Жамият | 14:20 / 28.07.2020
36428
13 дақиқада ўқилади

Бекободда ёш тадбиркор синдирилмоқда. Етимликда ўсган йигитнинг онлайн аукционда сотиб олган мулки прокурорнинг “ташаббуси” билан бузилмоқда

Ота-онасидан 6 ёшида етим қолган Ғайбулла 30 ёшга кирибди ҳамки уйланмаган. Бунга унинг шароити йўқ. “Фарзандларим мен кўрган азобларни кўрмасин, қорни тўқ ва усти бут бўлиб улғайсин”, деган яхши ниятлар билан тадбиркорлик қилишга, бунинг ортидан уч-тўрт сўм жамғариб, турмушини яхшилашга бел боғлаган. Етимликда ўсган ёш тадбиркорнинг бу орзулари давлат ваколат бериб қўйган амалдорларнинг мантиқсиз ҳаракатлари, таъбир жоиз бўлса виждонсизлиги сабаб йўққа чиқмоқда.

Фото: KUN.UZ

Олис Бекобод туманининг “Қўрғон” дея аталмиш чекка бир қишлоғи. Оддий ўзбек қишлоқларидан кўп ҳам фарқ қилмайдиган аҳоли яшаш пункти – кичик-кичик дўконлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари. Одамни ўзига тортувчи кўркам ва замонавий бинолардан холи оддийгина қишлоқ. Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони, ёш тадбиркор Ғайбулла Худойбердиев мана шу қишлоқнинг қоқ марказида замонавий типдаги савдо дўкони ва тикув фабрикасини очмоқчи эди. Бироқ...

Таҳририят билан боғланган Ғайбулла Худойбердиевнинг мурожаатини тинглар эканмиз, токи кўзимиз билан кўриб, қулоғимиз билан эшитмагунча прокуратура, суд ва ҳокимликнинг унга нисбатан бу қадар тутуриқсиз ва адолатсиз иш тутганлигига ишонгимиз келмади.

Ижодий жамоа мурожаат ортидан Бекобод туманида бўлиб, ҳокимлик, прокуратура ва суд идораларининг адолатсизлиги қурбонига айланган ёш тадбиркорнинг қандай қилиб синдирилаётганини ўрганди.

Прокуратура, суд ва ҳокимлик учбурчаги – тадбиркорнинг энг катта душмани

Ғ.Худойбердиев Бекобод туман ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 2479-сонли қарори билан МИБ қошидаги (ўша вақтдаги) “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” орқали сотувга қўйилган «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 0,02 га бўш ер майдонини очиқ аукцион савдоларида инвестиция шартлари асосида сотиб олади.  

Инвестиция мажбуриятларига кўра, ёш тадбиркор 1 йил муддат ичида жами 250 млн сўм маблағ киритиш орқали мазкур бўш ерда савдо дўкони биносини қуриш ва маҳаллий аҳоли учун 2 та доимий иш ўрни яратишни ўз зиммасига олади.

Шундан сўнг, Бекобод туман ҳокимининг 2018 йил 21 декабрдаги 2635-сонли қарори билан аукцион ғолиби Ғ. Худойбердиевга ўзи ютиб олган 0,02 га ер майдони савдо дўкони қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади.

Тадбиркор инвестиция мажбуриятларини бажариш мақсадида тегишли ташкилотларнинг розилигини олиб қурилиш ишларини бошлаб юборади.

Бироқ, орадан роппа роса бир йил ўтиб тадбиркорнинг тарвузи қўлтиғидан тушади. Туман прокурори фуқаро Икром Сувонқуловнинг (!) манфаатида маъмурий судга ариза киритиб, туман ҳокимининг 2018 йил 21 декабрдаги 2635-сонли қарори (!) ва электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги YU 1003-000005-сонли баённомани (!) ҳақиқий эмас деб топишни сўрайди.

