тайёрланаётганлардан 52 киши ҳалок бўлишига жавобан Украинага 100 млн фунтлик қўшимча ҳарбий ёрдам юборилишини маълум қилганди. Етказиб бериладиган қуроллар орасида танкка ва ҳаво ҳужумига қарши ракета тизимлари, шунингдек, камикадзе-дронлар бор.

Даунинг-Стритдагилар Британия бош вазири «Украина халқи билан бирдамлигини намойиш этиш учун» Зеленский билан шахсан учрашаётганини айтишган. «Етакчилар «Британия бундан кейин ҳам Украинани қўллашда давом этиши» ҳақида гаплашишган, бош вазир янги молиявий ва ҳарбий ёрдам пакетларини эълон қилган», дейилади Жонсоннинг офиси хабарида.

Зеленский билан учрашган британлар бош вазири «Украина барча прогнозларни йўққа чиқарган ҳолда Россия қўшинларини Киев атрофидан чекинтириб, XXI асрнинг энг буюк ҳарбий жасоратини намойиш этгани»ни билдирган. «Президент Зеленскийнинг ишончли бошқаруви ва Украина халқининг енгиб бўлмас қаҳрамонлиги ва жасурлиги туфайли ҳозирда Путиннинг даҳшатли режалари барбод бўлмоқда», деган Жонсон.

Володимир Зеленский ва Борис Жонсон Украина президенти офиси олдидаги Банковая кўчасида

Шу кунларда Киевга Европа иттифоқи раҳбарияти ҳам ташриф буюрган, делегация таркибидан Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, ташқи дипломатия раҳбари Жозеп Боррель ва Словакия бош вазири Эдуард Гегер ўрин олганди. Улар Россия ҳарбийлари чекинишидан кейин тинч аҳоли вакиллари оммавий ўлдирилгани далиллари аниқланган Буча шаҳрида ҳам бўлиб, қурбонларни хотирлашганди.

Борис Жонсон ва Володимир Зеленский Киевдаги музокаралар чоғида

Шанба куни Австрия канцлери Карл Неҳаммер Украинага ташриф буюргани хабар қилинганди.  У Киевда Володимир Зеленский, бош вазир Денис Шмигал ва Киев мэри Виталий Кличко билан учрашувлар ўтказган. 

Мавзуга оид