Бекобод туман Маъмурий суд судьяси М.Қобилов ишни кўриб чиқиб, 2020 йил 29 январ куни прокурор хоҳлаганидан-да зиёдроқ қилиб (!) ҳал қилув қарори чиқарди. Судьянинг бу қарори тадбиркорнинг шикоятига асосан вилоят суди апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди ва айнан “кутилганидек” ўзгаришсиз қолдирилди.

Прокурор ким тарафда: қонунми ёки қонунсизлик?

Энди шахсан туман прокурори томонидан маъмурий судга ариза киритилишига сабаб ва асос бўлган ҳолатларга тўхталсак.

Аризадан кўринишича прокуратура шикоятни фуқаро И.Сувонқуловнинг манфаатларида киритган. Бироқ И.Сувонқуловнинг айнан қайси манфаатлари ҳимоя қилинаётганлиги кўрсатилмаган. Kun.uz ўз суриштирувлари давомида ушбу фуқаронинг айнан қандай манфаатлари ҳимоя қилинганлиги билан қизиқди.

Маълум бўлишича, Ғ.Худойбердиев бунёд этаётган бинонинг орқа томонида, тахминан 7-8 метр масофа билан И.Сувонқулов ва яна бир нечта фуқароларга тегишли бўлган бир қаватли бинолар мавжуд. Янги қурилаётган бу бино уларнинг олд томонидан кўча юзини тўсиб қўймоқда. Гарчанд аризада бу ҳақида айнан баён этилмаган бўлса-да мана шу ҳолат И.Сувонқуловнинг “манфаат”ларига путур етказмоқда, деб баҳоланган.

Масаланинг ушбу жиҳатини ўрганиш мақсадида Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Бекобод туман филиалида бўлиб, филиал раҳбари Абдуманнон Ҳошимов билан суҳбатлашдик.

Абдуманнон Ҳошимов

А.Ҳошимов Ғ.Худойбердиев онлайн аукционда сотиб олган ер устида қурилаётган бино бўйича суд материалларида айтилганидан ортиқ маълумот тақдим этмади. Бироқ, ундан суриштирувга дахлдор энг қимматли маълумотларни олишга муваффақ бўлдик. Маълум бўлишича, прокуратура манфаатларини ҳимоя қилаётган И.Сувонқуловга тегишли 30 кв/м бўлган ер майдони унга “Гулистон” қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг 2007 йил 8 сентябрдаги 44-сонли қарори билан ажратиб берилган ва ушбу қарорда уни тасдиқлаб бериш туман ҳокимдан сўралиши кўрсатилган. Бироқ, ҳужжатлар орасида ерни ажратиб бериш тўғрисида ҳоким қарори мавжуд эмас.

Ваҳоланки, 1998 йилдан буён амалда бўлиб келаётган Ер кодексининг 23-моддаси иккинчи қисмига кўра ер участкаларини ажратиб бериш туман ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

И.Сувонқуловга тегишли кадастр йиғма жилдининг қонуний эканлигига энг кўп шубҳа туғдирадиган жойи шундаки мазкур ҳужжатлар 2018 йилда расмийлаштирилган. Унда тегишли мансабдор шахсларнинг имзолари ҳам етарли эмас. И.Сувонқуловнинг турмуш ўртоғи Замира Жўраева биз билан суҳбатда бу жойга 2011 йилдан буён эгалик қилиб келаётганлигини айтгани бу шубҳаларни икки карра оширмоқда.

З.Жўраева мулкка эгаликни тасдиқловчи барча ҳужжатлар мавжудлигини ва уларни бизга электрон тарзда юбориши мумкинлигини маълум қилди. Бироқ, боғланиш учун қолдириб келган телефон рақамимизга телеграм тармоғи орқали мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар эмас, фақатгина суд қарорлари ташлаб берилди.

Замира Жўраева

И.Сувонқуловга ёндош бино эгаси Латофат Жўраевага тегишли кадастр ҳужжатларида ҳам айнан шу ҳолатни кўриш мумкин. Ўша қаторда жойлашган бошқа мулк эгаларининг ҳужжатларини кўриш имкони бўлмади. Кадастр хизмати раҳбари уларни бор ёки йўқлиги ҳақида аниқ жавоб айта олмади.

Энди ўйлаб кўрайлик: мулкка эгаликни тасдиқловчи ҳужжати шубҳали бўлган шахс қонун олдида кўпроқ манфаатлими ёки ерни давлат ўзи белгилаган шартларни тўла адо этган ҳолда қўлга киритган шахсми?

Энг оғриқли савол шундан келиб чиқмоқда: жаноб прокурор И.Сувонқуловнинг “манфаат”ини ҳимоя қилишдан аввал унинг манфаатдорлиги чегараси қаергача эканлигини нима учун текшириб кўрмаган?

Қонундан бехабар прокурор ва уни айбини ёпган суд

И.Сувонқуловнинг “манфаати” ҳақидаги гапларни бир четга суриб, судга киритилган ариза мазмунига тўхталсак.

Аризада ҳоким қарори ва аукцион баённомасини бекор қилишга биргина - Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сонли қарори билан тасдиқланган автомобиль йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш қоидалари 22-банди сабаб сифатида келтирилади.

Яъни, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) йўлларнинг тоифалари бўйича қурилиш учун ажратилган ер тасмаси чегарасидан (4 ва 5 — тоифадаги автомобиль йўлларида) 15 метр белгиланиши инобатга олиниб, Ғ. Худойбердиев аукционда ютиб олган 0,02 га ер майдонини аукционга чиқарилиши хато, деб ҳисобланган.

Прокуратура ушбу асосга таянишда бир ҳолатга умуман эътибор қаратмаган. Йўл ёқасида қурилиш қилган биргина Ғайбулла Худойбердиев эмас. Айни шу кўча бўйлаб бунёд этилган юзлаб қурилмалар, жумладан аҳоли хонадонлари, савдо дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг барчаси бир чизиқда жойлашган. Ҳатто Ғ.Худойбердиев бунёд этаётган савдо дўкони бошқаларникига нисбатан бироз ичкарида жойлашган.

Қонун барча учун баробар, деб ҳисобланса, нима учун йўлнинг муҳофаза чизиғи устига қурилган бошқа юзлаб бино-иншоотлар бузилмаслиги керак?!  

Туман прокурорининг аризасидаги яна бир жиддий хатога эътибор қаратсак. Маъмурий суддан 2018 йил 21 декабрдаги 2635-сонли қарори (!) ва электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги YU 1003-000005-сонли баённомани (!) ҳақиқий эмас деб топиш сўралган. Мана шунинг ўзи ҳам прокуратура томонидан иш тафсилотлари чуқур ўрганилмаганлигини, масалага юзаки ва бир томонлама, таъбир жоиз бўлса кўр-кўрона ёндошилганлигини кўрсатмоқда.

Сабаби, биринчидан, туман ҳокимининг ерни ажратиб бериш тўғрисида 2018 йил 21 декабрдаги 2635-сонли қарорини аукцион баённомаси кучида бўла туриб бекор қилиш “кўзланган натижа”ни бермаслиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган. Иккинчидан, аукцион баённомаси маъмурий органнинг қарори эмаслиги, у битим ҳусусиятига эга ҳужжат эканлиги, битимларнинг ҳақиқий эмаслигига оид низолар эса маъмурий судларда кўрилмаслигига ариза ташаббускорларининг билими етмаган кўринади.

Шунга қарамай, прокурорнинг “сазаси ўлмаслиги” учун қолганини маъмурий суд судьяси М.Кобиловнинг ўзи тўғрилаб юборди. Аризада таъкидланмаган ва суддан сўралмаган бўлса-да маъмурий суд ўзининг ҳал қилув қарорида туман ҳокимининг ер участкасини аукционга чиқариш тўғрисидаги 2479-сонли қарорини ҳам ҳақиқий эмас, деб топди.

Хатони қилган давлат, жабрини тортаётган эса фуқаро

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июнда қабул қилинган 493-сонли қарори (қарор 21.12.2019 йилда кучини йўқотган) билан тасдиқланган низомда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман филиали ерни хатловдан ўтказиб, ҳар бир ер участкаси бўйича рўйхатини тегишли иловалари билан шакллантириши, унда чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схемани чизиши лозим.

Бундан ташқари, кадастри корхонаси туман ҳокимлиги ва туман қурилиш бўлими ижобий қарор қабул қилган тақдирда, бўш ер участкаларини онлайн аукционга чиқаришдан олдин материалларни хулоса олиш ва келишиш учун қатор ташкилотларга юборади. Ғ.Худайбердиев иштирок этган савдодаги ер участкаси ҳам айнан ушбу босқичлардан ўтиб, сўнгра онлайн аукционга чиқарилган эди.

Низомда хулоса олиш ва келишиш лозим бўлган ташкилотлар рўйхатида прокурорнинг “қаҳри”га сабаб бўлган хулосани берган туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси келтирилмаган.  

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида электрон аукцион натижалари асосида қабул қилинган қарорлар фақат иккита ҳолатда бекор бўлиши мумкинлиги белгиланган. Булар:

- электрон аукцион ғолиблари томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этмаслик

- ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда олиб қўйилиши.

Бошқа ҳолларда ер ажратиш тўғрисида электрон аукцион натижалари асосида қабул қилинган қарорларни бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Гувоҳи бўлганингиздек, суриштирувларимизда аниқланган ҳар бир ҳолатда қонунлар ва мавжуд вазият ҳикоямиз қаҳрамони Ғайбулланинг фойдасига ишламоқда. Аммо қонунларни аниқ ва бир ҳилда бажарилишини таъминлаш учун масъул бўлган прокурор ва адолат қўрғони бўлмиш суд буларни инкор этмоқда, холос.

Прокурор маъмурий суд қабул қилган қарор ортидан фуқаролик судига ҳам даъво ариза киритди. Даъво ариза асосида ишни кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро суди тадбиркор қарийб 200 миллион сарфлаб бунёд этган бинони унинг ҳисобидан бузиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Фуқаролик судларида ҳам прокурорнинг “қўли баланд” келди - одамларни ишли қилиб, юрт равнақига ҳисса қўшаман деган тадбиркорни “тор-мор” келтирди.

“Ўзинг учун ўл етим!” Ёхуд умидлар интиҳода ўлади

Ғайбулла ҳақиқат ва адолат учун курашни ёлғиз ўзи давом эттирмоқда. Бунда унга осон бўлмаслиги аниқ, сабаби унинг қаршисида прокурор, ҳоким, судьялар ва манфаатлари мавҳум бўлган “мулкдор”лар турибди. Олдинда аризаларини Олий судда назорат тартибида кўрилишига эришишдек мураккаб жараён кутмоқда уни. Чунки унинг бунга қадар йўллаган аризаларига ишни назорат тартибида кўриб чиқишга асослар етарли эмаслиги тўғрисида жавоблар берилган.

Янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ўз чиқишларидан бирида ёшларни иш билан таъминлашдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапирган эди. Ғ.Худайбердиевнинг фаолиятига аралашув ва тўсқинлик бўлмаганида у шу вақтгача хеч бўлмаганда 4 ёки 5 нафар қишлоқ аҳолисини доимий иш билан таъминлаган, озми-кўпми даромадли қилган бўлар эди.

Kun.uz таҳририяти Ёшлар ишлари агентлиги ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ёш тадбиркорни бу машаққатли курашларда ёлғизлатиб қўймаслигига, ишни Олий судда холисона ва адолатли кўриб чиқилишида амалий ёрдам беришига умид билдириб қолади.

Дарвоқе, Бекобод туман прокуратурасининг ёш тадбиркорга нисбатан қилган ноҳақликлари ҳамда И.Сувонқулов ва бошқаларнинг ерга эгалиги қай даражада қонуний эканлиги Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилса зарар қилмасди.

Ушбу мақолага расмийлардан изоҳ кутиб қоламиз. Мавзуга яна қайтамиз.

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири
тасвирчи Мирвохид Мирраҳимов
​​​​

Мавзуга оид